САРОБГА ИШОНИБ АЛДАНГАНЛАР

Олий ўқув юртларига кириш имтиҳони топшириш жараёнида ўғил-қизлар ва уларнинг ота-оналари ниҳоятда ҳаяжонли дақиқаларни бошдан кечиради. Айниқса, «Фарзандим етарли балл тўплай оладими, натижаси қандай бўлади, талабалик бахти насиб қиладими?!» — деган ташвишли саволлар ҳар бир ота-онанинг фикру хаёлини банд этиб олиши ҳам бор гап.

Маълумотларга қараганда, жорий йилда 141 та олий таълим муассасасига абитуриент­лар онлайн тарзда ҳужжат топширишди. Албатта, уларга синовлардан ўтиш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

Шунингдек, имкониятлар ҳақи­да гап кетганда, ҳар бир абитуриент бир вақтнинг ўзида мос таълим йўналиши бўйича бешта олий таълим муассасасига ҳужжат топширишига рухсат берилгани ниҳоятда катта қулайликдир.

Бундан ташқари абитуриент кириш имтиҳонларидан етарлича балл тўплай олмаса, контракт шартнома ёки оширилган контракт шартнома тўловларини амалга оширса, талаба бўлиши мумкин. Маълумки, ўтган йилларда ногиронлиги бўлган ва меҳрибонлик уйларида тарбияланган шахслар «Тест» топширганлик учун тў­ловдан озод қилинганди.

Бу йил улар сафига «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзанд­лари, шунингдек, «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган ёшлар ҳам қўшилди.

Ҳеч кимга сир эмас, олий ўқув муассасаларига ўқишга қабул жараёнида ғараз ниятли фирибгар кимсалар ҳам ғимирлаб қолишади. Бундай кимсаларнинг муддаоси аниқ: улар содда, ишонувчан одамларни алдаб, пешона тери билан топган бойлигини қўлга ки­ритишни кўзлашади.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирадиган бўлсак, Нодира Раҳматуллаева (исм-шарифлар ўз­гартирилди) Гу­лис­тон Давлат университети биология факультетининг сиртқи бўлимига ҳужжатларини топширганди. Ам­мо синовлардан ўтишга омади чопмади, етарлича балл тўп­лай олмади. Шундан сўнг у ўқишдан умидини узиб қўйганди. Лекин…

Лекин ишхонасида Қўйсин исмли аёл таниши айнан Нодира ҳужжат топширган олий ўқув юртида ишлашини, ўқишга жойлаб қўйиш унинг қўлидан келишини айтгач, кўнглида яна умид пайдо бўлди. У Қўйсин опадан ўша аёл билан таништириб қўйишни илтимос қилди.

Қўйсин опа Нодирани таниши Шаҳ­ло Иномова билан таништириб қўйди.

— Майли, сизга савоб учун ёрдам беришга ҳаракат қиламан, — деди Ш. Иномова Нодирага. — Университетдаги домла менинг эмас, танишимнинг таниши. Мен танишимдан илтимос қилиб кўраман. Кейин сизга жавобини айтаман.

Орадан икки кун ўтгач, Шаҳло Иномова Нодирага қўнғироқ қилди: иш битадиган ўхшайди, фақат бунинг эвазига 2 минг 500 АҚШ доллари бериш керак…

Қисқаси, ўқиш умидида юрган Нодира отаси Алишер акага Ш. Иномова ҳақида айтди. Отаси ҳам қизиқиб қолди ва Ш. Иномовага қўнғироқ қил­ди.

Қисқаси, телефон орқали сўзлашувда савдо пишди, улар ҳозирча 1 900 АҚШ доллари берадиган бў­лишди.

Эртаси куни А. Раҳматуллаев Ш. Иномованинг Ховос туманидаги уйи­га бориб, 1 минг 900 АҚШ доллари, қи­зининг фуқаролик паспорти нусхаси ва Янгиер тиббиёт коллежини битиргани ҳақидаги дипломни берди.

— Пулнинг қолган 600 АҚШ долларини ўзимдан қўшиб тураман, — деди Ш. Иномова А. Раҳматуллаевга, — иш битгач, қайтарасизлар.

Қисқаси, ўша куни Нодира отаси билан мамнун ҳолда уйга қайтишди.

Шундан сўнг орадан бир ой ўтгач, Ш. Иномова Нодирага қўнғироқ қилди-да, сиртқи бўлим талабаси бўлгани билан табриклади, сўнг таниши Шаҳноза Жонузоқованинг манзилини айтиб, унга учрашиши зарурлигини та­йинлади.

Нодира Ш. Жонузоқова қўлига тут­қазган буйруққа кўз югуртираркан, ўзининг исм-шарифини кўриб, ни­ҳоят­да қу­вониб кетди, Ш. Жонузоқовага қайта-қайта раҳмат айтди.

Ўз навбатида, Ш. Жонузоқова Нодирага «Университетга бориб, Бобожон Исоқжонов деган домлага учрашасиз, у киши сизга нима қилиш кераклигини айтади», деди ва Б. Исоқжоновнинг телефон рақамини ёзиб берди.

Нодира университет ҳовлисига кириб боргач, боя Ш. Жонузоқова берган телефон рақамига бир неча марта қўнғироқ қилди, аммо ҳадеганда жавоб бўлмади. Кейинроқ Б. Исоқжоновнинг ўзи қўнғироқ қи­либ, «дарсда эдим, бироз кутиб туринг» деди. Чамаси, орадан ярим соат ўтгач, аллақаердан Б. Исоқжонов пайдо бўлди ва қизнинг қўлига университетнинг ҳи­соб рақамини берди ва тўлов контракт пулини тўлаш лозимлигини айтди. Ўз навбатида, Нодира ўқиш қа­­­чон бошланишини сўраганида, у ўзим хабар бераман, деди.

Эртаси куни Нодира онаси билан «Агробанк»нинг Янгиер шаҳар филиа­лига бориб, 4 миллион сўм контракт пули тўлади. Шундан сўнг университетга ўқишга чақиришни кута бошлади. Бироқ орадан бир неча ой ўтса-да, бирон-бир хабар бўлмади.

Охир-оқибат тоқати-тоқ бўлган Алишер ака қизи Нодира билан бирга университетга борди. Шундан сўнг ҳаммаси ойдинлашади. Аниқроғи, Нодиранинг талабалар сафига қабул қилингани ҳақидаги буйруқ ва унга илова қи­линган ҳужжатлар сохта бў­либ чиқади. Бобожон Исоқжонов деган кимса ҳам ушбу ўқув даргоҳида ишламас экан. Шунда фирибгарлар тузоғига тушганини англаб етган Нодира Раҳматуллаева ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат этди.

Тергов чоғида маълум бўлишича, уялмай-нетмай ўзини Гулистон Давлат университети ўқитувчиси дея таништирган Б. Исоқжонов муқаддам Жиноят кодексининг фирибгарлик ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этиб, икки марта судланган экан. Унинг жиноий шериклари Ш. Жонузоқова ва Ш. Иномова Нодира каби содда, ишонувчан одамларни топиб, бойликларини алдов йўли билан қўлга киритишда ёр­дам бериб келишган.

Яқинда судда Б. Исоқжонов, Ш. Жонузоқова ва Ш. Иномоваларнинг бир гуруҳ бўлиб, фирибгарлик, яъни такроран фуқароларни алдаб, уларнинг ишончини суиистеъмол қи­­лиш йўли билан ўзгалар мулкини қўл­­га киритиш ва такроран пора беришга далолат қилишда ифодаланган жиноий ҳаракатларига қонуний баҳо берилди. Суд тергов органи томонидан судланувчиларнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 28,211-моддаси 2-қисми «а» банди, шу­нинг­дек, судланувчи Б. Исоқжоновнинг муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни такроран қалбакилаштирганликдаги ҳаракати Жи­ноят­ кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а» банди билан тўғри ма­­ла­ка­ланган деб ҳисоблади.

Суд судланувчи Б. Исоқжоновга уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жазони қат­тиқ тартибли коло­ния­да ўташ белгиланди. Суд судланувчи Ш. Жон­­узоқова ва Ш. Иномовага ҳам қилмишларига яраша қонуний ва адолатли жазо та­йин­лади.

Гувоҳи бўлганингиздек, саробга ишониб алданганлар қиссаси шундан иборат. Демоқчимизки, ёлғончи фирибгарларнинг ал­довига эмас, амалда белгилаб қў­йилган тартиб-қоидага риоя қилган асло кам бўлмайди.

 

 

Жавлон ЖАББОРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Ховос тумани суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: