СУД БУЙРУҒИ ИНСТИТУТИ ИҚТИСОДИЙ СУД ИШЛАРИДА САМАРАЛИ ҚЎЛЛАНИЛМОҚДА

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида суд фаолиятида тараққий этган давлатлар тажрибасида муваффақиятли синовдан ўтган институтлар самарали тадбиқ этилмоқда. Бу, ўз навбатида, тарафлар қатори судьяга ҳам кенг қулайлик яратмоқда. Ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш ана шундай усуллар сирасига киради. Уларнинг ичида суд буйруғи институти қатор афзалликлари билан алоҳида ажралиб туради.

Иқтисодий судларда кенг қўлланаётган суд буйруғи — берилган аризани судья томонидан суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздорни чақиртирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда қабул қилинадиган суд ҳужжатидир.

У ундирувчининг пул маблағини ундириш тўғрисидаги ёки кўчар мол-мулкни низосиз талаблар бўйича қарздордан талаб қилиб олиш ҳақидаги аризаси бўйича суд муҳокамаси тайинланмасдан қабул қи­линади.

Суд бўйруғи бериш асослари Иқтисодий процессуал кодекснинг 17-бобида қайд этилган. Суд буйруғи беришнинг асосий хусусияти тарафлар, яъни кредитор ва қарздорнинг юзага келган қарздорликни ҳужжатлар асосида тан олингани фактининг мавжудлигида ўз аксини топган.

Суд буйруғи беришда қу­йи­даги ҳолатларга эътибор қаратиш зарур.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 135-моддасида қайд этилганидек, суд буйруғи:

биринчидан, солиқ қарзини ундиришни юридик шахс­лар ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш;

иккинчидан, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни ундириш;

учинчидан, ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш;

тўртинчидан, талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцепт­га сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қи­линишига асосланган;

бешинчидан, ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбу­рият­лари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қа­ратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, якка тартибда берилади.

Албатта, кредитор суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмунига риоя қилиши лозим. Бундай ариза судга ёзма шакл­да, судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилиши ҳамда кредиторнинг шахсан ўзи ёки унинг вакили томонидан, ваколатларини тасдиқловчи ишончнома асосида, имзоланиши зарур.

Суд буйруғи бериш ҳақи­даги аризада кредиторнинг қо­нун ҳужжатларига асосланган талаби, талабга асос бўл­ган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар, ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби қайд этилиши керак.

Ундирув қарз­дорнинг мажбу­рият­лари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулк­ка қаратилган тақдирда эса, ундирилаётган кўчар мол-мулк­нинг тавсифи ва тўланмаган тў­ловлар суммасининг ҳисоб-китоби, ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр ҳамда илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши лозим.

Кредитор суд буйруғини бе­риш тўғрисида ариза тақдим этганда, унинг нусхасини қарздорга топшириши шарт. Шунингдек, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ари­зага давлат божи ҳамда почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тў­лангани, аризанинг нусхаси қарздорга топширилганини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Иқтисодий процессуал кодекснинг 143-моддасига мувофиқ, қарздор кредиторнинг талабларига қарши эътирозини суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кў­чирма нусхаси унга топширилган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддатда судга тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли. Қарздорнинг эътирозни белгиланган муддатда тақдим этмагани, шунингдек, унинг билдирилган талабга розилиги суд буйруғини бериш учун асос бўлади.

Суд буйруғини бериш тўғ­рисидаги аризага эътироз қарздор ёки унинг вакили то­монидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган эътирозга ишончнома илова қилиниши шарт.

Агар қарздор талабига нисбатан эътироз билдирилмаган бўл­са, суд буйруғида талаб нима ҳақида экани, кредитор ва қарз­дорнинг номи, уларнинг жойлашган почта манзили ёки яшаш жойи, ундирилиши лозим бўлган пул суммаларининг миқдори ёки ундирув қаратилаётган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кў­чар мол-мулк, унинг тавсифи ва баҳоси, ундирилаётган қарз ҳосил бўлган давр, неустойка, агар у тўланиши лозим бўлса ва қарздор томонидан тан олинган бўлса, ундирилиши лозим бўлган давлат божи ва почта харажатларининг суммаси кўрсатилган бўлиши керак.

Суд буйруғи қабул қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради. Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга ва у суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда ижро этилиши шарт.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, иқтисодий судларда суд буйруғи институти тарафлар учун қулайлик яратади. Шунинг баробарида судьянинг иш юкламасини камайтириб, ортиқча вақт ва оворагарчиликларнинг олдини олади.

 

 

Абдулла САФАРОВ,

Косон туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: