СУИИСТЕЪМОЛЧИЛИК ОҚИБАТИДАГИ НИЗОЛИ ҲОЛАТЛАР СУДДА ҲАЛ ЭТИЛДИ

Жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги низоли, зиддиятли масалаларни ҳал этиш, ҳуқуқий аҳамиятга молик фактларни белгилаш билан боғлиқ ҳолатлар мамлакатимизнинг фуқаролик ва иқтисодий муносабатларга оид қонунчилигида ўзининг теран ифодасини топган. Уларнинг мазмунида инсонийликнинг адолат, ҳалоллик, поклик, холислик аталмиш меъёрлари мужассам.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 9-моддасига кўра, фуқаролик ҳуқуқларини амалга ошириш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

Фуқаролар ва юридик шахс­лар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларини ҳурмат қилиши, тадбиркорлар эса, иш одоби қоидаларига ҳам риоя этиши керак.

Бошқаларга зарар етказиш, ҳуқуқини ўзгача шаклда суиистеъмол қилиш, бу ишни уларнинг мақсадига зид тарз­да амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Шундан ҳам аёнки, амалдаги қонунлар чин инсонийлик ва соф виждоний туйғуларни улуғлайди. Бироқ инсон табиати турфа хил. Қонун битта бўлса-да, унга бўлган қараш ва муносабатларнинг ҳар хил экани низоли ҳолатлар рўй беришига сабаб бўлади. Таассуфки, шундай ҳолат Хоразм вилояти Қўриқлаш бош­қармаси фаолиятида ҳам кузатилди. Бу идора раҳбарияти ўтган йил кузида Боғот туманлараро иқ­тисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Khiva Gulshan Dehqon Bozori» масъулияти чекланган жамиятидан 28,5 миллион сўм миқдоридаги хизмат ҳақини ундириб беришни сўради.

Ҳуқуқий манбаалар етарли бўлган, ариза ва шикоятларда аксини топган даъво фактлар, далиллар асосида исботлаб берилган ва суд жараёнида тасдиғини топган ҳолатларда сўров сўзсиз қаноатлантирилади.

Шуни назарда тутсак, 28,5 миллион сўмлик хизмат ҳақини ундириш юзасидан судга мурожаат қилган тарафнинг даъвосини тасдиқловчи бир қатор ҳолатлар мавжудлигини эътироф этиш керак. Жумладан, томонлар ўртасида қўриқлаш хизмати юзасидан 2019 йил 17 июнь ва 2020 йил 1 февралда 2 та шартнома расмийлаштирилган.

Ушбу ҳужжатларга биноан, Қўриқлаш бошқармаси «Khiva Gulshan Dehqon Bozori» масъулияти чекланган жамиятининг «Кўҳна Хива» кўчасидаги маъмурий биноси ҳудудини 1 нафар соқчи ажратиш йўли билан кунига 12 соат мобайнида қўриқлаш мажбуриятини зиммасига олган. Кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўлаш буюртмачининг гарданига юклатилган. Лекин орадан бироз фурсат ўтгач, буюрт­мачи тўнини тескари кийиб, тўловдан очиқчасига бош тортган. Шу боис зиддият келиб чиққан.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 665-моддасида қайд этилишича, маиший пудрат шартномаси бўйича иш тегишли даражада ёки умуман бажарилмаган тақдирда буюрт­мачи бу борадаги зарарнинг ўрнини қоплаш учун ўзига берилган ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.

Ишни судда кўриш асносида масаланинг айни шу жиҳати маълум бўлди.

Буюртмачи тараф — «Khiva Gulshan Dehqon Bozori» масъулияти чекланган жамияти билан «Хоразм ўун­ча» масъулияти чекланган жамияти бир бинода жойлашгани ва фаолият кўрсатаётгани ойдинлашди. Қўриқлаш бошқармаси айнан шундай мазмундаги шартномани 2019 йил 17 сентябрда «Хоразм ғунча» масъулияти чекланган жамияти билан ҳам тузгани аниқланди. Ҳар иккала корхона ҳудудини қў­риқлаш хизмати тарафидан ажратилган 1 нафар соқчи қўриқлаб келган ва кўрсатилган хизматга яраша ҳақ тўланган.

Бундай ҳолатда ижрочи ҳар иккала ташкилот билан алоҳида тузилган шартномага мувофиқ уларнинг ҳар бирига 1 нафар соқчининг хизмат кўрсатишини таъминлаши зарур эди. Аммо иккита юридик шахс­га тегишли битта бинони қўриқлаш учун 1 нафар соқ­чининг ўзи кифоя ва қўриқлаш хизмати мантиқнинг ана шу жиҳатига риоя этган. Иккита ташкилотга қарашли битта бинони амалда 1 нафар соқчи қўриқлаган. Шундай бўлса-да, 2 нафар ходим учун хизмат ҳақи сўралган. Иш вақти туга­ганидан сўнг ҳар иккала ташкилотга қарашли бинони қў­риқлаш бўйича соқчилар ўртасида хизмат жойини топшириш ва қабул қилиш журнали белгиланган тартибда юритилмагани илгари сурилган даъвонинг ноўрин эканини кўрсатди.

Даъвони қаноатлантириш учун асос йўқлиги рўй-рост ойдинлашди ва рад қилинди.

Судга тақдим этилган бир қатор ҳолатлардан сўнг Хоразм вилояти адлия бошқармасининг Хива шаҳар ҳокимлиги ва шаҳардаги «Бекчан уста» масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2019 йил 26 январь куни имзоланган 40-сонли келишув шартномасини бекор қилиш ва шаҳар ҳокимлигидан тадбиркорлик субъекти фойдасига етказилган зарар учун 414,3 миллион сўм миқдорида маблағ ундиришга қаратилган даъвоси ҳам сал бўлмаса чиппакка чиқаёзди. Ҳокимлик бу даъвога қарши бир қатор факт ва далилларни илгари сурди.

Аниқланишича, Хива тумани ҳокимининг 2012 йил 1 майдаги 447-сонли қарорига биноан «Бекчан уста» масъулияти чекланган жамиятининг «Пахта тайёрлов маскани» Амир Темур кўчасидаги 20,9 минг квадрат метр саҳн­ли бино ва иншоотларига нисбатан эгалик ҳуқуқи белгиланган. Қарор давлат рўйхатидан ҳам ўтказилган.

Аммо туман ҳокими 2017 йил 22 мартда бошқа бир қарорга ҳам имзо чеккан.

Унда Хива шаҳрининг янги бош режаси лойиҳасини амалга ошириш асносида «Мевастон», «Янги турмуш», «Калтаминор» маҳалларида жойлашган бир қатор қурилмалар, жумладан, «Бекчан уста» масъулияти чекланган жамиятига қарашли бино-иншоотларни ҳам давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиб олиш кўзда тутилган. Туман ҳокимлигининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини ке­йинчалик Хива шаҳар ҳокимлиги давом эттирган ва «Бекчан уста» масъулияти чекланган жамияти билан 40-сонли келишув шартномаси расмийлаштирилган. Унда корхона раҳбари ўзига қарашли ер-мулклар жойлашган ҳудуд олиб қўйилиши эвазига берилиши зарур бўлган компенсация тўловидан воз кечгани қайд қилинган.

Ўзаро келишувга мувофиқ шаҳар ҳокимлиги «Қиёт» маҳалласидаги 858-сонли контурда бўш турган 3 гектар ер майдонини «Бекчон уста» масъулияти чекланган жа­мия­тига ажратиб бериш мажбуриятини зиммасига олган. Бироқ «қилдан қийиқ» чиққан.

Ҳокимнинг бу борада қабул қилган қарори лойиҳаси Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳу­зуридаги комиссия йиғилишида кўриб чиқилган пайт­да «Бекчон ота» масъулияти чекланган жамияти учун танланган майдон алоҳида қимматли ер участкалари тоифасига киргани маълум бўлган. Шу боис қарор лойиҳаси маъқулланмаган. Лекин шаҳар ҳокимлиги қараб турмаган. Ер-мулк эгаси билан тегишли тартибда келишмаган, компенсация тўловини олдиндан амалга оширмаган ҳолда жамиятга қарашли бино ва иншоотлар бузиб ташланган. Зарарнинг ўрни қопланмаган. Натижада муроса-ю мадора ўрнини низо эгаллаган.

Амалдаги тартиб-қоида (Фуқаролик кодексининг 84-моддаси) га кўра, кўчмас мулк­ка эгалик ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўти­ши, чекланиши, бекор бўлиши ҳоллари расман қайд қилиниши, яъни давлат рўйхатидан ўт­казилиши керак. Лекин айни ҳолатда ушбу қоидага риоя этишнинг имкони йўқ. Даъвогар ва жавобгар ўртасида қонунда белгиланган тартибда келишув шартномаси тузилмагани масъулияти чекланган жамиятга қарашли ер-мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш имконини бермайди. Бундан ташқари тарафлар шартноманинг барча муҳим жиҳатлари бў­йича ҳам келишувга эришмаган.

Ана шу ҳолатлар инобатга олинса, шаҳар ҳокимлигининг ўзаро келишув мавжуд бўлмаган ҳолда «Бекчон ота» масъулияти чекланган жамиятининг даъвосини рад этиш ҳақидаги талабини асосли деб бўл­майди. Бунинг устига даъвогар тараф судгача ўтган вақт мобайнида ҳам ҳокимликка бир неча марта мурожаат қилиб, 414,3 миллион сўм ҳажмидаги зарарни тўлаб беришни сўраган. Ҳокимлик даъвогарга «Ангариқ» маҳалласи ҳудудидан ер майдони ажратилишини маъ­­лум қи­лиш билан чекланган. Лекин даъвогар бунга розилик билдирмаган, келишув яна ора йўлда қолган. Шу аснода масъулияти чекланган жа­мия­ти раҳбари томонидан адолат ва одилликни сўраб, бошқа мутасадди идораларга қи­линган мурожатлардан ҳам наф чиқмаган.

 

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 14-моддаси иккинчи қисмига кўра, зарар деганда, «Ҳуқуқи бузилган шахснинг ушбу ҳуқуқни тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажати, мол-мулки йўқолиши ёки шикаст­ланиши (ҳақи­қий зарар), шунингдек, бу шахс ўз ҳуқуқ­лари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи ша­роитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади».

Ер кодексининг 39-моддасида ер эгаси, ундан фойдаланувчи, мулкдор, ижарачи ер участкаси олиб қўйилган тақдирда унга етказилган зарар (шу жумладан, бой берилган фойда) нинг қопланишини ёки ер участкасидан ихтиёрий равишда воз кечилганида сарф­ланган харажатларнинг тўланишини талаб қи­лиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Кодекснинг 41-моддасида эса, етказилган зарар (шу жумладан, бой берилган фойда) тўлиқ ҳажмда қопланиши кераклиги уқдирилган.

«Хусусий мулкни ҳимоя қи­лиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида давлат органининг мулкдорга қарашли мол-мулкни бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, унинг тасарруфидаги уй-жой, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қў­йиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқу­қининг бекор қилинишига фақатгина қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиши белгиланган. Бундай ҳолларда мулк­дорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарлар ёки мулк ҳу­қуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зиённинг ўрни тўлиқ ҳажм­да қопланади. Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг «Ер участкалари олиб қў­йилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулк­дор­ларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги Низомни тасдиқлашга оид 911-сонли қарори (2019 йил 16 ноябрь) ҳам ер-мулк эгаларининг устувор ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда алоҳида муҳим аҳамият касб этгани, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мўл­жалланган ер майдонлари ва мулкий бойликлар эвазига компенсация тўловларини амалда кафолатлаш омилига айланганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Суд жараёнида даъвогарга тегишли бино ва иншоотлар «Хоразм эксперт баҳолаш» масъулияти чекланган жамия­ти томонидан 414,3 миллион сўмга баҳолангани ва бу бўйича «ELIT INNOVATSION BAHOLASH» ташкилотининг экспертиза хулосаси мавжудлиги инобатга олинди.

Шу аснода ҳақиқат, адолат ва қонун даъвогар тарафида экани аён бўлди.

Суднинг ҳал қилув қарорига асосан Хива шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан «Бекчон ус­та» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 414,3 миллионлик мулкий зарар ундириладиган бўлди. Айни пайт­да 8,3 миллион сўм­лик давлат божи тўлови ҳам ҳокимлик гарданига тушди.

Хайриятки, низо газак олмай барҳам топди ва қонун тантана қилди.

 

 

Баҳодир Давлатов,

Боғот туманлараро

иқтисодий суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: