ТАДБИРКОРНИНГ БУЗИЛГАН ҲУҚУҚИ СУДДА ТИКЛАНДИ

Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад — иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборатдир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қо­нуний манфаатларини ҳи­моя қилиш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, бизнес юритиши учун со­­лиқ ва бош­қа соҳаларда кўплаб имтиёзлар қўллаш ҳам­да уларнинг иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш борасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, Тошкент шаҳрида якка тартибдаги тадбиркор Н. Л. ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида фаолият юритиб, белгиланган тартибда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётганди. Н. Л. тадбиркорлик фаолия­тини амалга оширишда «Avtotransport vositalariga xizmat ko’rsatish» давлат унитар корхонасига тегишли бинодан 2021 йил 19 мартда тузилган ижара шартномаси асосида фойдаланган.

Аммо Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси тадбиркор томонидан ижара тўловлари ўз вақтида тў­ланмаганини қайд этиб, 17 050 484,57 сўм асосий қарз ва 9 345 894,36 сўм пеня ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Айтиш керакки, Тошкент туманлараро иқтисодий суди ишдаги ҳужжатларни синчиклаб ўрганмасдан ва тарафларнинг фикрини эшитмасдан туриб, тадбиркор ҳисобидан даъвогар фойдасига 17 050 484,57 сўм асосий қарз, 2 500 000 сўм пеня ва суд харажатлари ундириш тўғрисида ҳал қилув қа­рори қабул қилган.

Ушбу иш апелляция инс­танциясида қайта кўрилганда, тадбиркор ижара шартномасига асосан фойдаланиб келган ҳамда давлат мулки объекти ҳисобланган би­но 2021 йил 20 майдаги 20-сонли шартномага асосан «C.» масъулияти чекланган жа­мия­тига сотилгани ва бу ҳа­қида 2021 йил 3 август­да 14-сонли мулк ҳуқу­қи­ни тасдиқловчи давлат ордери берилгани, шу боис якка тартибдаги тадбиркор билан «C.» масъулия­ти чекланган жамият ўртасида 2021 йил 24 сентябрда 11-сонли ижара шартномаси тузилгани, тадбиркор томонидан ижара тў­лови тўлиқ тўлаб келингани аниқланди. Айнан шу даврлар учун тадбиркорга даъво аризасида кўрсатилган асосий қарздорлик ва шунга мутаносиб равишда пеня ҳисоблангани сабабли биринчи инстанция судининг қарори бекор қилиниб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Тадбиркорлик ва бизнес соҳасининг ривожланиши қонунда ва шартномада белгиланган қоидаларга оғишмай риоя қилишга бевосита ва билвосита боғлиқдир. Агар шу оддий ва қонуний талабга риоя қилинмаса, суд одилликни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришда тадбиркорга камарбаста бўлади.

 

 

Асқар Мамараимов,

Тошкент шаҳар суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: