СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ

2022 йил давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 652 960 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги 539 688 та иш кўриб чиқилди.

 

397 072 нафар шахсга нисбатан жарима, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш, муайян шахсни унга берилган махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ҳамда чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

 

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, ҳақорат қилиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, енгил тан жароҳати етказиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда солиқ солиш объектларининг ҳисобини ва ҳисоботини юритишнинг белгиланган тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш каби ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

 

Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 33 378 нафар шахсга нисбатан 33 099 та иш кўриб тамомланган. Шундан 32 344 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

 

Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 14 535 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги 11 978 та иш кўриб чиқилди. 3 814 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 4 163 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

 

Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 1 460 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги 1 412 та иш кўриб чиқилди. 356 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 223 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

 Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: