СЎНГГИ «ПАРВОЗ»

Ўтган йилнинг 21 октябрь куни Оққўрғон туманининг «Хонобод» маҳалласида яшовчи Шавкат Рисқулов тоби қочиб қолган келини ва неварасини «Маданият» қишлоқ врачлик пунктига олиб келди. Келини фарзандини етаклаб, шифокор ҳузурига кириб кетгач, у машинада қолди.

Ўша пайтда уларни шу атрофда ўралашиб юрган, муқаддам ўғирлик, фирибгарлик ва транспорт воситасини олиб қочиш каби жиноятларини содир этган Рустам Давлатов (исм-шарифлари ўзгартирилган) кузатиб турган экан. Рустам айни вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолди.

— Сизни дўхтир чақиряпти, — деди у ичкаридан чиққан ки­ши бўлиб.

Бу гапга ишонган Шавкат ака «Дамас» автомашинасининг эшикларини ҳам қулфламай дарҳол ичкарига кириб кетди. Шунда Р. Давлатов машина очиқ қолганидан фойдаланиб, «Да­мас»­ни олиб қочади. Автомашинани Нурафшон шаҳри томонга ҳайдаб кетаётганда Абдужалил Турдалиевнинг «Дамас» автомашинаси билан тўқ­нашади. Натижада асфальт йўлдан чиқиб кетиб, автомобиль тут дарахтига бориб урилади. Рустам А. Турдалиевга жароҳат олганини айтиб, отасини чақириб келиш баҳонасида воқеа жойидан қочиб қолади. Устига устак, Шавкат Рис­қуловнинг машинада қолиб кетган «Нокиа-1616» русумли уяли телефонини ўғирлаб кетишни ҳам унутмайди.

«Ўрган кўнгил ўртанса қўй­мас» деганлари рост экан. Р. Давлатов воқеа жойидан қо­чиб кетгач, йўлда «Дамас» автомашинасига йўловчи сифатида ўтиради. Шунда йўловчи Д. Эшбоеванинг нимчаси чўнтагидаги бозор баҳоси 2 300 000 сўмлик «Самсунг А-30» русумли уяли телефонга кў­­­зи тушади.

Киссавур уни ҳам ўғирлаб, Нурафшон шаҳрига етганда бамайлихотир машинадан тушиб қолади.

Эртаси куни Рустам Жиззах вилоятига йўл олади. Қайтишда Насриддин Маликовнинг «Нексия-2» русумли автомашинасига йўловчи сифатида ўтиради. Автомашина Сирдарё туманида жойлашган «Делфимедход» масъулияти чекланган жамиятига қа­рашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасига ёқилғи қуйиш учун тўхтайди. Шу аснода ҳайдовчи ов­қатланиш учун тамаддихонага киради. Ана шунда Р. Давлатов ҳайдовчини алдайди.

— Калитингизни бериб туринг, телефонимни қувватлантириб олай, — дея автомашина­ калитини қўлга киритади. Ке­­­­йин эса, машинанини олиб қо­чади.

У автомашинани шундай тез ҳайдайдики, оқибатда бош­қарувни йўқотиб, Сирғали тумани ҳудудидаги зовурга ту­­­­шиб кетади. Сўнг эвакуватор ҳайдовчиси Муроджон Зухуров ёрдамида автомашинани зовурдан олиб чиқади-да, Сир­ғали туманидаги «Қо­дир­қул ота сервис» масъулия­ти чекланган жамиятига қа­рашли устахонага олиб келади.

— Машинани тузатиб берсангиз. Мен аккумуляторини алмаштириб келаман, — деб илтимос қилади у уста Тўхта Ҳусановга.

Фирибгар автомашинадаги «Атланд» русумли аккумуляторни ечиб олиб, уни эҳтиёт қисм­лар билан савдо қилувчи Исломжон Убайдуллаевга арзон-гаровга сотиб юборади. Эртаси куни Нас­риддин Маликовнинг 500 000 сўмлик уяли телефонини пойтахтнинг «Чорсу» бозорида нотаниш кимсага 150 000 сўмга пуллайди.

Орадан икки кун ўтгач, Рус­там яна уста Т. Ҳусановнинг олдига келади.

— Автомашина созми?, — сўрайди у бамайлихотир.

— Соз бўлди. Пулини тў­лаб, ҳайдаб кетаверинг, — дейди бунга жавобан уста.

Жиноятчи бу маҳал галдаги қабиҳ қилмишини амалга оширишни режалаштираётган эди.

— Илтимос, телефонингизни бериб туринг. Отам пулни олиб келиши керак эди. Сўраб кўрай-чи, қаерда экан, — дея у Т. Ҳусановнинг нархи 2 500 000 сўмлик «HUAWEI Y5» русумли те­лефон аппаратини қўлга киритади. Уста ўз ишлари билан чалғиб турганда Рустам қочиб кетади.

Р. Давлатов бу телефонни ҳам «Чорсу» бозорида 150 000 сўмга пуллайди.

Лекин у телефонни сотиб, пулига кайфу сафо қилаётганда жиноий қилмишлари якунига етганини ҳа­ли билмас эди. Жабрланувчиларнинг мурожаатлари асосида жиноятчи тез орада қўлга олиниб, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов жараёнида судга оид дактилоскопик экспертизасининг хулосасида Насриддин Маликовга тегишли «Нек­сия-2» русумли автомашинадан олинган 14 дона бармоқ изларидан 6 таси Рустам Давлатовга тегишли экани аён бўлди. Баҳолаш хулосасига асосан Ш. Рисқуловга 31 356 013 сўм, А. Турдалиевга 2 788 500 сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланди.

Албатта, содир этилган жиноят учун муқаррар жазодан ҳеч ким қочиб қутулолмайди. Шу маънода айтганда, жи­ноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани суди Р. Давлатовни Жиноят ко­дексининг 168-моддаси 1-қис­ми, 169-моддаси 3-қисми «а» банди ва 267-моддаси 2-қис­ми «а», «г» бандлари билан айб­дор деб топиб, унга қонуний жазо тайинлади. Судланувчига жазо тайинлашда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 2020 йил 25 декабрдаги ҳукми билан та­йин­ланган жазонинг ўталмай қолган қисми ҳам инобатга олинди. Қолаверса, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш ҳам белгиланди.

Бироқ ашаддий жиноятчи суд ҳукмидан норози бў­либ, Тошкент вилояти судига апелляция шикояти берди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, биринчи инстанция суди иш­ни кўришда амалдаги Жиноят­-процессуал кодекси талабларига тўлиқ риоя қилган ҳол­да аниқланиши лозим бўл­ган барча ҳолатларни синчковлик билан тўлиқ ва холисона текшириб, судланувчининг муқаддам бир неча бор судлангани, етказилган моддий зарарлар қопланмагани, жабрланувчиларнинг даъвоси борлиги ҳам­да содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини эътиборга олиб, қонуний жа­­зо тайинлаган. Шу боис суд ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Жиноятчи эндиликда қилмишига яраша жазосини ўтайди.

 

 

Санжар Исоқулов,

жиноят ишлари бўйича

Оққўрғон тумани суди раиси,

Саидаҳрор УМАРОВ,

Тошкент вилояти суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: