СИРЛИ ГАРОВ ЁХУД БИР МИЛЛИАРД СЎМЛИК КРЕДИТНИНГ ТАЪМИНОТСИЗ ҚОЛИШИГА КИМ АЙБДОР?

Ҳозирги пайтда иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек, банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликларни тадбиркорлар фойдасига талқин этиш, шартномаларни тузишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган ҳолларда айбдор шахсларга нисбатан суд таъсир чораларини қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кейинги пайтларда иқтисодий судларда кўриб чиқилаётган ишларнинг аксарият қис­ми кредит муносабатлари би­лан боғлиқ низолардан иборат. Бунинг сабаби турлича бў­либ, кредитнинг ўз вақтида қайтарилмаётгани, шартнома шартлари жиддий равишда бузилаётгани, айрим ҳолларда кредитнинг шахсий манфаат йўлида ишлатиб юборилгани, бунинг ортидан очиқдан-очиқ фирибгарлик ва суиистеъмолчиликка йўл қўйилгани шулар жумласидандир.

Қарши туманида жойлашган «Исломбек боғчаси» нодавлат мактабгача таълим муассаси (НМТМ) судга мурожаат этиб, «Халқ банки»нинг Нишон тумани филиали ва «Фарангиз акфа сервис» хусусий корхонасига нисбатан ипотека шартномасини ҳақи­қий эмас, деб топишни сўраган.

Ҳақли савол туғилади: «Исломбек боғчаси» НМТМ нега ипотека шартномасини ҳақи­қий эмас, деб топишни даъво қилди?

Суд муҳокамасида маълум бўлишича, Қарши тумани ҳо­кимининг 2018 йил 9 мартдаги қарорига асосан «Исломбек боғчаси» НМТМга Мирмирон қишлоғи ҳудудида нодавлат мактабгача таълим муассасаси биносини қуриш учун 10 со­тиҳ ер майдони ажратилган. Ушбу қарорда замонавий таълим муассаса биносига ажратилган ер майдонида 50 йил давомида бошқа фаолияти тури билан шуғулланмаслик, ваколатли давлат органлари билан 50 йил муддатга тузиладиган давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги келишув асосида лойиҳани амалга ошириш учун кредит ажратилиши белгиланган.

Қарор асосида ажратилган ер майдонида нодавлат мактабгача таълим муассасаси биноси барпо этилиб, 2019 йил 18 августда унга Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Қарши филиали томонидан кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган.

Бундан ташқари 2018 йил 17 июлда Мактабгача таълим вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва таълим муассасаси ўртасида «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисида» 30 йил муддатга уч томонлама битим имзоланган.

2020 йил 10 февралда «Халқ банки»нинг Нишон тумани филиали ҳамда «Фарангиз акфа сервис» масъу­лияти чекланган жамияти ўртасида бир миллиард сўм­лик кредит ажратиш ҳақида шартнома тузилган. Кредит таъминоти сифатида «Исломбек боғчаси» НМТМга тегишли бўлган бино гаровга қўйилган. Бир қа­рашда ҳаммаси жойидадек туюлади. Лекин аслида кредит ва ипотека шартномаларини расмийлаштириш жараёнида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги битим тақдим қи­линмагани тадбиркорлар, нотариус ва банк мутасаддиларининг холислигини шубҳа остига қўяди.

Чунки нотариус эгалик ҳуқуқи бўлмаган мулкни гаровга қўйиш ҳақидаги ипотека шартномасини тузишда мулкни тасарруф этиш ва гаровга қўйиш тақиқланганини текширмаган бўлса, банк мутасаддилари гаровга қўйиш мумкин бўлмаган мулкни гаров сифатида таъминот учун олиб, катта миқдорда кредит маблағи ажратиб берган.

Суднинг бундай хулосага келишига асос шуки, «Давлат-ху­сусий шерикчилик тўғрисида»ги қонуннинг 33-моддасида давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги битим давлат-хусусий шерикчилик лойи­ҳаси доирасида лойиҳалаштирилган, барпо этилган, молия­лаштирилган, реконструкция қилинган, фойдаланилаётган ва хизмат кўрсатилаётган давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини давлат шериги ёки Ўзбекистон Республикасининг давлат активларини бошқариш органига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ хусусий шерикка ўтказиш тартиблари белгиланган.

Хусусан, қонунда давлат-хусусий шерикчилик тўғрисидаги битимда давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказиш пайти, давлат-хусусий шериклик объекти фойдаланишга топширилган пайт, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қи­лиш муддати тугалланган пайт, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган вақт кўрсатилиши лозимлиги назарда тутилган.

Низо бўйича иш учун муҳим аҳамятга эга ҳолатлардан яна бири шуки, Мактабгача таълим вазирлиги, «Исломбек боғчаси» НМТМ (хусусий шерик) ва Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ўртасида «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклиги тўғрисида» уч томонлама битим тузилган бў­либ, унда давлат томонидан хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун инфратузилма объектлари битим амал қилиш даври (30 йил)­га текин фойдаланиш ҳу­қуқи асосида берилиши, битимнинг амал қилиш муддати тугагандан ке­йин битимни ижро этиш жараёнида ташкил этилган ин­вес­тиция объекти хусусий шерик тасарруфига эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилиши, шунингдек, хусусий шерик зиммасига битимни амал қилиш муддати тугамасдан инвестиция объектини бегоналаштириш (олди-сотди, гаровга қўйиш, ҳадя қилиш ва ҳоказо) бўйича шартнома тузмаслик мажбурияти юклатилган.

Бу каби ҳолатлар тарафлар ўртасида расмийлаштирилган ипотека шартномасининг ҳақи­қий эмаслигини исботлайди. Ле­кин гаров туфайли пайдо бўл­ган чалкашлик шу билан тугайдими?

Бунга жавобан айтиш керакки, амалдаги Фуқаролик кодексининг 114-моддасига мувофиқ ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқи­батларга олиб келмайди ва у тузилган пайтдан бошлаб ҳақи­қий эмас, деб ҳисобланади. Шу боис суд катта миқдорда ажратилган кредит маблағининг таъминотсиз қолишига ким айб­дорлигини аниқлаш учун хусусий ажрим чиқариш билан чекланди. Унга асосан масъул мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тез орада айбдорлар қонун олдида қилмишига яраша жавоб бериши аниқ. Ана шунда гаров сири фош этилиб, муаммога қонуний ечим топилади.

 

 

Лутфулла АБДУЛЛАЕВ,

Қарши туманлараро

иқтисодий суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: