ТАРИХИЙ АДОЛАТ ВА ҲАҚИҚАТ ТИКЛАНДИ

Олий судда мустабид тузум даврида қатоғон қурбони бўлган ва ҳозирга қадар иши қайта кўриб чиқилмаган 120 нафар шахс оқланди

Янги йил Ўзбекистон Президенти илгари сурган «Инсон қадри учун» тамойилини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида кенг татбиқ этишга қаратилган янгиланиш ва бунёдкорлик кайфияти билан бошланди. Буни, жумладан, юртимиз суд-ҳуқуқ тизими фаолиятидаги эзгу ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Хусусан, 2022 йил 6 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида мустабид ту­зум­ даврида қатағон қурбони бўлган 120 нафар шахсга оид жиноят ишлари кўриб чиқилди ҳамда уларнинг барчаси оқланди.

Бунга қадар 2021 йил 25 август куни ҳам Олий судда кў­рилган жиноят ишлари доирасида совет даврида қатағон этилган 115 нафар шахс оқланганини таъкидлаш лозим.

Бу, аввало, собиқ шўролар тузуми даврида қатағон қи­линган ватандошларимизнинг пок номларини оқлаш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганидан далолат беради. Шунингдек, айни йўналишдаги ишларимизнинг тизимли ва бардавом эканини амалда тасдиқлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида хал­қимизнинг миллий ўзликни анг­лаш, янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида қўяётган қутлуғ қадамлари мукаррам инсон зотига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, инсон хотирасига нисбатан адолат ва ҳақиқатни қарор топтиришдек эзгу амаллар билан узвий боғлиқ бўлиб, келгусида халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари

Мамлакатимизда кейинги беш йилда Ҳаракатлар страте­гия­си ҳаётимизнинг барча соҳаларига изчил жорий этилди. Ўз­бекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўр­ганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қў­шимча чо­ра-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши ҳам ана шу дас­турулмал ҳужжатнинг мевасидир.

Фармойишга мувофиқ, қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бў­йича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилди. Иш­чи гуруҳнинг таркиби тасдиқланиб, асосий вазифалари белгилаб берилди.

Уларга қатағон қурбонлари номларини аниқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратилди. Энг асосийси, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасаларининг юқо­ри малакали мутахассислари, экспертлар, шунинг­дек, хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаримиз вакилларини жалб этиш ҳуқуқи берилди.

Маълумки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган «Давлат — жамият — инсон» тамойили «Инсон — жамият — давлат» тамойилига ўзгарти­рил­­моқда. Шу маънода, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимининг фаолияти Ҳаракатлар страте­гия­си­га қанчалик мос ва мутаносиб равишда амалга оширилган бўлса, Тараққиёт стратегия­си талабларига ҳам шунчалик уйғун­ ва ҳамоҳанг экани яққол намоён бўлмоқда.

Шундай экан, Тараққиёт стратегиясининг тасдиқланиши ва муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳам­да эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали инсон қадрини улуғлашга қаратилган улкан мақсад ва вазифаларимизга эришиш имконини беради.

Жадидлар ким эди?

ХХ асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққан. Бу «жадидчилик» ҳаракати деган ном билан машҳур бўлган.

Аслида бу улуғ зотларнинг мақ­­сади — жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолган Туркистон хал­қини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йў­лига, яъни янги тараққиёт ман­зилига олиб чиқишдан иборат эди.

Жадид боболаримиз ташкил этган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жа­мият­лари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотиб, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берган.

Аммо юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгач, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилди. Бу эса, маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади.

Энг ачинарлиси, маърифатпарвар аждодларимиз шаъни «босмачи» деган ноҳақ тавқи лаънат билан топталди. Шу бо­ис, бугунги чиқишларимизда «босмачилик» сўзини нима сабабдан қўштирноқ ичида ёзишимизни мухтасар изоҳлаймиз.

Гап шундаки, босмачилик — Туркистонда совет ҳокимияти ва бос­қинчи қизил армияга қар­ши курашган қуролли ҳа­ракатга шў­ро ҳукумати даврида берилган расмий ном. Бинобарин, «бос­ма­чи» ва «босмачилик» иборалари 1919 йилнинг ўрталаридан бошлаб аввал вақтли матбуот, сўнгра расмий ҳужжатларда кенг ишлатилган.

Ушбу иборалар миллий озодлик ҳаракатининг моҳиятини сох­талаштириш, аждодларимизнинг совет режими ва большевиклар ҳукмронлиги ҳамда қизил армиянинг босқинчилик сиёсатига қарши қаршилик курашларини ниқоблаш учун ўй­лаб топилган. Бу тушунчалар «бандитлик», «қароқчилик» деган сўз­лар би­лан асоссиз равишда бир қа­торга қў­йилган.

Шукрки, ўша аждодларнинг эз­гу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қони, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда. Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган «Янги Ўз­бекистон» ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимизнинг орзу-интилишлари ва армонлари мужассам.

Шу маънода, Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб, азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фао­лия­ти ва меросини ўрганиш ҳам­­­да тар­ғиб этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ.

ИНСОН — АЗИЗ, ХОТИРА — МУҚАДДАС!

Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги фармойишига кў­ра, Қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича «Йўл ха­ритаси» тасдиқланди. Ун­да 5 та­­ йў­­налишда 32 та вазифа белгиланган.

Бу борада давлат ҳокимияти идоралари ва фуқаролик жа­мия­ти институтлари ана шундай тизимли ишларни изчил амалга ошираётган бир пайтда Олий суд томонидан ҳам қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича бир қатор муҳим натижаларга эришилганини қайд этиш керак.

Авваламбор, қатағон қурбонларининг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўламини кенгайтириш учун масъулларга Олий суд архивидаги мавжуд ҳужжатлардан фойдаланиши учун шароит яратилди.

Қолаверса, бу борадаги тегишли ҳужжатларни ўрганиш зарурати туғилган тақдирда, мутахассислар ишлаши учун Олий суд идоравий архивида алоҳида хона ташкил этилди.

Энг муҳими, «Йўл харитаси»да Республика ишчи гуруҳи, Олий суд ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра, реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш вазифаси юклатилган.

Мазкур вазифа ижроси доирасида ўтган қисқа даврда қатағон қурбонлари реабилитацияси бўйича масала ўрганилиб, бу борадаги таклифлар Республика ишчи гуруҳига кўриб чиқиш учун юборилди. Олий суд ва қу­йи судлар томонидан ҳудудлардаги барча архивларда қатағон қурбонларига оид ишлар инвентаризация қи­линиб, оқланган 1 минг 868 нафар шахснинг рўйхати вилоятлар кесимида шакллантирилди ҳамда Республика ишчи гуруҳига тақдим этилди.

Шунингдек, Олий суд раисининг 2021 йил 9 февралдаги Фармойишига биноан, муайян са­бабларга кўра, реабилитация қи­линмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқ­лаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида иш­чи гуруҳ тузилди. Бундан ташқа­ри Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, Республика ишчи гуруҳи аъ­зоси Б. Ҳа­санов томонидан мустабид шў­ро тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қа­­­­­дар оқланмаган шахслар рўй­хати тақдим қилинган бўлиб, Олий судда ташкил этилган иш­чи гуруҳи томонидан ушбу ҳужжатлар ўрганиб чиқилмоқда.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва «Шаҳидлар хотираси» жамоат фондининг илмий ходимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида мустабид тузум даврида ноҳақ қатағон қилинган, бироқ муайян сабабларга кўра, оқланмай келаётган кўплаб шахслар аниқланди. Улар асосан, йирик диний уламолар, Бухоро амири, Хива хони яқинлари, юқо­ри ҳарбий ва фуқаролик амалдорлари, миллий истиқлол кураши қатнашчиларидан иборат шў­ро мафкурасини қабул қилмаган инсонлардир.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи Президентимизнинг тегишли фармо­йи­ши­ ижроси юзасидан тузилган «Йўл харитаси»нинг 10-бандига биноан, мус­табид совет тузуми даврида қатағон қилинган бир гуруҳ ватандошларимизни оқ­лаш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий судига муро­жаат­ билан чиқди. Натижада 2021 йил 25 август куни Олий судда кўрилган жиноят ишлари дои­расида совет даврида қатағон этилган 115 нафар шахс оқ­ланди.

Музей томонидан қилинган иккинчи мурожаат асосида Ўз­бекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий судга яна юздан ортиқ қатағон қурбонларини оқлаш хусусида протест киритди. Жорий йилнинг 6 январида Олий судда бўлиб ўтган суд жараёнида жами 5 та жиноий иш кўриб чиқилди.

Оқланганлар кимлар эди?

Биринчидан. Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) ҳайъатининг 1925 йил 4 сентябрдаги махсус йиғилиш қарорига кўра, Мирза Ибрагимов Мир Ахур ва бошқалар (жами 43 киши) ЎзССР Жиноят кодексининг 61-моддаси асосида жазоланган. Хорижий мамлакатлар ёки ижтимоий гуруҳлар фойдасига оғиш юзасидан айблов чораларини кўзда тутадиган ушбу моддага кўра, улар совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этишда айбланган.

Бу юртдошларимизга, шу­нинг­дек, ЎзССР Жиноят кодексининг 67-моддасига асосан аксилинқилобий ташкилотларга аъ­золик қилиш ва 69-моддага биноан инқилобий ҳаракат ва пролетариат синфига қарши фаол ҳаракат ёки курашиш айб­лари ҳам юкланган. Яъни улар фуқаролар уруши вақтида аксилин­қилобий ҳукумат тузишда айб­ли деб топилиб, сургун жазосига ҳукм қи­линган ва уларга тегишли мол-мулки мусодара этилган.

Иккинчидан. БДСБ доимий вакили ҳузуридаги Учлик йиғинининг 1930 йил 24 январдаги қарорига кўра, Аппах Ходжа Ас­қар Ходжаев ва бошқалар (жами 40 киши) ЎзССР Жиноят­ кодексининг 78-моддасига мувофиқ, бандитизмда айбланган. Улар совет давлатига қар­ши қуролли қаршилик ҳа­ра­катларида иш­ти­рок этганликда айбли деб топилиб, сургун ва энг оғир жа­зо — отишга ҳукм қилинган ва мол-мулки мусодара қилинган.

Учинчидан. БДСБ доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 24 мартдаги баёнига кўра, Абдурахимов Мирза Ходжа ва бошқалар (жами 15 киши) ЎзССР Жиноят­ кодексининг 67 ва 78-моддаларига кўра, аксилинқилобий махфий ташкилотни тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қуролли қаршилик ҳа­ракатларида иштирок этганликда айбли деб топилган. Улар ҳам сургун қилинган, отилган ва мол-мулки мусодара бўлган.

Тўртинчидан. БДСБ доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 25 январдаги баёнига кўра, Мансурбеков Муҳаммад Содиқ ва бошқалар (жами 5 ки­ши) Ўз­ССР Жиноят кодексининг 67 ва 78-моддаларига асосан, аксилинқилобий махфий ташкилот тузганликда ҳамда совет давлатига қар­ши қу­ролли қаршилик ҳа­ра­катларида иштирок этганликда айбли, деб топилган. Улар Ўрта Осиёдан сургун қилиниб, мол-мулки мусодара этилган.

Бешинчидан. БДСБ доимий вакили қошидаги Учлик кенгашининг 1930 йил 19 мартдаги баёни­га кўра, Сафаров Тоғай Амин ва бошқалар (жами 12 киши) ЎзССР Жиноят кодексининг 67 ва 78-моддаларига мувофиқ, аксилинқилобий махфий ташкилот тузганликда ҳамда совет давлатига қарши қу­ролли қаршилик ҳаракатларида иштирок этганликда айб­ли деб топилган ва оғир жазоларга дучор этилган.

 

Олтинчидан. РСФСР Олий Инқилобий трибунали Туркистон Совет Республикаси Марказий Ижроия қўмитасининг 1921 йил 23 декабрдаги ҳукмига кў­ра, Шариф Ходжаев Садриддин Хон ва бошқа­лар (5 киши) ЎзССР Жи­­­ноят­ кодексининг 67 ва 78-моддаларига асосан, аксилинқилобий махфий ташкилот тузганликда ҳамда совет давлатига қар­ши қуролли қаршилик ҳа­ра­кат­ла­ри­да иштирок этганликда айбли, деб топилган. Афсуски, уларни ҳам юқорида тилга олинган ва ҳамюртларимиз дучор этилган аччиқ қисмат ўзининг шафқатсиз қаърига торт­ган.

Барча айбланувчиларга нисбатан жиноят ишлари ҳужжатлари ўрганилганда, уларнинг айб­дор­лиги суд ҳукми билан аниқланмасдан туриб, судсиз жиноий жавобгарликка тортилганини кўриш мумкин. Зеро, иш ҳужжатлари уларнинг ўз даврида ватан ҳимоя­си, юрт мустақиллиги, ди­ни, эътиқоди, мадания­ти ва миллат ғурури учун курашганликларини тасдиқлайди.

Шунингдек, дастлабки тергов даврида жиноят ишида айб­ла­нувчи тариқасида ўтган барча шахслар дастлаб айбловни инкор қилиб келган бўл­салар-да, ҳибсга олингач, тайзиқлар ос­­тида айб­ларига иқ­рорлик кўрсатмаси берганликларини сў­роқ баённомасида ҳам кўриш мумкин.

Бундан ташқари уларни айб­дор деб топишда, ишга тааллуқли­ бўлган ҳолатлар атрофлича ўрганилмасдан, текшириб чиқилмасдан ва баҳоланмасдан биргина иқрорлик кўрсатмаларига асосланган ҳолда ҳукм чиқарилган.

Иш ҳужжатларида эса, айрим айбдор шахслар фақат ўз­бек тилини билиб, ўз кўрсатмаларини араб алифбосида ёзишган бўл­салар-да, тергов ҳаракатлари рус тилида олиб борилиб, гўёки уларнинг кўр­сатмалари ўз­бек тилига таржима қилинганлиги кўр­сатиб ўтилган, холос.

Ҳолбуки, жиноят ишини тергов қилган шахслар араб алифбосида ёзишни ҳамда рус тилини билганлигини тасдиқловчи бирон-бир далил мавжуд эмас. Жиноят иши бўйича тергов ҳа­ра­кат­ларини олиб боришга масъул бўл­ган шахслар томонидан ишга таржимон жалб қилинмаган.

Юқоридаги айбдор шахсларнинг жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилганида ўз она тилидан ёки таржимон хизматидан фойдаланган ҳолда кўрсатма бериш орқали ўз ҳу­қуқларини ҳимоя қилиши чеклаб қўйилган. Бу эса, жиноят иши бў­­­йича тергов ҳаракатлари бир ёқлама олиб борилганини кўрсатади.

Бундай ҳолатда Марказий Осиё­даги Бирлашган давлат сиё­сий бошқармаси (БДСБ) дои­мий вакили ҳузуридаги Учлик кенгашининг баёнини қонуний ва асосли деб бўл­майди. Ўрганилган жиноят ишлари бўйича уларнинг айбдорлигига оид шуб­ҳаларни бугунги кунга келиб, бартараф этиш имкония­ти тугаган. Шу сабабли уларнинг жиноий ҳаракатлари тахмин ва фаразларга асосланганлиги учун айбини исботловчи далил сифатида эътироф этиб бўл­майди.

Муҳими, қанчадан-қанча Ватан фидойиларининг пок номлари тикланди.

Қатағон этилган ҳар бир шахснинг «дело»лари синчковлик билан ўрганилди ва ўр­ганилмоқда. Шу билан бирга, мавзуга оид «Ҳасратга инган мактублар», «Тарихнинг номаълум саҳифалари» номли китоб­лар нашр этилди. Ўн тўрт жилдли Хотира китоби нашрдан чиқиш арафасида.

Хулоса қилиб айтганда, дав­ла­тимиз раҳбарининг айни йў­на­лиш­даги оқилона ва жасоратли сиёсати туфайли, биринчи нав­­батда, барча махфий архив­ларнинг эшиклари тадқиқотчилар, олимлар, тарихчилар, ҳу­қуқ­шунос ва мутахассислар учун кенг очилди. Мазкур соҳадаги ар­­хив ҳужжатлари наинки Тошкентда, балки бутун юртимизнинг олис ҳудудларидаги архив идораларида мавжуд экани аниқланди.

 

Икром МУСЛИМОВ,

Олий суд раиси ўринбосари

 (“Янги Ўзбекистон” газетаси,

2022 йил 31 январь)

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: