СУД-БИОЛОГИК ЭКСПЕРТИЗАСИ ШУБҲА-ГУМОННИНГ ТЎҒРИ ЭКАНИНИ ТАСДИҚЛАДИ

Халқимиз «гумон иймондан айиради» дея бежизга атмаган. Чунки асоссиз шубҳа-гумонга берилиб, кимнидир айблаш охир-оқибат кўнгилсиз воқеа билан тугаши аниқ. Айниқса, эр ёки хотин ўртасида бир-бирига нисбатан шубҳа-гумон уйғонса, табиийки, ўртада тинчлик-тотувлик йўқолади, оила устунларига дарз кетади. ¤заро ишонч, хотиржамлик ўрнини безовталик эгаллайди.

Мисол учун айтсак, М. Юнусов (исм-шарифлар ўз­гар­тирилди) билан Ж. Зуфарова ўртасидаги никоҳ 2008 йилнинг 1 декабрь куни қонуний тартибда расмийлаштирилган. Улар оила қуришгач, ўр­таларида бир нафар фарзанд туғилган.

2017 йилда эр-хотин ишлаш мақсадида хорижий давлатга боришади.

Хорижда ишлаб юрганда, эрининг кўнг­лида хотинига нисбатан шубҳа пайдо бўлади. Буёғини сўрасангиз, бунга асос ҳам йўқ эмас эди.

Ҳомиладор Ж. Зуфарова Ўзбекистонга, уйига қайтиб келгач, қиз фарзанд кўради. Болага Мамадиёр Юнусовнинг фамилиясини беришади.

Мамадиёрда эса, бола ўзининг фарзанди эканлигига шубҳа бор эди. Шу сабаб у судга даъво ариза билан мурожаат қилди.

Суд томонидан қизалоқнинг отасини аниқлаш мақсадида одам ДНКси экспертизаси тайинланди. Экс­пертиза хулосаси билан 2019 йил 26 октябрь куни туғилган қизалоқнинг отаси Мамадиёр Юнусов эмаслиги тасдиқланди.

Шундан сўнг М. Юнусов судга жавобгар Ж. Зуфаровага нисбатан оталикка эътироз билдириш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Даъвогарнинг даъво аризаси очиқ сайёр суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди.

Суд мажлисида жавобгар Ж. Зуфарова даъвони тан олмади. У ўз тушунтиришида даъвогарнинг барча важлари нотўғри эканлигини айтиб, фарзандининг отаси М. Юнусов эканлигини, одам ДНКси суд-биологик экспертиза хулосасига қўшилмаслигини билдирди ва даъвони рад қилишни сўради.

Суд ушбу фуқаролик ишини иш ҳужжатларига таяниб, кўриб чиқди. Маълум бўлишича, М. Юнусов билан Ж. Зуфаровалар ўртасидаги биргаликдаги турмушларидан икки нафар фарзанд туғилган. Туман ФХДЁ бўлими томонидан 2019 йил 28 октябрь куни берилган 3807-сонли туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада қи­за­лоқ­нинг 2019 йил 26 октябрь куни туғилганлиги, отаси устунида Мамадиёр Юнусов деб қайд этилган.

Суд томонидан одам ДНКси суд-биологик экспертизаси тайинланганидан юқорида воқиф бўлган эдингиз. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2020 йил 8 майдаги хулосасида М. Юнусовнинг қизчага нисбатан биологик оталиги тасдиқланмаганлиги қайд қи­линган.

Суд, ушбу фуқаролик иши юзасидан адолатли тўхтамга келиш учун, Оила кодексининг 63-моддасига таянди. Чунки ушбу моддага кў­ра, туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишига оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади. Боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақ­лидир. Агар шу вақтга ке­либ, боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс вояга етмаган бўлса, бир йиллик муддат мазкур шахс ўн саккиз ёшга тўлган вақтдан бошлаб ҳисобланади.

Энди хулоса қилиш мавриди етган кўринади. Гап шундаки, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси шуб­ҳа-гумоннинг тўғрилигини тасдиқлади. Иш ҳолатлари ва юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, суд даъвогар М. Юнусовнинг жавобгар Ж. Зуфаровага нисбатан оталикка эътироз билдириш ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди.

Суднинг мазкур қарори би­лан 2019 йил 26 октябрда туғилган қиз Ю. К. номига туман ФХДЁ бўлимида қайд қилинган 2019 йил 28 ок­тябр­даги 527-сонли далолатнома ёзувининг ота устунидаги Мамадиёр Юнусов тўғрисидаги маълумотлар бе­кор қилинди. ФХДЁ бўлими зиммасига далолатнома ёзувига ўз­гар­тириш киритиш мажбу­рия­ти юклатилди.

 

 

Отабек ТЕМИРОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Каттақўрғон туманлараро

судининг судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: