САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН МАЪМУРИЙ ВА ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНГАН

Аввало шуни айтиш керакки, сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликнинг белгиланиши сайловларнинг адолатли ва шаффоф ўтишига хизмат қилади.

Сайловларнинг демократик принциплар асосида ташкил этилиши, Сайлов кодекси талабларига риоя қилинишини таъминлаш муҳим жараён ҳисобланди.

Сабаби халқ ўзи танлаган номзодга овоз бериши, овозларни санаб чиқиш, протоколлаштириш босқичларида қо­нун устуворлигини таъминлаш мақсадида Ўз­бекистон Республикасининг қонунчилигида сай­лов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг V-I боби сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқ­бузарликлар учун маъмурий жавобгарлик масалаларига бағишланган.

Биринчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-2-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолия­тига аралашиш, шунингдек, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш — мансабдор шахсларга базавий ҳи­соблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Иккинчидан, мазкур ко­декс­нинг 51-3-моддасига кў­ра, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комис­сия­ларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, шунингдек, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Учинчидан, кодекснинг 51-4-моддасига кўра, номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий пар­тия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш —мансабдор шахсларга базавий ҳи­соблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тўртинчидан, кодекснинг 51-5-моддасига кўра, сайлов­олди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш — базавий ҳи­соблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бешинчидан, кодекснинг 51-6-моддасига кўра, номзодлар, сиёсий партиялар тўғ­рисида ёлғон маълумотларни тарқатиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса, беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Олтинчидан, кодекснинг 51-7-моддасига кўра, сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Еттинчидан, кодекснинг 51-8-моддасига кўра, сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бу­­зиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса, ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Саккизинчидан, кодекснинг 51-9-моддасига кўра, жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бу­­зиш — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўз навбатида, Жиноят кодексининг VII боби фуқароларнинг конституциявий ҳу­қуқ ва эркинликларига қар­ши жиноятларга бағишланган.

Жиноят кодексининг 146-моддаси «Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қо­нун ҳужжатларини бузиш» деб номланган.

Унга мувофиқ, сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий пар­тия­лар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб но­тўғри ҳисоблаш — энг кам ой­лик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ах­лоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўс­қинлик қилиш ҳолатларига доир 147-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг депутат ёки Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқ­ларини, депутатликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишига, шунинг­дек, фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғ­дириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш — тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Хулоса қилиб айтганда, авваламбор, сайловчилар, фуқаролик жамияти институтлари, сайлов жараёни иштирокчилари сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишдаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида тегишли органларни хабардор этиши эркин ва демократик сайловларни халқаро стандартлар даражасида ўтишига кўмаклашади.

Сайлов жараёнида ҳуқуқ­бузарлик содир этган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра, жавобгарликки тортилади.

Айни чоғда, сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликка оид нормаларни фуқаролик жамияти инс­титутлари, сайлов жараёни иштирокчилари ҳамда сайловчиларнинг билиши ва унга риоя этиши Сайлов кодекси нормаларига оғишмай амал қилишга, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларни демократия принциплар асосида таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Одилжон Сулаймонов,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Давлат ва ҳуқуқ институтининг

илмий ишлар бўйича директори ўринбосари,

юридик фанлар доктори

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: