СУИИСТЕЪМОЛ БЎЛГАН ИШОНЧ ЁХУД СУДДА ФОШ БЎЛГАН ФИРИБГАРЛИК

Ёлғоннинг умри қисқа. Шунга қарамасдан унинг домига тушадиганлар ҳам топилади. Айниқса, фирибгар кимсаларлар ёлғондан жуда усталик билан фойдаланади. Қуйидаги воқеа тафсилоти шу ҳақида.

Суд мажлисида айбига тў­лиқ иқ­рор бўлиб, суддан енгил жазо беришни сўраган Бобур Ботиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) одамларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, уларни алдаш ва чув тушириш эвазига кун кўришга одатланган. У таниши Зо­кир Қодировга даромадли тадбиркорлик билан шуғулланаётгани, агар шерикликка қўшилса, фойдани тенг бўлишини айтади. Унинг ваъдаларига ишонган Зокир 40 минг АҚШ долларини беради.

Ўзи­ни хориждан автомобилларга эҳтиёт қисм­ларни олиб ке­лиш фаолияти билан шуғулланадиган корхонанинг раҳбари сифатида таништирган Бобур маблағни олгач, тилхат ёзиб беради. Танишига нисбатан ишончи янада ортган Зокир мўмай даромадни ку­та бошлайди. Бироқ орадан ойлар ўтса-да, чет элдан эҳтиёт қисмларнинг етиб келиши чўзилгандан-чўзилаверади.

Бобур ишончли баҳоналар билан Зокирнинг қўйнини пуч ёнғоқ билан тўлдираверади. Бутун дунё бўйлаб коронавирус пандемиясининг бошлангани Бобур учун вазиятдан чи­қишнинг кутилмаган имконияти бў­либ хизмат қи­лади. У пулини сў­рай­верган Зокирга пандемия туфайли че­гаралар ёпилганини рўкач қи­лади. Ёлғонлардан тоқати-тоқ бўл­ган Зокир ниҳоят унга ортиқ ишонмаслигини айтиб, олган пулни қайтаришни қатъий талаб қилади.

Ам­мо Бобур яна кутиш зарурлигини уқтиради. Шундан сўнг Зокир алданганини англаб етиб, ҳуқуқни муҳофаза қи­лув­чи идорага шикоят ариза билан мурожжат этади.

Суриштирув ва тергов чоғида Бобур хориждан автомобиллар эҳтиёт қисмлари олиб келиш учун ҳеч қандай шартнома тузмагани, Зокирдан олган пулни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани маълум бўл­ди.

Ажабланарлиси шундаки, у пулларни нимага ва қаерга ишлатганини аниқ эслай олмас эмиш.

Судда Бобур сурбетларча жабрланувчига етказилган зарарни озодликка чиққанидан сўнг қоплаб беришини маълум қилди. Албатта, суд унга нисбатан қонуний жазо тайинланди. Лекин ишонувчанлиги туфайли пешона тери би­лан топган катта миқдордаги пулидан айрилган Зокирнинг қалбида ишончсизлик илдиз отгани шубҳа­сиз. Ана шу омил ҳаммасидан хавфли бўлиб, келгусида оғир оқи­батларга олиб келиши мумкин. Зеро, ҳаёт ўзаро меҳр, ишонч ва садоқат сингари инсоний фазилатлар билан гўзал ва тўкис.

Шу боис жамиятда фирибгарлик иллати пайдо бўлишига асло йўл қўймаслик, ун­га қарши доимий курашиш зарур.

 

 

Бахтиёр Алимов,

жиноят ишлари бўйича

Сергели тумани суди раиси

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: