СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ-КОММУНИКАЦИЯ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ: БУЮК БРИТАНИЯ ТАЖРИБАСИ

Сўнгги йилларда мамлакатимиз судлари фаолиятига замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу, шубҳасиз, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя килиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш имконини бермоқда.

Натижада одил судловга эришиш ҳамда судлар фаолия­тида очиқлик ва шаффофлик таъминланмоқда.

Бу соҳадаги ислоҳотларнинг бош мақсади — судларга мурожаат қилувчилар учун кенг имкониятлар яратиш, фуқароларнинг одил судловга бўлган мустаҳкам ишончини янада юксалтиришдан иборатдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан яна бири — бу низоларни онлайн ҳал қилиш тизимининг йўлга қўйилишидир.

Айни шу мақсадда Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрда «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўІрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарорда суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан, мобил қурилма­лар ва электрон ҳамкорликнинг бош­қа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, шунингдек, иш бўйича тарафлар учун суд қа­рорларини онлайн тарзда олиш имкониятини яратиш суд ҳо­кимия­ти органлари фаолиятини рақамлаштиришнинг муҳим босқичларидан бири этиб белгиланган.

Дарҳақиқат, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида низоларни онлайн ҳал қилиш ҳаётий заруратдир.

Низоларни онлайн ҳал қилиш кўп­лаб хорижий давлатларда аллақчон муваффақиятли татбиқ этилиб келинмоқда.

Шу ўринда табиий бир савол туғилади: хўш, онлайн суд тизимининг амалдаги анъанавий суд иш юритувидан асосий фарқ­лари нимада? Бу тизимнинг суд ҳокимиятини барча фуқаролар учун қулай ва оммабоп тизимга айлантиришдаги имкониятлари қандай? Бу саволларга Буюк Британия суд ти­зимининг онлайн-платформасини қиёсий таҳлил қилиш орқали жавоб излаб кўрамиз.

Буюк Британия судларида даъво миқдори 10 000 фунт-стерлингдан юқори бўлмаган, кам аҳамиятли иқ­тисодий ва фуқаролик ишлари онлайн суд платформасида ҳал этилади. Ушбу онлайн платформани йўлга қўйишдан асосий мақсад — тарафларга ўзлари хоҳлаган жойдан туриб суд мажлисларида иштирок этиш имкониятини яратиш ва низони қисқа фурсатда ҳал қилишдан иборатдир.

Мазкур платформа 3 босқичли ишлаш тизимига эга.

Биринчи босқич «онлайн баҳолаш тизими» деб номланади. Бу босқич фойдаланувчиларга низонинг тури, асоси ва предметини аниқлаштиришда, судга мурожат қилувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришда ёрдам беради.

Иккинчи босқич «онлайн кўмаклашув» босқичидир. Бунда суднинг алоҳида ходими, яъни «онлайн маслаҳатчиси» судьянинг иштирокисиз тарафлар билан мулоқот қилиб, низони ҳал этишнинг муқобил усуллари бор-йўқлигини текширади. «Онлайн маслаҳатчи» бир вақтнинг ўзида медиаторлик вазифасини ҳам бажаради.

Мазкур босқичнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, «онлайн маслаҳатчи» низони судьянинг иштирокисиз ҳал қилади. Низо шу босқичда ҳал этилса, тўланадиган давлат божи миқдори низони судья томонидан ҳал қи­лиш учун тўланадиган давлат божи миқдоридан сезиларли даражада фарқ қилади, албатта.

Учинчи босқич эса, «онлайн судья» босқичидир. Ушбу босқичда тарафлар низони ўзаро келишув йўли билан ҳал қила олмаса, судья  жалб этилади.

Мазкур судьянинг қабул қилган қарори, одатий турдаги қарорлар билан бир хил кучга эга бўлса-да, ишни кўриш учун тўланадиган давлат божи миқдори кам бўлади.

Ушбу тизимнинг ўзига хослиги шун­дан иборатки, суд бир вақтнинг ўзида низони муқобил йўллар билан ҳал қилувчи медиатор вазифасини ҳам бажаради.

Кейинги йилларда судга мурожаат қилувчилар ва қатнашувчиларга қулайликлар яратиш борасида кўпгина ислоҳотлар амалга ошрилди.

Хусусан, судга электрон тарзда мурожаат қилиш, мурожаат ҳолатини онлайн кузатиб бориш, суд ҳужжатларини электрон тарзда қабул қилиш ва суд мажлисларига  видеоконференция хизмати орқали қатнашиш каби интерактив хизматларнинг жорий этилиши суд тизимининг кундан-кун шаффофлашиб бораётганидан далолатдир.

Бироқ хорижий мамлакатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаси шу­ни кўрсатмоқдаки, тизимни янада та­ко­мил­лаштириш зарурати мавжуд. Бунинг учун эса, миллий суд тизимимизга кам аҳа­миятли низоларни онлайн тарзда ҳал этиш усулини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Натижада низолар тез ва қулай усулда ҳал этилади. Мисол учун ҳо­зирги анъанавий иқтисодий судларда низони мазмунан кўриб чиқиш учун ўртача ҳисобда бир ой муҳлат талаб этилади.

Шунингдек, ушбу судларга келиб тушадиган даъволарнинг аксарият қисмини олди-сотди ва маҳсулот етказиб бериш шартномалари билан боғлиқ низолар ташкил этади. Одатда, бу низоларни ҳал этишда талаб этилган ҳужжатлар, яъни шартнома, ҳисоб-фактура, солиштирма далолатномалар тақдим этилса, низо қисқа муддатларда ҳал этилиши мумкин.

Фикримизча, агар шунга ўхшаш мураккаб бўлмаган низоларни онлайн суд тизими орқали ҳал этиш йўл­­га қўйилса, ишни кўриш муддатлари янада қисқариб, судга мурожаат қилувчилар учун қўшимча қулайлик яратилган бўларди.

Натижада фуқароларнинг судга мурожаати кўпайиб, низолар тез ва осон ҳал этилади. Ўз-ўзидан жамиятда суд ҳокимиятига ишонч ва судьяларнинг обрў-эътибори янада ортади.

Шунингдек, тарафларнинг суд биносига вақт сарфлаб келиб-кетиши ва навбатда кутиб туриш муаммоларига ҳам чек қўйилади. Тарафлар белгиланган вақтда ўзларига қулай бўлган жойдан суд муҳокамасига онлайн тарзда иштирок этишлари мумкин бўлади.

Ҳозирги рақамли иқтисодиёт ва технологиялар даврида макон тушунчаси асосий роль ўйнамайди. Балки бажариладиган хизматларнинг сифати ва муддати муҳимроқдир. Шу сабабли, суд тизимида онлайн хизматларни кенг жорий қилиш ҳозирги даврнинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда хорижий давлатларда низоларни мустақил тарзда ҳал қилувчи юридик фирмалар ҳам ташкил этилган. Улар томонидан яратилган сайтларда низолар жуда тез ва қулай усулларда ҳал этилмоқда. Қуйи­да уларнинг айримлари бўйича маълумотларни келтирамиз.

e.Bay – www.ebay.com

Ушбу сайт Европа давлатларида онлайн савдо-сотиқ билан шуғулланиб, ҳар йили 60 миллионтадан ортиқ савдо-сотиқ билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилади. Унда низо даставвал ўзаро келишув йўли билан ҳал этилиши учун тарафларга барча тушунмовчиликларни ҳал этишда ёр­дам кўрсатилиб, агар низо мазкур бос­қичда ҳал этилмаса, унда компаниянинг махсус ходими 10 иш куни ичида низони тўлиқ онлайн тарзда ҳал қилиб беради.

Modria www.modria.com

Ушбу сайт АҚШда турли хилдаги фуқаролик ва иқтисодий муносабатларга оид низоларни ҳал этишда оммалашиб бормоқда. Чунки мазкур сайт фойдаланувчиларга қулай имкониятлар яратиб, низони ўзлари истаган жойда тез ва арзон тарзда ҳал қилишга ёрдам бермоқда. Натижада кам аҳамиятли низоларни ҳал этишда судларга бўлган эҳтиёж камайиб, судлар низони ҳал қилувчи охирги босқич сифатида қўлланилмоқда.

 

 

Иброҳим Саидов,

Бухоро туманлараро иқтисодий

 суди судья ёрдамчиси ва

«Brunel University London» магистранти

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: