ТАНИШИНИ ТУНАГАН ТОВЛАМАЧИ

Ҳаёт шиддат билан ўзгармоқда. Фан-техника кун сайин янгиликларни тақдим этмоқда. Технологиялар ҳаётнинг барча соҳаларига кириб борди. Буларнинг барчаси яхши. Инсонларнинг юмушини енгил қилиб, вақти ва нақдини тежамоқда. Аммо бугунги технология ютуқларидан жирканч мақсадда фойдаланаётганлар ҳам борлиги ачинарли. Кейинги пайтларда ҳали у одамнинг, ҳали бу кишининг пластик картадаги пулини ечиб олаётган “шоввозлар” кўпайиб қолди. Баъзида ўшалар содда одамларга телефон қилиб, ўзларини гўёки банк ходими дея таништириб, пластик картангиз рақамини айтинг, дея фуқароларни чув туширишмоқда.

Судда кўрилган бу галги иш товламачилик жинояти билан боғлиқ бўлди.

П. Н. жиноий шериклари билан олдиндан тил бириктириб, 150 000 сўм эвазига пластик карта очдиради. Гап шундаки, у К. К. га тегишли электрон ҳамёнда бўлган 246 000 000 сўмни А. Ғ. номидаги пластик картага ўтказганлигини, Ҳ. С. нинг номига очилган пластик картага эса 121 000 000 сўм ўтказилганлигини билгач, унда шум ният пайдо бўлади. П. Н. пул ундирмоқчи бўлиб К. К. га қўнғироқ қилиб, учрашиш зарурлигини айтади. Унга пуллар “1Xbet” номли электрон қимордан тушганлигини айтиб, жами пуллардан 50 фоизини беришни талаб қилади. Бироқ К. К. дан рад жавобини олади. П. Н. ва унинг жиноий шериклари К. К. дан дастлаб 7 000 АҚШ доллари, кейин эса 5 000 АҚШ доллари, бироз ўтгач эса 1 000 АҚШ доллари талаб қилишади. К. К. рози бўлавермагач охирида “инсофга келиб” 800 АҚШ доллари берса тинч қўйишини айтишади.

К. К. нинг аризасига кўра, шу йил 27 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида гуруҳ аъзоларидан бири 800 АҚШ долларини олган вақтида ушланади. Қизиқ томони шундаки, улар аввалдан таниш бўлган, бир-бирини яхши билган. Шундай бўлса-да, танишидан пул талаб қилишган.

Қисқаси, ноқонуний даромад топиш мақсадида, товламачилик йўли билан пул ундирмоқчи бўлганлар қонуний жазосини олди.

 

 

Рустамжон РАҲМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича Миробод

туман судининг судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: