ТАМАГИР ИНСПЕКТОР ПОРА ОЛАЁТГАНДА ҚЎЛГА ТУШДИ

Риштонлик Ойбек Раҳимжонов (исм-шарифлар ўз­гартирилган) Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси видеокузатув гуруҳи кичик инспектори лавозимида ишлаётганда унга қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билишларининг ҳаваси келарди. Афсуски, О. Раҳимжонов ўз нафсидан касбий иродасини устун қўёлмади. Оқибатда нафақат жиноий жавобгарликка тортилди, балки ота-онасининг ҳам юзини шувит қилди.

Гап шундаки, ўтган йил 25 июнь куни Ойбек «Фарғона-Тошлоқ» автомобиль йўлида ташкил этилган карантин пос­тида хизмат қилаётган эди. Тун ярмида постга Шерали Акрамов бошқарувидаги «Cobalt» ру­сумли, давлат рақами ечиб қўйилган автомашина яқинлашади. Табиийки, тунги пайтда­ юргани ҳамда давлат рақами ечиб қўйилганидан гумонга борган инспектор машинани тўхтатади. Шунда машина юкхонасида қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб кирилган лампочкалар борлиги маълум бўлади. Шунда Шерали Акрамов жавобгарликдан қочиб, таниши Фазлиддин Толиповнинг автомашинасида уйига кетиб қолади.

Бундай вазиятда инспектор ноқонуний олиб кирилган товар моддий бойликлари ҳам­да ҳай­довчининг воқеа жойидан кетиб қолгани хусусида тегишли баённома расмийлаштириши шарт эди. Бироқ Ой­­бек Ра­ҳимжонов бунинг ўр­нига транспортни жарима майдончасига олиб борган. Сўнгра жарима майдончаси қоровули Дўстмурод Ҳалимовга бу ҳақда ҳеч қандай ҳужжат тузмасликни тайинлайди. Ора­дан кўп ўтмай жарима майдончасига Ш. Акрамовнинг таниши Равшанбек Мирёқубов етиб келади ва инспектордан ишни «босди-босди» қилишда ёр­дам сўрайди.

Суҳбат асносида О. Раҳимжонов ёрдам бериш ўз-ўзидан бўлмаслигини таъкидлаб, қои­дабузарлик учун маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига 200 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. Равшанбек унинг талабига ро­зи бў­лади. Шундан сўнг инспектор автомашинани жарима майдончасидан чиқариб юборади. Эртаси куни Р. Мирёқубов орқали Фазлиддиндан бир миллион сўм ва икки қути лампочка олади. Орадан уч-тўрт кун ўт­гач, қолган 50 АҚШ долларини беришини ҳам қистайверади.

Тамагирнинг қилиғидан жаҳли чиққан Р. Мирёқубов Фарғо­на вилояти ички ишлар бош­қар­масига ариза билан мурожаат қилиб, тамагир инспек­тор­га нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди. Шу куни О. Раҳимжонов Равшанбек билан учрашиб, ундан беш юз минг сўмни олган вақтида қўл­га олинади.

Жиноятга жазо муқаррар. Ана шу тамойилга амал қилган жиноят ишлари бўйича Фар­ғона тумани суди О. Раҳимжоновни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

 

 

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона тумани суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: