СОХТА ХАБАРЛАР ФИРИБГАРНИНГ ҲИЙЛАСИ БЎЛИБ ЧИҚДИ

Нуроталик Шаҳрибону Шокирова (исм-шарифлар ўз­гар­тирилган) Навоий шаҳрига бориш учун такси қидираётганда ёнига «Лада ларгус» русумли автомашина келиб тўхтади. Ўзини Шоира деб та­ниш­тир­ган автомашина соҳибаси билан йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетишди. Шаҳрибону гап орасида қирқ уч ёшга кирган бўл­са-да, ҳали турмушга чиқмагани, қишлоқда кекса онаси билан ёлғиз яшашини айтганида, бу соддадиллиги ўзига жуда қимматга тушишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Гап шундаки, ўтган йилнинг октябрь ойида Шаҳрибону яна вилоят марказига йўл олади. Бу гал ҳам Шоирага дуч келади. Йўлдаги ўзаро суҳбат давомида Шоира унга Навоий шаҳрида яшовчи Насриддин исм­­­ли танишига турмушга чи­қишни таклиф қилади.

Шоира Насриддиннинг тақводор ҳожи экани, бой-бадавлатлиги, Навоий ва Тошкент шаҳарларида уйлари, вилоятда кўплаб дўконлари борлиги, қўшни Қозоғистондан кийим-кечак ва озиқ-ов­қат маҳсулотлари олиб келишини оғзидан бол томиб таъриф-тавсиф қилади.

— Тунов куни сиз ҳақингизда Насриддин акага айтгандим, қизиқиб қолди, — дейди у. — Мана, телефон рақами ёзилган қоғозни олиб қў­йинг, ўзи сизга қўнғироқ қи­лади…

Орадан кўп кун ўтмай Шаҳрибонунинг қўл телефонига Насриддиндан электрон хабар келиб тушди.

Шаҳрибонунинг кўнглида умид ва илинж уйғонди. «Ях­ши одам бўлса, бахтим очилиб кетар, «ўтирган қиз ўрнини топар» дейишган-ку», деган фикр­ни хаёлидан ўтказгач, Насриддинга нисбатан ишончи ортди. Шундан сўнг Насриддин деганлари ҳам ҳар икки-уч кунда хабар жў­на­тишни канда қилмай қўйди. Шаҳрибону бора-бора уларни орзиқиб кутадиган бўлди. Шундай кунларнинг бирида Шоира қўнғироқ қи­либ, кўнг­лида уйғонган умид учқунларини янада алангалатиб юборди. «Тошкентга борамиз, — деди у. — Насриддин ака уч­рашувга келинглар, Шаҳрибону билан танишайлик деб қўнғироқ қилди».

Шундан сўнг иккови пой­тахт­га йўл олишади. Бироқ бахтга қарши Насриддин билан учрашишнинг иложи бўл­майди. Тижорат сафари билан Қозоғистонга кетган Нас­риддин ушланиб қолгани учун танишув ортга сурилади. Орадан бир ҳафта ўтгач, бу ҳол яна такрорланади.

Бу Шаҳрибонуда шубҳа уйғотгани сабабли Насрид­дин­дан ҳафсаласи пир бўлади.

Шу йилнинг январь ойи бошида Шоира кутилмаганда яна Шаҳрибонуни йўқлаб қолди. Насриддин паспортини йўқотгани, шу сабабли телефонига сим карта сотиб ололмаётганини айтиб, Шаҳрибонунинг номига иккита телефон рақами сотиб олдиради. Шун­­­­дан сўнг Шаҳрибону ўзи олиб берган сим карта орқали Насриддин билан электрон шаклда мулоқот қилиб туради.

Ўн тўртинчи январь куни Шоира Шаҳрибонуникига келиб, «Ватан ҳимоячилари куни»га Насриддинга совға олиб беришни сўрайди. Шунда Шаҳрибону «У одамни кўр­маган бўлсам, қандай қи­либ совға бераман», дея ҳайрон бўлади. Шоиранинг «Нас­риддин 8 март куни сенга ҳам совға қилади», деган гапини эшитгач, эркаклар атирини сотиб олиш учун Шоирага 200 минг сўм беради.

Орадан ўн кун ўтгач, Шоира яна Шаҳрибонуга учрашиб, Насриддинга четдан товар олиб келиш учун озроқ пул кераклигини маълум қилиб, ун­га ёрдам бериш зарурлигини айтади. Шоира уни шун­дай аврайдики, бунга лаққа ишонган Шаҳрибону бир бош ҳўкизини сотиб, 2 миллион 300 минг сўмни берворади. Бир ҳафтадан сўнг Шоира яна пул сўраб келади. Шаҳрибону пули йўқлигини айтади. Шунда Шоиранинг «Агар ҳо­зир пул топиб бермасанг, Насриддиннинг сенга бўлган ишончи йў­қолади, оила қурганингдан ке­йин бутун бойлигини қў­линг­га топширмоқчи» деганини эшитгач, акасидан 2 миллион 400 минг сўм қарз олади ва уни Шоирага беради. Бироқ бу билан ҳам Шоиранинг талаби тўхтамайди.

Шаҳрибону январь ойининг охирида икки бош сигирини 10 миллион сўмга сотиб, пулини Шоирага тутқазишга мажбур бўлади.

Шоира катта миқдордаги маблағни қўлга киритгач, Шаҳрибону билан алоқани бутунлай узади. Қолаверса, Насриддин ҳам электрон хабар ёзишни тўхтатади. Умидлари чиппакка чиққач, Шаҳрибону Шои­рага қўнғироқ қилиб, пулни қай­таришни сўрайди. Шоира Насриддин опасининг юрагини даволатиш ташвиши билан юрганини айтиб, уни аврашга ту­шади.

Кунларнинг бирида нотаниш киши Шаҳрибонуга қўнғироқ қилиб, ўзи­ни Насриддинман дея таништиради ва «Пулингни мен олганман, Шоира ўртадаги почтачи эди. Пулинг бахтингдан устунми, уч-тўрт кунда қайтараман, опамни уйингга совчиликка юбораман», дейди.

Вақт шу зайлда ўтиб борар, аммо пулдан ҳам, совчилардан ҳам дарак йўқ эди. Шунда Шои­­ра Насриддиннинг опаси жарроҳлик амалиётидан сўнг вафот этгани учун хайрли иш орқага сурилаётганини маълум қилади.

Шундан кейингина Шаҳрибонунинг кўнглида темир ҳалқадек бир-бирига боғланиб кетаётган воқеаларга нисбатан шуб­ҳа уйғонади. У мобиль алоқа компаниясида ўзининг номига олиб берган телефон рақа­мининг кириш-чиқиш қўн­ғи­роқлари рўйхатини олганда, ушбу телефон рақамидан фақат ўзи­га таниш бўлган кишиларга ҳам қўнғироқлар бўл­ганидан хабар топади.

Шоира бу рақамни ўзи ишлатиб, Шаҳрибонуни алдаб юргани, Нас­риддин исмли шахс аслида бўлмагани, қўнғироқ қилган киши бошқа экани ойдинлашади. Кечикиб бўлса-да, ақл-ҳушини йиғиб олган Шаҳрибону ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идорага ариза билан мурожаат этади.

Суриштирув ва тергов чоғида Шоира Мирзаолимова турмушга чиқиш истагида юрган Ш.Шокировани аслида мавжуд бўлмаган Насриддин исм­ли танишига турмушга чиқишини таклиф қилиб, ал­дов йўли билан унинг 14 миллион 700 минг сўмини қўлга киритгани аниқланади.

Яқинда бўлиб ўтган суд мажлисида Шоира Мирзаолимова айбига тўлиқ иқрор бў­либ, қилмишидан пушаймонлик билдирди. Етказилган моддий зарарни қоплагани, айни пайтда ҳомиладор эканини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд Шоира Мирзаолимовага нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрор ва чин кўн­гилдан пушаймонлиги, аёллиги ва ҳомиладорлиги, етказилган зарарни қоплагани, шунингдек, жабрланувчининг даъвоси борлигини эътиборга олган ҳолда унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, алдов ва фирибгарликнинг умри қисқа. Чунки ўзганинг мулки ҳеч қачон бошқага буюрмади. Қолаверса, ортиқча ишонувчанлик ҳам инсонга наф келтирмайди. Баён этилган воқеа тафсилотлари бунинг исботидир.

 

 

Суюн БЎТАЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Хатирчи тумани суди раиси,

 Абдуҳамид Худойбердиев,

журналист

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: