РОССИЯ ОЛИЙ СУДИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТОЙЛОҚ ТУМАНИДАГИ СУДЛАР ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШДИ

Юртимизга ташриф буюрган Россия Федерацияси Олий суди ҳузуридаги Суд департаменти бош директори ўринбосари Виктор Агеев бошчилигидаги делегация Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Меҳмонлар Тойлоқ туманида янгидан, замонавий талаблар асосида бунёд этилган судлар биноси билан танишди.

Бу ерда тумандаги жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар фаолият кўрсатади. Бинода яратилган шарт-шароитлар судларнинг самарали ишлашига хизмат қилиши эътироф этилди.

– Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида суд ҳокимиятини ислоҳ қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Виктор Агеев. – Буни суд тизимидаги ўзгаришлар, яратилган шароитларда кўриб гувоҳи бўлаяпмиз. Жумладан, суд тизимига замонавий ахборот технологияларининг жорий этилганлигини олайлик. Бу нафақат давлат идораларга, балки фуқароларга ҳам бир қатор қулайликларни яратади. Сабаби узоқ ҳудудда яшайдиган фуқаро ҳар қандай мурожаат ёки шикоятни электрон шаклда юбориб, унга жавобни ҳам электрон тарзда олади. Судга ташриф буюрган фуқаролар маълумот олиши учун навбат кутиб туриш зарурати йўқ. Бу ортиқча оворагарчиликларни олдини олиш баробарида холисликни ҳам таъминлайди.

Россиялик меҳмонлар ташриф давомида Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларда ҳам бўлиб, юртимиз тарихи, маданияти билан яқиндан танишди.

ЎзА

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: