ТАШҚИ РЕКЛАМА ТАРТИБИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИДА АНИҚ БЕЛГИЛАНГАН

Маълумки, амалдаги «Реклама тўғрисида»ги қонунда «ташқи реклама» деган атама мавжуд. Ушбу қонуннинг 20-моддасига асосан алоҳида махсус конструкциялар, тахталавҳалар, экранлар, бинолар, иншоотлар, йўл чеккалари, кўча ёритгичларининг таянчлари ва ҳоказоларда жойлаштириладиган реклама ташқи реклама ҳисобланади.

Албатта, ташқи реклама объектини ўрнатиш ва жойлаштиришнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Аммо айрим жойларда бу борада қонунбузилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Фарғона шаҳрида аниқланган 8 та айни шундай масала судда кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 февралдаги 96-сонли қарорига мувофиқ барча турдаги ташқи реклама объектлари (контрукциялар) ни хатловдан ўтказиш бў­йича махсус ишчи гуруҳ тузилган.

Сўнг­ра Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бо­зори фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори талаблари асосида хатлов ўтказилган. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган «Ташқи реклама объектларини (конс­трукцияларини) қуриш учун бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 1-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят­лар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, давлат бошқарув органлари ва муассасалари, маданий ва тарихий аҳа­мият­га эга объектлар, диний муассаса ва объектлар ҳамда уларнинг ёндош ҳудудлари рекламадан холи ҳудудлар ҳисобланади. Шу боис ташқи реклама объект­ларини (конструкцияларини) рекламадан холи ҳудудлардан 50 метр ёки ундан кам бўлган масофада жойлаштиришга (қуришга) йўл қўйилмайди. Бундан ташқари ушбу Низомда ташқи рекламани ўрнатиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган. Ташқи рек­лама объект­лари (конструкциялари)ни ўрнатишда мазкур талабларга тўлиқ риоя этилса, бу борада ҳеч қандай муаммо келиб чиқмайди.

Афсуски, Фарғона шаҳрида мазкур талаблар бузилган. Хусусан, шаҳарнинг Алишер Навоий номидаги кўчасида жойлашган Фарғона вилояти ҳо­ким­лиги биноси олдидаги, паспортида амал қи­лиш муддати кўрсатилмаган таш­қи реклама объекти (конструкцияси) рекламадан хо­ли ҳудуддан 50 метр­дан кам бўлган масофада жойлаштирилган. Бун­дай қо­нунбу­зилиш ҳолатлари Ал-Фар­ғоний, Паҳлавон Маҳмуд, Додхоҳ, Кичик халқа йўли, Й. Охунбобоев кўчаларида ўрнатилган ташқи реклама объектларида ҳам аниқланган. Шу боис 2020 йил 12 июнь куни айни масалага жавобгар бўлган «Тасвирий ойна» ижодий уюшмасининг Фарғона вилояти бўлимига таш­қи реклама объектларини ўз ҳисобидан демонтаж қилиш ва мослаштириш юзасидан кўр­сатма берилган. Лекин ушбу кўр­сатма бажарилмаган. Оқи­батда Монополияга қар­ши курашиш қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси жавобгар зиммасига қайд этилган ташқи реклама объектларини ўз ҳисобидан демонтаж қи­лиш ва мослаштириш мажбуриятини юклашни сўраб, Фарғона туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритган.

Фуқаролик кодексининг 11-моддасида фуқаролик ҳуқуқ­лари ҳуқуқни тан олиш, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳо­латни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш, битимни ҳақиқий эмас, деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақи­қий эмас, деб топиш, шахснинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳи­моя қилиши, бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш, зарарни тўлаш, неустойка ундириш, маънавий зиённи қоплаш, ҳуқуқий муносабатни бекор қилиш ёки ўзгартириш, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги ва қо­нунда назарда тутилган бошқача усуллар билан ҳам ҳимоя қилинади. Ана шу қонуний асосга таянган суд даъвогарнинг талабини қаноатлантириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳар бир иш қонун талаби доирасида амалга оширилиши, ҳар бир муаммога эса, қонуний ечим топилиши шарт.

Ана шунда оворагарчилигу сарсон-саргардонликлар юзага келмайди.

 

 

Жамила АКРАМОВА,

Фарғона туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: