ТАЛОНЧИЛАР ТУМШУҒИДАН ИЛИНДИ

Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи 20 ёшли Жалолиддин Наимжонов ва 19 ёшли Асрор Миртемиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) суднинг қора курсисида бошларини хам қилиб ўтиришибди. Ҳали уйланмаган ва ҳеч қаерда ишламайдиган бу иккала йигит пулга зориққани туфайли жиноятга қўл урганини айтишмоқда.

Дарҳақиқат, пулга зориқиш айрим иродасиз инсонларни, айниқса, бекорчи ёшларни ғайриқонуний ишларга, ҳатто жиноят йўлига етак­лаши мумкин. Шу маънода айтганда, айни ўйнаб куладиган ёшда чўнтагининг қуруқлиги Жалолиддинга жуда алам қилди. Аммо у пул топишнинг қонуний, ҳалол йўлини эмас, балки охири “вой” бўладиган осон, жиноий усулини танлади. Бу ҳақда ҳам таклиф, ҳам маслаҳат ўрнида сўз очган эди, эски таниши Асрор ҳеч иккиланмай рози бўлди. Бинобарин, икковлон гапни бир жойга қўйиб, Фарғона шаҳри марказидаги Ал-Фарғоний номли истироҳат боғида “ов” қиладиган бўлишади. Шу мақсадда 2021 йил 6 майдан 7 майга ўтар кечаси боққа йўл олишади.

Етиб боргач эса қулай фурсатни пойлаб, ўша атроф­­да ўралашиб юришади. Соат 00.20 ларда боғ оралаб, ёлғиз ўзи кетаётган номаълум кимсага кўзлари тушади. Бу фуқаро Тўлқин Давидов эди. Иккаласи унга ташланишади. Сўнгра Тўлқиннинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, қўлидаги нархи 650 000 сўмлик “РедМи-6-А” русумли телефон аппаратини тортиб олишади. Албатта, кутилмаган ҳужумдан Т. Давидов эсанкираб қолади. Бироз ўзини ўнглаб олгач эса телефонини қайтариб беришларини талаб қилади. Бироқ талончилар жуфтакни ростдаб қолишади.

Эртаси куни Жалолиддин билан Асрор бош­лаган “иш”ларини яна давом эттиришади. Фақат бу гал бошқа манзилни мўлжалга олишади. Яъни 2021 йил 8 май куни соат 22.00 ларда Фарғона шаҳар “Аҳиллик” кўчасида жойлашган “Ансор” кафеси ёнида учрашишади. Салом-алик қилиб, кўп қаватли 41-А-уй томон юришади. Ўша маҳал шифокор кўригидан қайтаётган Марҳабо Асадова уйига кириб кетаётганди. Уни кўришади-ю, ҳамтовоқлар фурсатни қўлдан беришмайди. Аниқроғи, Ж. Наимжоновни атрофни кузатиб туриш учун қолдириб, А. Миртемиров аёлнинг орқасидан йўлакка киради. Марҳабо зинадан чиқаётганда унинг қўлидаги баҳоси 1 500 000 сўмлик “Самсунг А-51” русумли уяли телефонга ёпишади. Лекин М. Асадова овози борича бақириб, Асрорга қаршилик кўрсатади. Шунинг учун йигит телефонни қўлга кирита олмай, оғайниси билан жуфтакни ростлайди.

Буни қарангки, Жалолиддин билан Асрор 2021 йил 9 май куни соат 00.20 ларда Фарғона шаҳар “Бозорбоши” кўчаси 157-уй ёнидан ўтиб кетаётган Шаҳзода Комиловага нисбатан ҳам талончилик қилишади. Яъни аёлнинг ёлғизлигидан фойдаланган ҳолда унга ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб, нархи 800 000 сўмлик “Самсунг Ж-2” русумли телефон аппарати ҳамда ичида 377 000 сўм пул ва фуқаролик паспорти бўлган сумкасини тортиб олишади ва Шаҳзода опа бошқаларни ёрдамга чақиришга улгурмасидан қочиб кетишади. Холи жойга бориб, нафасларини ростлагач, сумкани очиб кўришади. Ичидан пулни олиб, сумкани ариққа улоқтиришади. Уяли телефонни эса нотаниш шахсга 200 000 сўмга сотиб, пулни ўртада тақсимлашади. Бироқ ўша пулларни сарфлаш иккаласига ҳам насиб этмайди. Чунки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари эртаси куниёқ уларни қўлга олишади.

Натижада юқоридаги ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилади.

Албатта, адолат ва қонун устуворлиги таъминланган жамиятимизда жиноятга жазо муқаррар. Шу боис мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судланувчиларни Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) 3-қисми “а” банди билан айбли деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Тўғри, айбдорлар тегишли жазосини олди, жабрланувчиларга етказилган зарарлар уларнинг оила аъзолари томонидан қопланди. Лекин содир этилган жиноятнинг омили ён-атроф­дагиларни, айниқса, йигитларнинг ота-оналари, яқинлари ва тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари масъулларини янада ҳушёр торттириши керак. Энг муҳими, ота-оналар фарзандининг еб-ичиш ва кийинишдан ташқари моддий эҳтиёжларини ҳам меъёрида таъминлаб туриши лозим.

Шу ўринда бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Президентимиз ҳудудларга ташрифлари мобайнида кўпроқ уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида тўхталади. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, уюшмаган ёшлар кимгадир ҳисобдор эмас ёки уларни деярли ҳеч ким назорат қилмайди. Оқибатда юқорида тилга олинганга ўхшаш жиноятлар келиб чиқаверади. Инчунин, жойларда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш зарур. Қанийди “Бир болага етти маҳалла ота-она” нақли яна ўз амалий ифодасини топса…

 

 

Жамшид ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Фарғона 

шаҳар судининг судьяси

 

(“Адолат” газетаси,

 2022 йил 15 апрель)

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: