ТАЙЁРГА АЙЁРЛИК: СУД ФИРИБГАРГА ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАДИ

Ҳаётда ҳалол меҳнат орқали турмуш кечираётган инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ қинғирлик ортидан мўмай даромад топишга интиладиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Бу тоифадагилар нафс қутқусига учиб, турли жиноятлар содир этишади. Фарҳод Алиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) илгари содир этган жинояти учун судланиб, иш ҳақининг 30 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган эди.

Аммо у бундан тўғ­ри хулоса чиқариш ўрнига яна жиноятга қўл урди. Халқ таълими вазирлиги масъул ходими бўлган Ф. Алиев гарчи хизмат ваколатига кир­­маса-да, 2019 йил сентябрь ойида Давлат дастури асосида таъмирлаш режасига киритилган мактаблар рўйхатида Пайариқ туманидаги умумий ўрта таълим мактабининг ҳам борлигини билгач, мактаб директори С. Холматовага телефон қилиб, агар «харажат»дан қочмаса, мактабни таъмирлаш режасига киритиб беришга ваъда беради. Энг қи­зи­ғи, С. Холматова ушбу фи­риб тўрига жуда осон илинади. У шоша-пиша Ф. Алиевдан «харажат» миқдори қанча бўлишини сўрайди. Фирибгар 1 300 АҚШ доллари талаб қилади. Шун­дан сўнг С. Холматова пулни фирибгарга беради. У эса, пулни ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборади. Бу орада умумий ўрта таълим мактабига дас­тур асосида таъмирлаш учун пул ажратилиб, мактаб тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Ишнинг хамирдан қил суғургандек осон битгани Ф. Алиевнинг нафсини яна қутқуга солади. Ўтган йил июль ойи бошида у С. Холматова раҳбарлик қилиб келаётган умумий ўрта таълим мактаби ин­вентар жиҳозлар ажратиш дастурга киритилганидан хабар топиб, унга яна 1 300 АҚШ доллари берса, бунга ҳам ёр­дам қилишини маълум қилади. С. Холматова бу таклифга ҳам рози бўлади. Алдов йўли билан қўлга киритилган пулни ўз эҳ­тиёжи учун ишлатиб юборган фирибгар «тайёрга айёрлик» қа­билида бамайлихотир юрганида С. Холматова ўзининг алданганини билиб қолади ва бу ҳақда ҳуқуқ­ни муҳофаза қи­лувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Ушбу мурожаат асосида Ф. Алиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда ушбу жи­ноят­ иши судда кўриб чиқилди. Суд мажлисида Ф. Алиев айбига тўлиқ иқ­рорлик билдириб, фирибгарлик орқали С. Холматовадан 2 600 АҚШ долларини олиб, уни ўз эҳ­тиёжлари учун сарфлагани, тергов даврида етказилган зарарни жабрланувчига қоп­­лаб берганини баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўради.

Суд Ф. Алиевнинг жиноий қилмишини ўз хизмат мавқеидан фой­даланган ҳолда такроран фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан жабрланувчининг мулкини қўл­га киритган деб малакалади. Унинг айбига иқ­рор­лиги ва пушаймонлиги, жиноят оқи­батида етказилган зарарни тў­лиқ қоплаганини жазони енгиллаштирувчи, жиноятни ғараз ва паст ниятларда содир қилганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблади. Ф. Алиевга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари ва муайян ҳуқуқдан маҳрум қи­­лиш жазоларининг ўтал­май қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан бир йил олти ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қи­лиш ва иш ҳа­қининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳи­собига ушлаб қолган ҳолда икки йил бир ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Шу тариқа фирибгарлик йўлини танлаган Ф. Алиев ҳам ишидан, ҳам обрўсидан ажралди. Бу бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.

Зеро, ҳар қандай қин­ғирлик ва жиноят учун жазо муқаррардир.

 

 

Шуҳрат ШАРИПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пайариқ тумани суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: