СУД ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ ЯНГИ ҚОНУН

Сўнгги йилларда суд фао­лия­тини тартибга солувчи қа­тор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва улар суд тизимини янги бос­қичга олиб чиқди.

2016 йил охирларига келиб, мамлакатимизда судларни янада ихтисослаштириш, маъмурий судларни ташкил этиш, ихтисослашган судьяларни қатъий сақлаб қолган ҳолда ягона суд тизимини жорий этиш бўйича дадил қадамлар ташланди. Ке­йинги тўрт йилда қабул қилинган кўплаб қонун ҳужжатлари «Янги Ўзбекистон — янги суд» даврини бошлаб берди.

Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги қонун юқо­рида қайд этилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми, қонуний асоси бўлди.

Суд ҳокимияти ва суд тизими фаолияти ҳуқуқий асосларини ўз ичига олган янги нормалар билан тўлдирилган «Судлар тўғрисида»ги қо­нун муқаддам қабул қилинган қо­нунлардан тубдан фарқ қилади. Қонун талаблари, ихтисослашувни қатъий сақлаган ҳол­да, судларни бир тизимга солишда, судья­лар­нинг мустақиллиги, масъулия­тини оширишда, суд бос­қичларига «бир суд — бир инстанция» тамо­йилини қўл­лашда муҳим аҳа­мият­ касб этади.

Мазкур янги қонуннинг қабул қилинишида Президентимизнинг:

— 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси;

— 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисо­диёт­ йили»да амалга оширишга доир давлат дас­тури;

— 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони дас­туриламал бўлди.

Айтиш керакки, ушбу янги қонунда судларнинг вазифалари янада аниқлаштирилди ва бойитилди. Жумладан, фуқароларнинг Конституция ва қонунлар, халқаро шартномаларда кафолатланган ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, давлат ва жамият манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш судларнинг асосий вазифалари эканлиги белгилаб қў­йилди.

Ушбу таҳририй ўзгариш суднинг нафақат фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, балки давлат ва жамият манфаатларини, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳам ҳимоя қилишга қаратилган вазифаларини аниқлаштириш билан боғлиқдир.

Бундан ташқари суд тизимида кенг жорий этилаётган очиқлик ва шаффофлик тамойили янги қонунда ҳам ўз ифодасини топди. Қонуннинг олдинги таҳририда суд очиқлиги фақат суд мажлисларини очиқ ёки ёпиқ тарзда ўтказиш билан боғлиқ бўлгани сир эмас. Янги таҳрирда суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкинлиги белгилаб қў­йилди.

Шунингдек, суд раҳбарияти жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориши ҳам қатъий қайд этилди.

Шунингдек, янги қонун билан судьялик лавозимига номзодлар учун бир қатор талаблар аниқлаштирилди ва тўл­­дирилди. Натижада судья бўлиш учун ўз номзодини илгари сураётган Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ягона мезонлар белгиланди. Номзодлик мақомини олишга доир чекловлар билан боғлиқ ҳолатлар қонунчилик даражасида кўрсатиб берилди.

Жумладан, жиноят содир этганликда айбланаётган, илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилинмайдиган асослар бўйича тугатилган, чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган, психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган ҳамда судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бош­қа касалликка чалинган шахс судьялик лавозимига номзод бўлишига йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари янги қонунда судья­нинг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 3, 21-моддалари ва Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларидан келиб чиқадиган мажбуриятлари ҳам аниқлаштирилди.

Жумладан, судья нафақат Конституция ва қонунларга оғишмай риоя этиши, балки фуқаро ва ташкилотларнинг ҳу­қуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати, мулкий ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши ҳамда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига ва одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний аралашишга уринишларга қаршилик кўрсатиши шарт.

Қонунда кўрсатилган мажбуриятларини бажармаган тақдирда, судьяга нисбатан огоҳлантириш, ҳайфсан, ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима, малака даражасини бир поғонага пасайтириш ҳамда ваколатларини муддатидан илгари тугатиш каби интизомий жазо чораларидан бири қўлланиши мумкин.

Албатта, интизомий жазо чоралари қўлланаётганида қоидабузарликнинг хусусияти ва оқибатлари, ножўя хатти-ҳаракатнинг оғир-енгиллиги, судьянинг шахси, айбдорлик даражаси инобатга олинади.

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фао­лия­тини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони доирасида 2021 йил 1 январдан эътиборан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умум­юрисдикция судларини, ихтисослик (фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий) сақланган ҳолда туманлараро, туман (шаҳар) судларини тузиш назарда тутилган.

Қонунда ушбу ташкилий ўзгаришларни инобатга олган ҳолда барча бўғин судлари раҳбарияти — раис ва ўринбосарлари ваколатлари қайтадан ишлаб чиқилди ва тўлдирилди.

Хулоса ўрнида айтганда, «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши судлар ва судьялар фаолиятини янги босқичга олиб чиқди.

Судлар мус­тақиллигини таъминлашда янги даврни бошлаб берди.

 

 

Жаҳонгир Юлдашев,

Олий суд Аппарати раҳбари

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: