СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ОММАВИЙ-ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ
2022 йилнинг биринчи ярмида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 7 704 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 3 755 та фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Ҳисобот даврида маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги 4 716 та иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 2 641 тани ташкил қилиб, шундан жисмоний ва юридик шахсларнинг 1 008 та аризаси қаноатлантирилган.
Маъмурий судлар томонидан 1 959 та иш, яъни барча ишларнинг 25,4 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Вилоят ва унга тенглаштирилган маъмурий судлар томонидан апелляция тартибида 1 882 та иш кўриб чиқилди. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 278 та қарор бекор қилиниб, 33 та қарор ўзгартирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 1 452 та шикоят ва протестлар ўрганиб чиқилиб, шундан 719 таси иш материаллари асосида кўриб чиқилди. Натижада қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 107 таси бекор қилиниб, 3 таси ўзгартирилди.
Шунингдек, кассация инстанциясида 24 та иш такроран кўриб чиқилиб, 17 та суд қарори бекор қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси