ТАВБА ҚИЛМАГАН ФИРИБГАР

Пойтахтимизнинг Олмазор туманида яшовчи Фахриддин Мирзаев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳозир 46 ёшда. Бироқ у айни пайтга қадар беш маротаба фирибгарлик жиноятини содир этиб, судланган.

У бешинчи марта Республика ногиронларни реабилитация қи­­­лиш марказида даволанаётган, ночор аҳволдаги Набижон Холматовни чув туширди.

Гап шундаки, фирибгарликнинг ҳа­дисини олган Ф. Мирзаев бир куни пўрим кийиниб, реабилитация марка­зига йўл олади. У ерда ўзини бадавлат ва саховатли инсон сифатида таништириб, моддий жиҳатдан қийналган ногиронларга ёр­дам кўрсатишини айтади. Буни эшитган тиббиёт ходимлари ун­га Набижон Холматовни рўбарў қилишади.

— Ўзим тадбиркорман. Худога шукр, топиш-тутишим ёмон эмас. Қолаверса, сиздек муҳтож инсонга ёр­дам қилсам, ишим янада ривожланади, — дейди Фахриддин.

«Менга шундай инсонни учратгани учун Ал­лоҳга шукр!» — дея ич-ичидан хурсанд бўлади Н. Холматов. Сўнг ҳаяжонланиб, яна Ф. Мирзаевга қулоқ тутади.

— Менга бирорта пластик карточка берсангиз, банкка бориб, ҳисоб рақамимдан пул ўтказиб келаман, — дейди «ҳотамтой».

Бу гапга лаққа ишонган Набижон Холматов ўша заҳотиёқ ўзининг номига очилган пластик карточкасини унинг қўлига тутқазади.

Аммо фирибгар мазкур картадаги Н. Холматов кўпдан буён пенсиясидан жам­ғариб келаётган 950 000 сўмни ечиб олади-да, пластик картани ташлаб юборади. Қўлга киритган пулни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарф­лайди.

Шундан сўнг орадан бир-икки кун вақт ўтади. Лекин шунда ҳам «ҳожатбарор»дан дарак бўлмагач, Н. Холматов алданганини англаб етади.

«Шу ёш­га кириб, бундай алданиб қолиш тушимга ҳам кирмаганди. Ҳа, содда, ­На­би-я»­­, — дея ўзини-ўзи койийди ногирон амаки. Кейин юз берган ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади.

Натижада Фахриддин Мирзаев қўлга олиниб, унга нисбатан жиноят иши қўз­ғатилади.

Албатта, тергов жараёнида у жабрланувчининг пулларини қайтариб беради. Суд мажлисида қилмишидан пушаймонлигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўрайди. Шу бо­ис унга қилмишидан тегишли хулоса чиқариб олиш, ижтимоий фойдали меҳ­нат билан шуғулланиши учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланади.

Бироқ унинг суддаги пушаймонлиги шунчаки жазодан қутулиш учунгина айтилган гап бўлиб чиқди. Чунки у жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 2021 йил 13 августдаги ажрими билан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган 1 йил 4 ой 18 кун озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли озод этилгач, яна эски «ҳу­нар»­ини бош­лайди. Бу сафар фирибгар Зангиота туманидаги маҳаллаларни кезиб, ўзига «­ўлжа»­ излашга тушади. Шунда кў­­чада 2 нафар аёл ўзаро суҳбатлашиб турганини кўриб қолади. Уларнинг ёнига бориб, салом-алик қилгач, аввалгидек ўзини катта тадбиркор, нуфузли мебель це­хи соҳиби сифатида таништиради. Сўнгра савоб умидида кам таъминланган ои­лаларни қидириб юрганини маълум қилади. Ўша аёллардан би­ри — Зангиота туманининг «Қорасув» маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган Озода Иброҳимова унинг гапларига лаққа тушади.

Унинг кўзига Ф. Мирзаев чинакам саховатпеша бў­либ кў­ринади.

Бинобарин, аёл Ф. Мирзаевни уйига таклиф қилиб, онаси билан таништиради. Кейин бирин-кетин ўзининг муаммоларини айтиб беради.

Яъ­ни уйининг томидан чакка ўтаётгани, деразалари сингани — хуллас, яшаш шароитини яхшилаш кераклигини билдириб, ёр­дам беришини илтимос қи­лади. Ўша пайтда Ф. Мирзаев она-боланинг ишончини янада қозониш учун бир «роль ўйнайди».

— Пешин вақти бўлиб қо­либди. Менга жойнамоз берсангиз, бирор хонада намоз ўқиб олсам, — дейди у.

Шунда Озода ва онаси унинг тақводор инсон эканига тўлиқ амин бўлиб, саховатли бир бойга дуч келганидан ро­са қувонишади.

— Менга пластик картангизни берсангиз, ҳисоб рақамимдан пул ўтказиб бераман, — дея у худди Набижон Холматов сингари она-болани ҳам лақиллатади.

О. Иброҳимова ўзини тақводор кўр­сатган бу кимсага пластик карточкасини бериб юборади. Фирибгар плас­тик картада мавжуд бўлган 500 000 сўмни нақдлаштириб олади-ю, қайтиб қо­расини кўрсатмайди. Аммо қо­нун ҳимоячиларидан қочиб қаёққа ҳам борарди?

Жабрланувчининг муро­жаа­тига биноан қўлга олингач, унга нисбатан олтинчи маротаба жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бў­йича Зангиота тумани суди уни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, озодликни чеклаш жазосига маҳкум этди.

Судда фирибгар яна илгаригидек тавба-тазарру қилди — айни пайтда касал экани, ўзининг уй-жойи йўқ­лиги, ижарада яшаши ва қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Унинг пушаймонлигини эшитган кишининг хаёлига доно хал­қимизнинг «Букрини гўр тўғ­рилайди» деган пурҳикмат нақли келади.

 

 

Зафар ШАРОПОВ,

жиноят ишлари бўйича

Зангиота тумани суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: