СОЛИҚ ИСЛОҲОТЛАРИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ ИҚТИСОДИЁТНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ҲИССА ҚЎШАДИ

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларининг қўллаб-қувватланиши ҳамда тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар натижасида халқимизнинг турмуш фаровонлиги кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу жараёнда солиқ тизимидаги ислоҳотлар муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, ҳар қандай тадбиркор ёки инвестор биринчи навбатда, солиқ имтиёзлари, унинг самарадорлиги ҳамда адолатлигига эътибор қаратади.

Агар со­лиқ тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаса, иқтисодиёт таянчи бўлган тадбиркорлар яширин фаолият юритиш, солиқлардан қочишга уринади.

Давлатимиз томонидан макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва даромадлари кескин пасайишининг олдини олишга қаратилган кўп­лаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси тўлиқ таъминланишига эришилмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбари 2021 йил 29 декабрда имзоланган «Со­лиқ кодексига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғрисида»ги қо­нун билан амалдаги Солиқ кодек­си­га солиқ тўловчиларнинг солиқ юкини қисқартириш ва солиқ маъмурият­чилигини такомиллаштириш борасидаги қатор янги нормалар киритилди. Амалдаги Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қў­шимчалар ҳам бу борадаги самарали ҳаракатларнинг давоми бў­либ, унга Президент фармон ва қарорлари асос қи­либ олинган.

Солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўл­ган бундай ўзгаришлар иқ­тисодиёт­ соҳасининг айрим секторларидаги солиққа тортиш борасида им­тиёз ва преференциялар берилиши натижасида мавжуд бўлган номутаносибликларни бартараф этиш, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг ша­роит­ларни таъминлаш ор­қали мамлакатнинг экс­порт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда ички бо­зорни сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Хусусан, қўшилган қиймат солиғининг яхлит тизимини таъминлаш, маҳсулот ҳамда хизматлар таннархи, фойда суммасини ҳисоблашда хатоларнинг олдини олиш мақсадида бюджет ташкилотларидан ташқари жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳам қўшилган қиймат солиғи объекти сифатида белгиланди.

Ушбу киритилган норма ташкилотлар томонидан моддий-техника базасини кенгайтириш ва жиҳозлаш учун спорт анжомларини сотиб олишда қу­лай­ликлар яратади. Чунки сотиб олиш жараёнида тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси тан­нарх­га эмас, балки кейинчалик кўрсатилган хизматлар учун ҳисобланган ва бюджетга тў­ланиши керак бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасини камайтиришда ҳи­собга олинади.

Яна бир қулайлик шундан иборатки, тадбиркорлик субъектларини асосий воситалар ва асбоб ускуналарни доимий янгилашга рағбатлантириш мақсадида асосий воситаларни қайта тиклашга ҳисобланадиган амортизация ажратмалари нормаларининг миқдори оширилди. Маҳсулот ва хизматлар таннархига доир ушбу харажатлар пировардида корхонанинг айланма маблағлари кўпайишига олиб келади.

Инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш, ян­ги солиқ ислоҳотларини тизимли жорий этиш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиниши ҳар бир мамлакат учун ўта муҳим омил саналади. Шу мақсадда Солиқ кодексига инновация, ички ва ташқи инвестиция фаолиятини рағбатлантириш мақсадида қўшимча равишда «Инвестициявий чегирма» нормалари киритилди. Шунингдек, «Илмий тадқиқотларга ва (ёки) тажриба-конструкторлик ишланмаларига доир харажатлар»ни ҳисобга олиш халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди.

Эндиликда доимий муассаса орқали фаолиятини амалга оширувчи норезидентнинг фойда солиғи тў­лангандан кейин тасарруфида қоладиган соф фойдаси дивидендларга тенглаштириш ва белгиланган солиқ ставкаси бўйича солиққа тортиш тартиби киритилди. Бу ўринда фаолият шаклидан қатъи назар, солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун соф фойдани солиққа тортишнинг ягона шарт-шароитларини яратиш мақсади кўз­ланган.

Қонуннинг яна бир аҳа­мият­ли жиҳати шундаки, 2021 йил 13 июлдаги «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чо­ра-тадбирлар тўғрисида» Президент Фармони талабларидан келиб чиқиб, ёш оила томонидан олинган ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни эр-хотин ёки улардан бирининг ёши белгиланган ёшдан ошгунига қадар ҳар бир солиқ даври давомида тегишли миқдорда қоплашга йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахс­лардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиш назарда тутилган. Бунда хонадоннинг қиймати ва бюджетдан ажратилган субси­дия­лар бў­йича шартлар инобатга олинмаслиги кўзда тутилган.

2021 йил 9 августдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўл­лаб-қувватлашнинг янги тизимини жо­рий этиш чора-тадбирлари тўғ­ри­сида» Президент қарорига мувофиқ етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун белгиланган имтиёз қўшимча равишда уларга давлат томонидан ажратиладиган уй-жойлар бўйича улар 23 ёшга тўлгунига қадар амал қилиши белгиланиб, мол-мулк солиғидан озод этилади.

Маълумки, амалдаги Со­лиқ кодексида профессионал ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш учун тижорат банклари томонидан ажратилган таълим кредитларини (фоизлари билан) қоплашга йўналтириладиган солиқ солиниши лозим бўл­ган иш ҳақи ва бош­қа даромадларини солиқдан озод қилиш имтиёзи белгиланган.

Бунга қўшимча равишда янги қонун билан солиқ тўловчининг солиқ даври давомида халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун нодавлат таълим ташкилотларига тўланадиган тўловларни тўлаш учун йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳам солиқдан озод қилиниши белгиланди. Мазкур солиқ имтиёзлари базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баробаригача бўлган суммага қўлланилади.

Бюджетга солиқ тушумларининг тў­лиқлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини ошириш, шунингдек, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш мақсадида биноларга мол-мулк солиғини ҳисоблаш учун минимал қиймат белгиланди.

Шу билан бирга, солиқ тўловчиларга кўчмас мулк объектларига мустақил баҳо бериш ҳуқуқи берилади ва ушбу мол-мулкнинг натижавий, яъни бозор қиймати солиқни ҳисоблаш учун со­лиқ солинадиган база бўлади.

Бундан ташқари янги қонун билан мулк солиғи, ер солиғи ставкалари ва имтиёзлари бўйича ўзгартишлар, фой­дали қазилмани қазиб олиш ёки ажратиб олиш ҳажми ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, фойдали қазилмаларнинг айрим турларига нисбатан солиқ базасини аниқлашнинг ўзи­га хос хусусиятлари, фойдали қа­зилмаларни қа­зиб олишда махсус рента солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш бўйича қўшимчалар киритилди.

Аксарият мамлакатларда яширин иқтисодиёт мавжуд бўлиб, ҳозирга қадар ҳеч бир мамлакатда уни буткул йўқ қилишга эришилмаган. Лекин кўп давлатларда бундай иқтисодиётнинг улуши ва таъсири минимал даражада камайтирилган. Бу ҳақда гапирганда Европа давлатлари тажрибасини мисол қилиб келтириш мумкин. Чунки бу давлатларнинг аксарияти яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишда солиқ механизмларига алоҳида эъ­тибор қаратган. Зе­ро, айнан солиқларнинг юқори даражадалиги кўп ҳолларда яширин иқтисодиётнинг палак отишига сабаб бўлади.

Қонунчиликдаги бундай ислоҳот натижасида солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллаш ва шу орқали иқтисодиётимиз ра­қобат­бар­дошлигини ошириш, «яширин» иқтисодиётга барҳам бериш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида самарали солиқ маъмуриятчилиги юритилишини ва бюджет барқарорлигини таъминлаш, хусусан, қўшилган қиймат солиғининг айрим истеъмол товарлари нархларининг ўсишига таъсирини камайтирди.

Хулоса қилиб айтганда, солиқ кодексидаги концептуал ўзгаришлар, энг аввало, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини янада соддалаштириб, қарама-қаршиликлар ва зиддиятли ҳо­латларни бартараф этади ҳамда иқ­тисодиётимизнинг барқа­рор ривожланиши, аҳоли реал даромадларини ошириш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

 

Отабек Мирзаев,

Касби туманлараро

иқтисодий суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: