СУДДА МЕДИАТИВ КЕЛИШУВНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ

«Медиация» атамаси халқимиз учун янги тушунча бўлиши мумкин, бироқ бу аслида миллий қадриятдир.

Одамларимиз ҳам «фалончи пистончини судга берибди» деган гап-сўздан андиша қилади. Шу сабабли, халқимиз инсонлар ўртасида низо келиб чиқса, ёши улуғлар ўртага тушади, томонларни ўзаро яраштиришга ҳаракат қилади. Юридик тил нуқтаи назаридан, медиация — низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули ҳисобланади.

Содда қилиб айтганда, томонлар ўртасида низо юзага келса, уни судда эмас, ме­диа­тор ҳузурида ҳал қилиш тушунилади.

Мазкур амалиёт мамлакатимизда «Медиация тўғ­ри­сида»ги қонун билан йўл­га қўйилган. Тадбиркорлар ўр­тасида низо келиб чиқса ва томонлардан бири иқ­тисо­дий судга даъво аризаси би­лан мурожаат қилган бўлса, суд тарафларга низони медиатив келишув йўли билан ҳал этиш мумкинлигини тушунтиради. Башарти, томонлар низони медиатор ҳузурида ҳал этиш истагини билдирса, суд уларга ик­ки ойдан ошмаган ҳолда муддат беради ва бу орада ишни кўриш тўхтатилади. Агарда тадбиркорлар шу ик­ки ой давомида медиатив келишувга эришса, суд даъвони кўр­масдан қолдиради. Бу — низо суддан ташқ­ари, суднинг иштирокисиз ҳал этилди дегани.

Судга ишига тушган тадбиркорларимиз яхши билади — судда иш кўрилса, албатта, давлат божи ундирилади. Томонларнинг медиатив келишув тузгани натижасида суд даъвони кўрмасдан қолдирган бўлса, давлат бо­жи ундирилмайди. Чунки низони суд ҳал этмади-да. Эътибор беринг: Андижон вилояти иқтисодий судлари томонидан 2020 йилда 16 та, 2021 йилда 160 та, шу йилнинг 2 ойида эса, 72 та иш медиатив келишув тузилгани сабабли кўрмасдан қолдирилган. Бундан аёнки, низони медиатив келишув йўли билан ҳал этиш кўрсаткичи йилдан-йилга ошмоқда.

Бевосита амалиётдан келиб чиқадиган бўлсак, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси «Асака пахта тозалаш» акциядорлик жамияти ман­фаа­тида иқтисодий судга мурожаат қилиб, «Водий саноат фахри» масъулия­ти чекланган жамияти ҳисобидан 12 миллиард 941 миллион 712 минг 264 сўм асосий қарз, 6 миллиард 470 миллион 856 минг 132 сўм пеня ундиришни сў­раган. Суд муҳокамаси даврида томонлар низони ме­диа­тив келишув йўли билан ҳал этиш истагини билдирган ва судга профессионал медиатор ҳузурида тарафлар иштирокида тузилган медиатив келишувни тақдим этган.

Суднинг 2022 йил 8 февралдаги ажрими билан даъво кўрмасдан қолдирилган. Медиатив келишув тузилганлиги натижасида суд даъвони кўрмасдан қолдиргани учун давлат божи тўлови билан боғлиқ имтиёз мавжудлиги сабабли тарафлар 388 миллион 251 минг 367 сўм миқдорида давлат божини тў­ламайдиган бўлди.

Вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида хитойлик инвестор иштирокида даъво ариза муҳокама қилинди. Давлат активларини бошқариш агентлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси иқтисодий судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, «Agrotour Technovation» масъулияти чек­ланган жамияти ва Андижон шаҳар ҳокимлиги билан 2019 йил 7 октябрдаги келгусида инвестиция киритиш ва иш ўринлари яратиш учун бино-иншоотларни олди-сотди шартномасини бекор қи­лишни ва 825 минг доллар миқдорида жарима ундиришни сўраган.

Шартнома шартига кўра, хитойлик инвестор камида 5 миллион 500 минг доллар миқдорида инвестиция киритиши ва камида 50 нафар доимий иш ўрни яратиш мажбуриятини олган. Дастлаб инвестиция киритиш муд­дати 2020 йил 6 октябрга қа­дар белгиланган, кейинчалик тарафларнинг келишуви билан муддат икки марта 6 ой муддатдан узайтирилган.

Инвестор томонидан инвестиция 2021 йил 6 октябргача тў­лиқ киритилиши ва меҳмонхона ишга туширилиши лозим бўлган. Шу сабабли даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, шарт­нома ва қўшимча келишувларни бекор қилишни, жарима ундиришни сўраган.

Суд муҳокамаси даврида тарафлар инвестиция киритиш якунланиб қолгани, мажмуа бир-икки ойда тўлиқ ишга туширилишини маълум қи­либ, низони медиатив келишув йўли билан ҳал этишни сўраган. Суд томонидан уларга низони медиатив келишув йў­­ли билан ҳал этиш учун ик­ки ой муҳлат берилган ва ҳо­зирча ишни кўриш тўхтатилган. Бундай тартиб хорижлик инвесторга шу муддат давомида инвестицияни тўлиқ киритиш ва мажмуани ишга тушириш учун яна бир имконият берилганидан далолатдир.

 

 

Шоядбек МИРЗАЕВ,

Андижон вилояти суди

раиси ўринбосари

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: