ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИ — CУД ҲИМОЯСИДА

Cўнгги йилларда мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга жорий этилмоқда. Зеро, давлатнинг иқтисодий қудрати, аҳоли фаровонлиги тадбиркорлик соҳаси ривожига бевосита боғлиқдир. Шу маънода ушбу субъектларнинг эркин фаолият кўрсатишини таъминлаш, ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда одил судлов фаолияти ҳам муҳим ўрин тутади. Қуйидаги мисоллар ана шу ҳақида.

Бухоро шаҳрида жойлашган «Stroy dom lyuks» масъулияти чекланган жамияти судга қонуний ҳуқуқларини ҳи­моя қилиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қи­либ, Бухоро шаҳар Давлат солиқ инспекцияси томонидан қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда ундирилган 177 947 572,26 сўмни ўз ҳисобига қайтариб беришни сўраган.

Ишдаги ҳужжатлардан маълум бў­лишича, солиқ идораси корхонанинг 2019 йил ноябрь ойи давридаги фаолиятини ўрганииб чиқиб, унга нисбатан қўшимча солиқ ҳисобланган ва уни ундириб олган. Ҳолбуки, 2020 йил 1 январга қадар амалда бўлган Солиқ кодексининг 70-моддаси еттинчи қисми талабига мувофиқ ушбу низо суд орқали ҳал этилиши лозим эди. Бироқ со­лиқ идораси ўрганиш пайтида амалда бўлган қонун талабига зид равишда корхона ҳисоб рақамидан 177 947 572,26 сўмни асоссиз равишда ундириб олган.

Бундан ташқари 2020 йил 1 январдан амалга киритилган Солиқ кодексининг 4-моддасига кўра, со­лиқ солиш, агар ушбу моддада бош­қача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқа­га қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан сўнг юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Суд ана шу асосларга таянган ҳолда солиқ идораси томонидан тадбиркорлик субъектининг бузилган қонуний манфаатларини тиклади.

Суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ ноқонуний ундириб олинган маблағ корхонанинг ҳи­соб рақамига қайтарилди.

Шу ўринда иккинчи мисолга эътибор қаратсак, Бухоро вилояти Давлат солиқ бош­қармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 майдаги қарори билан тасдиқланган «Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан «NEW ASIA TRAVEL» масъулияти чекланган жамия­тига 523 846 000 сўм миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарорига асосан ариза талаби қаноатлантирилиб, корхонага нисбатан жарима қўлланилган. Бироқ бундан норози бўлган корхона апелляция шикояти билан мурожаат қилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, амалдаги Солиқ кодексининг 4-моддаси учинчи қисмига кўра, солиқ тўғри­си­даги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бе­кор қиладиган ёки енгиллаштирадиган қо­нун ҳужжатлари ортга қайтиш кучига эга.

2021 йил 21 апрелдаги «Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 май ҳолатида шаклланган ташқи савдо операция­лари бўйича муддати ўт­ган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўл­лаш тўхтатилган. Дебитор қарз­дор­лик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳи­собланиши белгиланган.

Ушбу қарорга асосан корхонанинг импорт шартномаси бўйича вужудга келган 500 минг АҚШ доллари миқдо­ридаги муддати ўтган дебитор қарздорлиги 2021 йил 1 май ҳолатига қа­дар­ шакллангани учун ушбу дебитор қарздорлик вужудга келиш муддатлари 2021 йил 1 майдан бошлаб янгидан ҳисобланиши зарур. Бу қарз­дорликнинг муддати ўтмаганидан далолат берса-да, солиқ идораси ва биринчи босқич суди уни инобатга олмаган. Шу сабабли апелляция инс­танцияси суди биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, солиқ органининг аризасини қаноатлантиришни рад этди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиш одил судловга бўлган ишонч­ни мустаҳкамлаш баробарида мамлакатимиз иқтисодиё­ти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга катта ҳисса қўшади. Зеро, тадбиркорлар жамият та­рақ­қиётини таъминловчи катта кучдир.

 

 

Илҳом Юлдашев,

Бухоро вилояти суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: