САЙЁР СУД МАЖЛИСИ НИЗОЛАРНИ ОҚИЛОНА ҲАЛ ЭТИШНИНГ САМАРАЛИ УСУЛИ

Давлатимиз раҳбари Ватанимиз мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бугун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси изчиллик билан амалга оширилаётганини таъкидлади. Истиқболдаги юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифани белгилаб берди.

Жумладан, суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим. Янги Ўз­бекистонда ҳар қандай баҳс­ли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак.

Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қи­лиши керак», деган тамойил асосида изчил амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, Президентимизнинг 2017 йил 13 июнь куни суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган «Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш — барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти» мавзусидаги видеоселектор йиғилишида сўзлаган нутқини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўшандаёқ мамлакатимизда судларнинг нуфузини янада кўтариш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини тубдан кучайтириш мақсадида судьяларнинг халқ билан мулоқот қилиши зарурлигига ало­­ҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун судьялар ишларни фақат суд биносида кўр­масдан, жамоат вакиллари ишлаётган жой­ларда, аҳоли яшаш манзилларида сайёр суд мажлислари ўтказиши бўйича таклиф киритилганди.

Шундан сўнг Олий суд Раёсатининг 2017 йил 24 июндаги қарори билан тасдиқланган «Сайёр суд мажлисларини ўтказиш бўйича услубий тавсиялар»да фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий ҳу­қуқбузарлик тўғ­рисидаги ишлар юзасидан сайёр суд мажлислари тегишли процессуал кодексларда назарда тутилган суд муҳокамасининг умумий қои­далари асосида ўтказилиши белгиланди. Бунда ҳуқуқ­бузарлик ва низолар турларини таҳлил қилиш асосида ишларнинг камида 30 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиши назарда тутилди.

Дарҳақиқат, ушбу институтнинг нақадар ҳалқчил ва низоларни ҳал этишдаги самарадорлиги суд амалиётида яққол намоён бўлмоқда.

Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, туманлараро судига Х. Тошматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) даъво аризаси билан мурожаат қи­либ, жавобгар Н. Саматова ва унинг уч нафар вояга етмаган фарзандини ўзига тегишли бўлган уй-жойдан кўчиришни сўраган.

Аниқланишича, Х. Тошматов жавобгар Н. Саматовага 2010 йилдаги тилхатга кўра, низоли уй-жойни 36 миллион сўмга сотишга келишган.

Шундан сўнг у келишилган маблағнинг ўттиз миллион сўмини олган, қолган олти миллион сўмини уйнинг ҳужжатлари тайёр бўл­гач, олишини айтган. Ўша пайт­да уйга Н. Саматова оила аъзолари билан кўчиб кирган.

Қисқаси, Х. Тошматов уй-жойнинг ҳужжатларини тайёрлаган, аммо бундан Н. Саматовани хабардор қилмаган.

Орадан бир неча йил ўтган, бу орада уй-жойни нархи ошиб кетган, хусусан, низоли хонадон 40 000 АҚШ долларига баҳоланган. Буни кўриб, Х. Тошматов уй-жойни сотиш фикридан қайтган ва ёлғиз аёл Н. Саматовани уч нафар вояга етмаган фарзанди билан уй-жойдан чиқариш пайига тушган. Шу мақсадда у даво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Албатта, бунда Н. Саматованинг ҳам ҳуқуқий билими етарли эмаслиги панд берган.

Нега деганда, у уй учун пул тўлагани уни сотиб олгани ва уй эгаси эканлигини англатса-да, узоқ йиллар давомида Х. Тошматовдан уй ҳужжатларини талаб қилиб, нотариал идора орқали ўзининг номига расмийлаштирмаган. Бу эса, Х. Тошматовга қўл келган. Энг ачинарлиси, Н. Саматова ўтган вақт ичида низоли хонадонга рўйхатга ҳам қўйилмаган.

Қонун ҳужжатларига кўра, Х. Тошматов уй-жойнинг мулкдори бўлгани учун Н. Саматова ва унинг фарзандлари кўчирилиши лозим эди. Би­роқ ушбу фуқаролик ишини сайёр суд мажлисида кўриш жараёнида қўшнилар, маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳам таклиф қилинди.

Сайёр суд мажлисида миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимиз яққол намоён бўлди. Суд мажлисида нуронийлар, маҳалла фаоллари томонидан Х. Тошматовга бир қатор саволлар берилдики, натижада у ўз қилмишидан афсус чекиб, Н. Саматова билан келишиб олишга рози бўлди.

Шунга ўхшаш яна бир мисол: ака-укаларнинг фарзандлари А. Абдуллаев ва М. Абдувалиев ўртасида мерос мулкини тақсимлаш юзасидан низо келиб чиққан.

Натижада А. Абдуллаев У. Ҳамдамов ва И. Ҳожиевага нисбатан туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўл­ган ер участкасида қурилиш ишларини амалга оширишга тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклашни сўраган.

Ишни кўриш жараёнида даъвогар А. Абдуллаевга тегишли ер участкасига кириш йўлаклари бир тарафдан амакиси У. Ҳамдамов ва иккинчи тарафдан аммаси И. Ҳожиева томонидан тўсиб қўйилгани, натижада қурилиш маҳсулотларини олиб ўтишга имкон қолмагани аниқланди.

Афсусланарли томони шундаки, ишдаги ҳар бир тараф ўза­ро қариндош бўлиб, ўртадаги низо туфайли муносабатлар совуқлашиб кетган.

Жавобгарларнинг фикрича, йўлакдан қурилиш маҳсулотларини олиб ўтиши натижасида уларнинг хонадонига чанг кираётган экан…

Айтиш керакки, ушбу низоли иш ҳам сайёр суд мажлисида бевосита маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирокида кўриб чиқилди. Суд мажлисида маҳалла фаоллари томонидан миллий қадриятлар, меҳр-оқибат, қариндошлик муносабатларини тиклаш ху­сусида айтилган фикрлар, бундай муаммолар қариндошлар ўртасида келиб чиқиши афсусланарли эканлиги ҳа­қи­даги тушунтиришлар низога барҳам берди.

Энг муҳими, жавобгарлар ўз қилмишидан пушаймон бў­либ, даъвогарга доимий фойдаланиши учун алоҳида йўлак очиб беришга рози бўлишди.

Низо бўйича келишув битими тузилди ва ушбу келишув битими суд томонидан тасдиқланди.

Энг асосийси, жамоатчилик назорати сайёр суд мажлисида ўзининг нечоғлик аҳа­миятли эканини яққол кўр­сатди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, сайёр суд мажлисларни кенг жамоатчилик иштирокида ўтказиш жараёнида оилавий низолар бар­ҳам топмоқда. Нотўғри йўлга кириб қолган айрим ёшлар эса, қилмишидан пушаймон бўлиб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олмоқда.

 

 

Э. Собиров,

фуқаролик ишлари бўйича

Асака туманлараро судининг раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: