ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ – ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИНИНГ ГАРОВИ

Инсон қадрини улуғлаш мақсади билан 2022-2026 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегия­­си халқимиз фаровонлигини белгиловчи қуйидаги етти йўналиши билан аҳамиятга молик:  

 биринчиси, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш; 

 иккинчиси, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш; 

 учинчиси, миллий иқтисодиётни жадал ривож­лантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш; 

 тўртинчиси, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш; 

 бешинчиси, маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш; 

 олтинчиси, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш; 

 еттинчиси, мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш. 

Номларининг ўзидан ҳам маълумки, ҳаммамиз учун муҳим бўлган барча йўналишлар инсон қадрини юксалтиришга, улуғлашга йўналтирилган.

Адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга қаратилган иккинчи йўналишга тўхталадиган бўлсак, у мулк ҳуқуқи дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш; қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш; суд назоратини ўрнатиш ва одил судловга эришиш; жамоат хавфсизлигини таъминлаш; суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш; адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш; фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш каби мақсадлари билан эътиборга молик.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, суд назоратини ўрнатиш ва одил судловга эришиш мақсади ниҳоятда кенг ва очиқ белгиланган. Мақсад замирида мужассам бўлган аниқ йўналиш, одил судловнинг янада такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини малакали ҳимоя қилишга қаратилган.

Жумладан, маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш; “Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш; судда томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш; судлараро тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш масалалари инсон ҳуқуқларини малакали ҳимоя қилишни таъминловчи механизмларни кучайтириши билан эътиборга молик. Суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш; бюрократик ғов ва тўсиқларни бартараф этиш орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини тубдан ошириш; низоларни ҳал этишнинг муқобил усуллари ва ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш; судьялар ҳамжамияти органлари ролини янада ошириш; судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш; судьяларга таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш; судьялар корпусини шакллантиришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш; суд тизимида лавозимга тайинлашда сайланиш ва ҳисобдорлик каби демократик тамойилларни жорий этиш кабилар эса инсонлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, одил судлов фаолиятининг очиқлигини таъминлашдан иборатдир.

Мана шундай юксак инсоний, халқчил ғояларни ўзида мужассам этган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси бугун барча юртдошларимиз томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Унинг асосида Олий Мажлис палаталари кенгашлари қўшма мажлиси қарори билан конституциявий ислоҳотлар бош­лаб юборилди ва қизғин давом этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар инсонни қадрлаш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқали халқимиз фаровонлигини юксалтириш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига хизмат қилиши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлаб, “Миранда қоидаси”ни ҳамда “Хабеас корпус” институтини Асосий қонунимизда акс эттириш борасида билдирган таклифи Тараққиёт стратегиясида илгари сурилган мақсад ва вазифаларнинг амалга ошишида муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Инсон қадри учун” деган устувор ғоя барча ислоҳотларнинг бош мезони сифатида эътироф этилган Тараққиёт стратегиясидан ўрин олган барча мақсадлар ягона мақсадга – Ўзбекистон халқи, инсон қадри, фаровон турмуш, айниқса, келажак авлод бунёдкорлари – ёшларимиз учун муносиб шарт-шароит яратиш, жамиятнинг ҳар бир аъзосига тенг ва адолатли ҳаёт тарзини шакллантириш назарда тутилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Зеро, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, халқчил ва инсонпарвар янги жамият қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг асл мақсадидир.

 

 

Жамшид РАҲМОНОВ, 

Тошкент ҳарбий судининг раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: