«СИЗДАН УГИНА, БИЗДАН БУГИНА» ҚАБИЛИДА ИШ ТУТИШ ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

Ҳазорасп туманидаги 3-сонли касб-ҳунар мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Қувондиқ Ҳусаинов ҳисоб-китобни хушлайдиганлар тоифасидан. Ҳар бир ишни пухта ҳисоблаб,ўзаро келишган ҳолда адо этишни, молини ҳамиша нақдга сотишни истайди. Касб-ҳунар мактаби директори ўринбосарига нисбатан берилган бу таъриф асло муболаға эмас.

Бунинг амалдаги ифодаси 2021 йилнинг сентябрь ойи охирида ҳузурига муҳим «юмуш» билан келган фуқаро М. Мадаминовга нисбатан муносабатда ҳам кузатилди. Муовин унинг ушбу мактабга ишга жойлашиш ҳа­қи­даги истагини бошқа баъзи «ёшулли»лардан фарқли ўла­роқ важ-карсонларни қа­лаш­тир­ган куйи рад этмади.

Аксинча, ишга бемалол жойлашиши мумкинлигини бил­­дирди. Ам­мо хизмат беминнат эмаслигига ишора қил­ди ва шу аснода 500 АҚШ доллари сўради.

Имо-ишорага йўғрилган мулоқот анча вақт давом этди ва пировардида хизмат ҳақи 400 АҚШ доллари миқдорида белгиланди. Директор ўринбосари суҳбатни якунлаётиб, ушбу пулни ўзи учун эмас, мактаб директори М. Матёқубовга бериш учун сўраётганини илмоқлаган кў­йи баён этди.

Талабгор йигит ҳаялламади. 2021 йилнинг 15 октябридаёқ сўралган пулни олиб, «ҳожатбарор» муовин Қ. Ҳу­саи­новнинг ҳузурига келди. Пулни унинг қўлига тут­қа­зишга уринди. Афсуски, у пулни олмади, лекин рад ҳам этмади. «Тортиқ қилинажак пул»ни қўшниси Э. Султоновга элтиб беришни айтди. На­чора, М. Мадаминов бу таклифни ҳам адо этди. Пулни ўша ку­ниёқ Э. Султоновнинг қўлига элтиб топширди. Ке­йинги мулоқот икковлон қўш­ни ўртасида давом этди. М. Мадаминов берган маблағни Қ. Ҳусаинов кечқу­рун олиб кетадиган бўлди.

… Аммо Қ. Ҳусаинов М. Мадаминовнинг «тортиғи»ни қўлга киритишга ул­гурмади. Э. Султонов пулни ҳали қў­лига олишга улгурмай туриб унинг қаршисида бир гуруҳ нотаниш кишилар пайдо бў­либ, махсус тадбир ўтказилаётганини қайд этишаркан, ҳозиргина рўй берган воқеанинг изоҳини сў­рашди. Масаланинг моҳиятини аниқлаш жараёни узоққа чўзилмади. Э. Султоновнинг қўлидан санаб олинган 400 АҚШ доллари миқдоридаги пул аслида касб-ҳунар мактаби директори муовини Қ. Ҳу­саи­новга аталгани маълум бўлди.

Иш чаппасига кетди. Директор муовини жиноий жавобгарликка тортилди. Тергов органи унинг қилмишини Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми ва 168-моддаси 3-қисми «в» бан­ди билан малакалади.

Қонун талабига кўра, мансаб ваколати борасида ҳал қилувчи мавқега эга бўлган мансабдорларгина пора олувчи шахс сифатида эътироф этилади. Аммо мавқеидан қатъи назар, бу ишга қўл урган ва уни содир қилганларнинг бари пора берувчи сифатида эъ­тироф қилиниши мумкин. Қ. Ҳусаиновнинг қилмиши айнан шу асосда баҳоланди. Унинг М. Мадаминов томонидан Э. Султоновга қолдириб кетилган пулни ўзга шахсга бериш борасидаги қилмиши тугалланмаган жиноий қилмиш сифатида Жи­ноят­ кодексининг 28,211-моддаси 1-қисмига асосан малакаланди. Суд унинг қилмиши тўғри малакаланганини эъ­ти­роф этди. Аммо Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди бў­йича эъ­лон қи­линган айб тасдиғини топмади. Мазкур модда тугалланган, охиригача адо этилган жиноий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан тадбиқ этилади. Қ. Ҳусаинов эса, жи­ноий ҳа­ракатини охирига етказмаган.

Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги «Фирибгарликка оид ишлар бў­йича суд амалиёти тўғ­рисида»ги қарорида қайд этилишича, қим­мат­ликларни эгаллаш мақсадида уларнинг эгаси айбдор томонидан по­ра беришга далолат этилган бўлса, унинг ҳаракатларини фирибгарликдан ташқари пора беришга далолат этиш сифатида қў­шимча малакалаш лозим.

Айбланувчининг қилмиши ай­нан шу хилдаги жиноий ҳа­ракат амалга ошгани, жабрланувчини пора беришга қи­зиқтириш, уни шу йўлга ундаш, далолат этиш ҳолати юз бергани, яъни Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиддий қонунбузарлик содир қи­линганидан дарак беради.

Суд ушбу ҳолат айбланувчига нисбатан тўғри тадбиқ этилганини қайд қилди. Лекин ҳа­ли эслатилганидек, фирибгарлик ҳаракати бўйича эъ­лон қилинган айб­­ни маъқуллашнинг иложи йўқ. Чунки жиноий қил­миш судланувчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, охиригача етиб бормаган. Шу боисдан ҳам, бу турдаги ҳа­ра­­катни тугалланган қил­миш деб бўл­майди. Жиноят кодексининг бу каби қил­миш­ларга оид 168-моддаси 3-қисми «в» бандида кўз­да тутилган жавобгарлик Олий суд Пленумининг 35-сонли қарори 21-бандига мувофиқ, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фақат алдаш ёки ишончни суи­истеъмол қи­лиш йўли билан ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳу­қуқ­ни қўлга киритиш мақсадида ўз хизмат ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳа­ракатлар (ҳаракатсизлик) амалга оширилган ҳоллардагина вужудга келади. Қ. Ҳусаиновнинг қилмишида бундай аломатлар йўқ. Жиноий қилмиш ҳали баён этилганидек, ўзганинг мулкини кўп (жуда кўп) миқдорда эгаллашга қа­ратилган, бироқ айб­дорга боғлиқ бўл­маган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган. Юқо­рида қайд этилган Пленум қарорида бу сингари қил­мишларни талон-торож қи­линган мулк қийматидан қатъи назар, қасд йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда, кўп (жуда кўп) миқдордаги фирибгарликка суиқасд сифатида баҳолаш зарурлиги тушунтирилган. Уш­бу раҳбарий кўр­сатма фирибгарликка суиқасд сифатида Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисмига асосан қайта малакаланиши лозим.

Суд мажлисида айбланувчи сифатида кўрсатма берган Қ. Ҳусаинов айбини эътироф этди, қилмишидан пушаймон эканлигини билдирди. М. Мадаминов берган пулни ўзга шахсга «холис хизмати» эвазига инъом этиш учун эмас, балки ўз эҳтиёжини қоплашга сарфлашни кўзлаганини билдирди.

Айбнинг тан олиниши шахс­­нинг ўз қилмишидан пушаймонлиги билан бирга ахлоқан тузалиш йўлига кирганидан ҳам далолат беради. Айбланувчининг қилмишига иқ­рорлиги, пушаймонлиги, оилавий ша­рои­ти, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб келгани, моддий аҳволи, етказилган зарар бартараф этилгани, муқаддам судланмагани жазони енгиллаштирувчи омилга айланди.

Қо­нун талабига кўра, бундай ҳолат судланувчини озодликдан маҳрум этиш ёки унинг озодлигини чеклашни эмас, балки жарима жазоси тайинлашни тақозо қи­лади. Қилмишнинг жиддийлиги эса, муайян ҳуқуқни чеклашга доир таъсир чорасини қўл­лашни кўзда тутади.

Суднинг ҳукмида буларнинг бари ўз ифодасини топ­­ди. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми бў­йича айбланган Қ. Ҳусаинов кодекс­нинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳам­да мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқу­қи­дан маҳрум қилиниб, жазоларни қисман қў­шиш йўли билан базавий ҳи­соблаш миқдорининг 52 бараварига жаримага тортилди.

Кўриниб турганидек, ҳаётда ҳар ким экканини ўради. Қ. Ҳусаинов ҳам қилмишига яраша жазо олди.

 

 

Илҳом Исмоилов,

жиноят ишлари бўйича

Тупроққалъа тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: