ТОВЛАМАЧИ АЁЛЛАРГА ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

Ишонч, садоқат, тўғрисўзлик, қатъиятлилик каби фазилатлар бор жойда ёлғон, иккиюзламачилик ва хушомадга ўрин қолмайди. Агар бу олижаноб фазилатлар йўқолса, киши тубанлик сари юз тутади.

Афсуски, бировнинг ҳақидан қўрқ­майдиган, меҳнатга бўйни ёр бермай, нафс қўлига айланган шахслар турли жиноятларга қўл уради. Кейинги пайтларда товламачилик орқали мўмай даромад олишга қаратилган жиноятлар тез-тез содир этилмоқда.

Шу ўринда товламачилик ни­ма, деган савол туғилиши мумкин. Товламачилик — мулкий жиноятлардан бири бўлиб, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўр­­лик ишлатиш, мулкка шикаст ет­казиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сакланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳу­қуқни топшириш, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йў­­синдаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўяди.

Товламачилик жинояти таъмагирлик мотиви билан содир қилинади. Товламачиликда мулк зўр­лик ишлатилиб тортиб олинмайди, балки унинг эгаси томонидан ўз ихтиёри билан берилади. Қо­лаверса, товламачиликда жабрланувчига нисбатан қўлланиладиган дўқ-пўписа, агар жабр­ланувчи товламачининг талабини бажармаса, кейинчалик амалга оширилиши назарда тутилади. Товламачилик учун Жиноят кодексининг 165-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Мисол учун айтсак, Наманган шаҳрида яшовчи Фарида Абдиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзининг жиноий шериги Дилдора Каримова билан олдиндан жиноий тил бириктириб, 2019 йил ноябрь ойи охирларида вояга етмаган Муниса Тўраевага 2019 йил ноябрь ойи бошида бозорда сотган тилла тақинчоқ сохта чиқиб қолгани учун Наманган шаҳар ИИБ суриштирув бошлагани, бу ишни «ёпиш» учун пул кераклигини айтиб, агарда пул бермаса, уни қаматиб юбориш билан қўрқитиб, ундан онаси Малика Садировага тегишли бўлган нархи тўққиз юз минг сўмлик узук­ни товламачилик йўли билан қўлга киритган. Шундан сўнг узукни номаълум шахсга сотиб, пулини шахсий манфаатлари учун сарфлашган.

Улар шу тарзда Муниса Тўра­евадан умумий нархи етти миллион сўмлик 3 дона узук ва бир жуфт сирғани товламачилик йўли билан такроран қўлга киритишади.

Нафси ҳакалак отган жиноий шериклар кейинчалик эски «сценарий» асосида Муниса Тўраевадан яна 200 АҚШ доллари, ўн беш миллион етти юз минг сўмлик тил­ла тақинчоқларни олишга муваффақ бўлишади.

Бу ҳолатдан кечикиб хабар топган Малика Садирова ҳуқуқни му­ҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг Фарида Абдиева ва Дилдора Каримовага нисбатан Жи­ноят­ кодекснинг 165-моддаси 2-қис­ми «а» ва «в» бандлари билан­ жи­­­ноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида товламачи жи­ноят­чиларга қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди. Бундан ташқари судланувчилардан 20 миллион 669 минг сўмлик зарарни М. Садирова фойдасига ундириш белгиланди.

Хулоса ўринда таъкидлаш лозимки, ҳаётда йўл қўйилган хатолар ўз вақтида тузатилмаса, оғир оқибатларга олиб келади. Баён этилган жиноят иши тафсилотлари бунинг яққол далилидир. Зеро, Муниса Тўраева рўй берган ҳолатни ота-онасига ўз вақтида маълум қилганида товламачилар ноғорасига ўйнамаган ва оиласи ҳам моддий зарар кўрмаган бўлар эди.

 

 

Бахтиёр Таваккалов,

жиноят ишлари бўйича

Наманган шаҳар суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: