ТАКОМИЛ ЗАРУРАТИ ЁХУД ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ИШЛАРНИ СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА КЎРИШ ЖАРАЁНИДАГИ МУАММОЛАР

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси-нинг «Бизнес юритиш» ҳисоботида даъво миқдори кам бўлган низоларни соддалаштирилган тартибда ҳал қилиш имкониятининг мавжудлиги баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

2019 йилда Иқтисодий процессуал кодекснинг «Соддалаштирилган тартибда иш юритиш» деб номланувчи 23-1-боб билан тўлдирилгани иқтисодий суд юритиш тизимида муҳим янгилик бўлди. Унда соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиладиган ишларни аниқлаш мезонлари, уни кўриб чиқиш тартиби, муддати ва ўзига хос жиҳатлари, ушбу тартибда кўриб чиқиш мумкин бўлмаган ишлар тоифаси белгиланди. Жумладан, эндиликда агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.

Даъво миқдори кам бўлган низоларни соддалаштирилган тартибда ҳал қилиш МДҲ давлатлари (Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон ва бошқалар) қонунчилигида ҳам мавжуд.

Таъкидлаш жоизки, иқтисодий суд ишларини юритиш тизимига соддалаштирилган тартибни жорий этиш даъво миқдори кам бўлган низолар бўйича ишларни тезкорлик билан кў­риб чиқиш ва суд ҳужжати иж­росини тезкор таъминлаш имконини бермоқда. Бу, ўз навбатида, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳи­соботида мамлакатимизнинг кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, иқтисодий судларда 2019 йилда 4 306 та, 2020 йилда 4 748 та, 2021 йилнинг биринчи чорагида 1 755 та иш соддалашти­рилган тартибда кўриб чиқилган.

Соддалаштирилган тартибда кўрилаётган ишлар сонининг ўсиши асосан контрактация, ижара, юк ташиш, суғурта ва қарз шартномаларидан келиб чиқадиган низоларда кузатилмоқда.

Соддалаштирилган иш юри­тиш тартибидаги иш тезкорлик билан ва қисқа муддатда, яъ­ни даъво аризасини иш юри­тишга қабул қи­лиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эъ­тиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Эътиборлиси шундаки, бунда иш­ни кўриб чиқиш муддати узайтирилишига йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади. Бу низолашаётган тарафлар учун ҳам енгилликдир.

Яна бир қулайлик шундан иборатки, бунда соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ўн кун ўтгач, қонуний кучга киради, бу эса, суд ҳужжати ижросини тезкор таъминлаш имконини беради.

Амалиётда ушбу тартибнинг ижобий жиҳатлари билан бирга айрим муаммолари ҳам намоён бўлмоқда. Хусусан, Иқтисодий процессуал кодекснинг 155-моддаси биринчи қисми 5-бандида соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган ишлар бўйича жавобгарга даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кў­чирма нусхалари топширилганини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса, судья даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни қайтариши бел­гиланган.

Олий суд Пленумининг «Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғ­рисида»ги 2019 йил 24 майдаги қа­рори 43-бандида, агар даъво аризаси жавобгарга топширилгани маълум қилинадиган буюртма хат орқа­ли юборилган бўлса, даъво аризасига жавобгар уни қабул қилиб олганини тасдиқловчи почта хабарномаси илова қилиниши шартлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Амалиётда аксарият ҳолларда соддалаштирилган тартибда кўриладиган ишлар бўйича даъвогар даъво аризасини жавобгарга топшира олмаслиги ёки жавобгарнинг манзилига юборилган буюрт­ма хати у жойлашган манзилда фао­лият­ кўрсатмаётгани сабабли мазкур тоифадаги низолар бў­йича даъво қўзғатиш имкони бўлмасдан қолмоқда. Хусусан, Тошкент туманлар­аро иқтисодий суди томонидан мазкур тоифадаги ишлар бў­йича даъво аризалари жавобгарларга топширилгани ёки жавобгар даъво аризасини қабул қилиб олганини тасдиқловчи почта хабарномаси даъво аризасига илова қи­линмагани сабабли 2020 йил­­да 950 та, шу йилнинг ўт­ган 5 ойида эса, 334 та даъво аризаси даъвогарларга қайтарилган.

Бу эса, даъвогарларнинг ҳақ­­­­­ли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу сабабли Иқтисодий процессуал кодексни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган ишлар бўйича даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар йўл­ланган шахс уни олишдан бош тортса ва ушбу бош тортиш алоқа бўлими томонидан қайд этилган бўлса, шунингдек, бундай ҳужжатлар жавобгарнинг даъвогарга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган бўл­са, аммо олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли у топширилмаган ва бу ҳақда алоқа бўлими томонидан маълумотнома тақдим этилган бўлса, даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш мумкинлигини назарда тутувчи норма билан тўлдириш мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, даъвогарга иш­ни соддалаштирилган тар­тибда кўриш танлови имконини бериш зарур. Бунда даъво­гар даъво аризасида ўз ихтиёрига кўра, ишни соддалаштирилган тартибда ёки умумий тартибда кўриб чиқишни сў­райди. Бинобарин, Конституциямизнинг 44-моддасида ҳар бир шахснинг ўз ҳу­қуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Учинчидан, соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бў­йича жавобгар даъво аризаси юзасидан ёзма эътирозини судга тақдим қилиб, иш­ни суд мажлисида кўриб чиқишни сўраган тақдирда, суд иш­ни умумий тартибга ўтказмасдан  тарафларни хабардор қил­ган ҳолда қисқа муддатда ўтказиладиган суд мажлисида кўриб чиқилиши имкониятини бериш керак. Мисол учун айтсак, Украина қонунчилигида ай­нан шундай тартиб назарда тутилган. Қолаверса, Иқтисодий процессуал кодекснинг 9-моддасида иқтисодий процесснинг асосий тамойилларидан бири сифатида иқтисодий суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳу­қуқлилиги асосида амалга оширилиши кўрсатилган.

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, иқтисодий процессуал қонунчиликда соддалаштирилган тартибда ишларни кўришнинг янада такомиллаштирилиши низоларни қисқа муддатларда тезкорлик билан ҳал қилиниши, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг овора бўлмаслиги, мулкдорлар ҳуқуқларини ишончли ҳи­моя этилишига хизмат қилади.

 

 

Сарвар Солиев,

Тошкент туманлараро

иқтисодий суди раиси

 

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: