ТАЪМАГИРЛИК ҚОНУНИЙ ЖАЗОГА САБАБ БЎЛДИ

Одатда, баъзи кимсаларга бирор-бир иш ёки хатти-ҳаракатнинг ноқонуний — жиноят эканини, оқибати ташвишли якун топишини айтиб, тушунтирсангиз ҳам, токи пешонаси деворга урилмагунча, кўзи очилмайди.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси Фарғона минтақавий инспек­ция­си раҳбари лавозимида фаолият юритган 33 ёшли Бакиржон Қўзибоев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам сўнг­ги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши қатъият билан кураш олиб борилаётгани, пора олиш-бериш ёхуд бундай жараёнда воситачилик қилиш учун жазо муқаррарлигини яхши биларди. Аммо….

Гап шундаки, фуқаро Умиджон Ҳақбердиев 2020 йилнинг декабрь ойида қум-шағал қа­зиб олиш фаолияти билан шуғулланиш мақсадида лицензия олиш учун инспекция­га мурожаат қилади.

Бундай вазият­да раҳбар масаланинг қонуний ечимини мурожаат муаллифига тушунтириши, тегишли йўл-йўриқ кўрсатиши лозим эди. Бироқ Б. Қўзибоев бун­дай қил­ма­ди, аксинча, ундан ўз манфаати йў­­лида фойдаланмоқчи бўлади.

— Ҳозир лицензия электрон аукцион орқали бериляпди. Ле­кин бу сизга жуда қимматга тушади, — дея у ваҳима қилади.

— Хўш, унда нима қилишим керак? — деб сўрайди У. Ҳақ­бердиев.

— Марказий Фарғона чўлидаги қум барханларидан лицензиясиз фойдаланишингиз мумкин. Ўзим кўз-қулоқ бўлиб тураман, ҳеч ким сизни безовта қилмайди. Туман ҳокимлиги ёки Экология қўмитасидан келадиган назоратчиларни ҳам ўзим «тинчитаман», — дея гапни узоқдан олиб келади инспекция бошлиғи. Сўнг асосий мақсадга ўтади: — Бунинг учун раҳбарларни рози қилиш керак…

У ўзи айтган «имтиёз» ва «ҳимоя» эвазига 7 000 АҚШ доллари талаб қилади.

Табиийки, буни эшитиб, талабгорнинг капалаги учиб кетади:

— Илтимос, ака, сал нархини камайтиринг, — дея ялиниб-ёлворишга тушади У. Ҳақ­бердиев.

— Майли, — дейди Б. Қўзибоев, — мен улар билан гаплашиб кўрай-чи, жавобини айтаман.

Орадан икки-уч кун ўтгач, Б. Қўзибоев танишларини 6 000 АҚШ долларига кўндирганини маълум қилади. Натижада 2020 йил декабрь ойининг охирларида Олтиариқ тумани марказида «мижоз»дан 5 000 АҚШ долларини пора тариқасида олади.

— Бу иш осонликча ҳал бўл­майди. Яна пул керак бўлиши мумкин, шунга тайёр туринг, — дейди у хорижий валютани олиб, ўзининг «Каптива» русумли автомашинаси томон юраркан.

Буни қарангки, Б. Қўзибоев порани олишга олади-ю, аммо келишилган масала ора йўлда қолиб кетади. Аксинча, у яна 5 600 АҚШ доллари беришни талаб қилади.

Шунда Умиджон Б. Қўзибоевнинг сохта лицензия тайёрлаб бериш ниятида экани, бу ҳаракатлари ноқонунийлигини англаб етади.

Бинобарин, ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Тезкор ходимлар томонидан 5 600 АҚШ доллари миқдоридаги кимёвий ишлов берилган хорижий валюта тақдим этилгач, У.Ҳақбердиев таъмагир бошлиққа қўн­ғироқ қилиб, қаерга бориши кераклигини сў­райди.

— Қўқонга, ишхонамга келаверинг, — дейди Б. Қўзибоев.

Оқибатда у 2021 йил 28 июль куни инспекциянинг Қўқон шаҳрида жойлашган биноси ёнида яна 5 600 АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ушланади. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Яқинда ушбу қилмиш жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судида кўриб чиқилди. Суд Бакир Қўзибоевни Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “а”, “в” бандлари билан айбдор деб топиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳам­да 6 йил муддатга озодликдан маҳ­рум қилиш жазосини тайинлади. Лекин судланувчининг шикоятига асосан ушбу жиноят­ иши Фар­ғона вилояти судининг апелляция инс­танция­сида ҳам кўриб чиқилди.

Апелляция суди мажлисида биринчи бос­қич суди томонидан Б. Қўзибоевнинг ай­би тўғри квалификация қилиниб, қонуний жазо тайинлангани аниқланди. Шунинг учун Фар­ғона вилояти суди суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириш хусусида ажрим чиқарди.

Қинғир иш ҳамиша ташвиш келтиради. Нафс қутқусига учиб, жиноят содир этган Б. Қўзибоев бу ҳаёт ҳақиқатини ўз вақтида англаб етмади. Бу бошқалар учун ҳам сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

 

 

Ваҳобжон СИДДИҚОВ,

Фарғона вилояти

суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: