“САЛЮТ” СОТИЛМАДИ

Фаррух Юлдошев (исм ва фамилияси ўзгартирилган) жуда кўп миқдордаги четдан келтирилган пиротехника воситалари ҳамда тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш мақсадида уйида сақлаган.

Тезкор маълумотлар асосида у яшаётган Миробод тумани “Қўйлиқота” кўчасидаги хонадон кўздан кечирилганда хорижда ишлаб чиқарилган 24 хил турдаги, жами 11 137 қути пиротехника воситалари, 18 турдаги 2 427 қути тамаки маҳсулотлари далилий ашё сифатида олинди.

Чет элдан ноқонуний ҳамда инсон ҳаётига хавф солувчи пиротехника воситаларини олиб кириш таъқиқланганлигини Ф. Юлдошев билмаган, десак нотўғри бўлади. Негаки, ҳар йили янги йил байрами арафасида оммавий ахборот воситаларида “пақ-пақлар” оқибатида қанчалаб ёш болалар жароҳат олаётганлиги, ҳатто бир умрга ногирон бўлиб қолаётганлиги ҳақида кўп хабарлар берилади. Аммо судланувчи била туриб, даромад олиш мақсадида қинғир ишга қўл урган. Тезкор ходимлар унинг уйига боришганда ҳам қонунга хилоф ҳеч қандай товар моддий бойликлар йўқлигини таъкидлаган. Холислар иштирокида ўтказилган текширишда унинг гапи ёлғон бўлиб чиқди. Хонадон ертўласида сақланаётган хорижда ишлаб чиқарилган пиротехника воситаларининг ҳужжати бор-йўқлиги, нима мақсадда сақланаётганлиги сўралганда бошини эгди.

Фаррух Юлдошев содир этган жинояти учун суд олдида жавоб берди. Унга уч йил олти ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Табиийки, суд ҳукми билан пиротехника воситалари ҳамда тамаки маҳсулотлари белгиланган тартибда йўқ қилинди.

 

Мирусмон ГИЯСОВ,

жиноят ишлари бўйича

Миробод туман судининг судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: