«СЕВГИ» НИҚОБИДАГИ ТУЗОҚ ЁХУД НОМУССИЗЛИК ОҚИБАТИ

Зуҳриддин Бойқурбонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган кўп қаватли тураржой бинолари қурилишида ишлаётган чоғида тасодифан Феруза исмли жувон билан танишиб қолди. Бора-бора улар тез-тез учрашадиган бўлишди.

Уч ойдан сўнг Феруза ҳомиладор бўлиб қолганини айтганда, йигит бир сесканиб тушди, аммо унинг гапига ишонмади. Шундан сўнг Ферузани тиббий кў­рик­дан ўтказишганда у ҳомиладор эмаслиги маълум бўлди.

Табиийки, бу воқеадан сўнг Зуҳриддиннинг Ферузадан кўнгли қолади ва ўзини ундан олиб қоча бошлади.

Бироқ Феруза Зуҳриддинга бегона телефон рақамларидан қўнғироқ қилиб, ўзини ҳомиладор экани, уйланишга мажбурлиги, агар уйланмаса, эвазига 3 минг АҚШ доллари беришни талаб қила бошлайди. Буниси етмаганидек, Зуҳриддиннинг қишлоқдаги уйига бориб, маҳаллани бошига кўтариш, қўни-қўшнилар олдида шарманда қилишни айтиб, қўрқитади.

Шу йилнинг 4 февраль куни иложсиз ва ночор қолган З. Бой­қурбонов Самарқанд шаҳар 9-сонли ички ишлар бўлимига 2020 йилда Ф. Солижонова исм­ли қиз билан танишгани, аммо ҳозирда у 3 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилаётгани, бермаса, маҳалласига бориб, ундан боласи борлигини ота-онасига бил­дириши, фотосуратларини кўрсатиб, шарманда қилишини айтаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилади. Ушбу мурожаат асосида тезкор тадбир режаси тузилиб, 2 минг АҚШ доллари миқдорида 20 дона пулларга кимёвий ишлов берилди. Уч дона АҚШ доллари купюрасига махсус кимёвий қалам билан «товламачи» сўзи ёзиб қўйилди.

Шундан сўнг Феруза Солижонова 2 минг АҚШ долларини олаётганда қўлга олинди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Суд тергов органи томонидан Ф. Солижонованинг жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади.

Амалдаги қонунчиликда товламачилик, яъни жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топшириш, мулкий манфаатлар бериш ёхуд мулкий йў­синдаги ҳаракатлар содир этишни талаб қи­лиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйилган ҳолатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жиноят иши ҳужжатлари ва аниқланган ҳолатлардан маълум бўлишича, судланувчи Ф. Солижонова таниши З. Бойқурбоновни ундан фарзанди борлигини, шунингдек, у билан яқин муносабатда бўлганини оила аъзоларига айтиб, шарманда қилиш билан қўрқитган. 3 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан талаб қилиб, пулни беришга мажбур қиладиган шароитга солган ҳамда тезкор тадбирда фойдаланиш учун берилган 2 минг АҚШ долларини товламачилик йўли билан қўлга киритган вақтда ушланган.

Судланувчи З. Солижонованинг товламачиликда ифодаланган ҳаракатлари жиноят ишида мавжуд бўлган судга оид кимёвий экспертиза хулосаси, электрон диск ва стенограмма баённомаси, ариза, тушунтириш хатлари, сўроқ ва юзлаштириш баённомалари билан тўлиқ ўз исботини топди.

Суд З. Бойқурбоновнинг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги, Ф. Солижонованинг ёши ва аёллигини инобатга олди. Инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига риоя қилиб, унга нисбатан икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш жоизки, енгил-елпи ва пала-партиш тарзда турмуш кечириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни унутиш кишини тубанликка бошлайди. Уни турли балоларга рўбарў қилиб, эл орасида иснодга қолдиради. Шу боис баён этилган воқеа тафсилотидан бош­­қалар ҳам сабоқ чиқариши зарур.

 

Фаррух САМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: