СЎНГГИ ПУШАЙМОНЛИК

Аёл — мукаррам зот. Улар ҳақида таърифу ташбеҳ бисёр. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, хотин-қизлар орасида ҳам жиноят кўчасига кириб қолаётганларнинг борлиги ғоят ачинарли.

Сожида Муродова (исм-шарифлар ўз­гартирилди) маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ои­ла, хотин-қизлар ва иж­­тимоий, маънавий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига сайланганда маҳалладошлари аёлларнинг яқин кў­мак­до­ши бўлади, деб ўй­лашган эди. Афсуски, улар янг­лишган экан.

Гап шундаки, С. Муродова ўт­кинчи ҳою-ҳавасга берилиб, нафс қутқусига учди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, маҳалладоши Санобар Боймирзаевани алдов йўли билан ишончини суиистеъмол қи­­либ, чув туширишига бир баҳя­ қолди.

Кунларнинг бирида у ҳузурига иш юзасидан келган Санобарнинг кўнглига қўл солди:

— Санобар опа, маҳаллада қу­рилаётган икки хонали арзон ба­ҳодаги уйлардан оламан, деб юрганингиздан хабарим бор. Келинг, сизга бир яхшилик қилай. Сизга ўхшаган бир-икки нафар аёлга таниш-билишларим орқали уй олиб берганман. Сиз озгина харажатидан қочмасангиз бўлди…

— Агар шундай қилсангиз, бу яхшилигингизни бир умр унут­мас­ эдим. Яшаш шароитимни ўзингиз яхши би­ла­сиз, икки болам билан жу­да қийналиб юрибман. Хўш, харажати қанча бў­лади?

— 500 АҚШ доллари олиб кел­­сангиз, мен бу ишга киришаман. Тез орада уй-жойли бўлиб қоласиз.

Бу гапни эшитган Санобарнинг бо­ши қотди. «Бу пулни қаердан топаман? — деб ўй­лади. — Ўзи шундоғам амал-та­қал қилиб рўз­ғор тебратиб келаётган бўл­сам».

— Сингилжон, шуни озгина камайтирсангиз бўлмайдими? Аҳ­волимни биласизку, — де­ди у Сожидага ялинган кў­йи.

— Хўп, майли, 200 АҚШ долларини ўтдим. Доллар ўрнига 3 миллион сўм берсангиз ҳам бўлади. Бу ёғини ўзим гаплашиб, «катта»ларни кўн­ди­рарман.

Шу куни пулни олиб ке­лишига рози бўл­­ган Санобар яқинларидан, таниш-билишларидан қарз сўради. Аммо 3 миллион сўм ҳеч қаердан топилмади.

Бу орада Сожида деярли ҳар ку­ни қўн­­­­ғироқ қилиб, пулни сў­раб­ ҳоли-жонига қўймади. Уни «ваъдабоз, ёл­ғон­чи»­га чиқариб қў­йишдан ҳам тоймади.

Маломатлардан сабр косаси тўлган аёл ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қи­лишга мажбур бўлди.

Тегишли идоралар С. Боймирзаеванинг шикоятига асосан тезкор тадбир ўтказди.

Текин даромад орттириш пайи­да бўлган Сожида Муродова «келишилган» маблағни Санобар Боймирзаевадан олаётган пайтда жи­ноят­ устида қўлга олинди.

Суриштирув ва тергов чоғида С. Муродова сувдан қуруқ чи­қиб кетиш илинжида турли баҳоналарни рўкач қи­либ, «мен Санобар опадан 3 миллион сўм қарз сўраган эдим», дея ўзи­ни оқлашга уринди. Аммо тўп­ланган далил ва кўр­сатмалар унинг асл муддаосини фош қил­ди. Суд судланувчи С. Муродованинг жиноий қилмишларини муҳокама этиб, унга нисбатан қонуний жазо тайинлади.

Фирибгарлик ва товламачиликнинг умри қисқа. Афсуски, С. Муродова сингари кимсалар бу ҳақи­қатни ўз вақтида англаб етмайди. Сўнгги пушаймонликдан эса, фойда йўқ.

 

 

Икромжон ШАЙМАНОВ,

жиноят ишлари бўйича

Термиз шаҳар суди раиси,

Абдунаби БОБОЁРОВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: