СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2022 йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 296 444 нафар шахсга нисбатан 248 137 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди.

186 288 нафар шахсга нисбатан жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ва чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини ҳақорат қилиш, енгил тан жароҳати етказиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши, солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, майда безорилик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ва ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Шу билан бирга транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 16 907 нафар шахсга нисбатан 16 760 та иш кўриб тамомланган. Шундан 16 415 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг 62 194 таси ёки 25,1 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 6 003 нафар шахсга нисбатан 5 096 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди. 1 545 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 504 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 698 нафар шахсга нисбатан 640 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилди. 162 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 81 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: