ПРОКУРОР АЙБЛОВДАН ВОЗ КЕЧДИ

Маълумки, 2021 йил суд-ҳуқуқ тизимида муҳим тарихий янгиланиш ва ўзгаришлар юз бераётгани билан эсда қоларли тарзда бошланди. Яъни Президентимизнинг 2020 йил 24 июлда имзоланган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари доирасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари кўлами янада кенгайди.

Энг асосийси, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлда имзоланган Фармони 2-бандида давлат айбловчиси айб­ловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра, жиноят ишини тугатиш масаласи қайд этилган. Яқинда Фар­ғона вилояти судида ана шундай иш кў­риб чиқилди. Бу Фарғона туманининг «Хў­жа Аҳмад Вале» маҳалласида яшовчи Фарҳод Шаҳобовга оид жиноят ишидир.

Айтиш керакки, Қирғизистон Республикасида яшовчи, дастлабки терговда шахсини аниқлашни имкони бўлмаган «Нурилло» исмли шахс ўзаро савдо-со­тиқ жараёнида Фар­ҳоддан 1 500 АҚШ доллар миқдорида қарз бўлиб қолади. Бунинг эвазига иккала йигит давлат чегарасини кесиб ўтиш қоидаларини бузмаган ҳолда тамаки маҳсулотларини Қирғизистон Республикасидан мамлакатимиз ҳудудига олиб ўтиш режасини тузишади.

Шунга биноан, 2020 йил 10 сентябрь куни соат 12:30 ларда Нурилло уч дона целофан пакетга солинган, 2 960 қути «Милано» номли тамаки маҳсулотини икки қўшни давлатни ажратиб турувчи, шох-шаббалар билан ҳосил қи­линган тў­сиқ устидан ирғитиб, ўтказиб беради. Кейин эса, Фар­ҳод та­маки маҳсулотини отаси Ш. Шаҳобовга тегишли «Хундай портер» русумли автомашинага юклаб, туман марказига йўл олади. Унинг мақсади тамаки маҳсулотини бозордаги савдогарларга сотиш эди. Бироқ йўлда уни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари тўхтатишади. Натижада Ф. Шаҳобов­нинг қилмиши фош бўлади. Фарғона шаҳридаги «Континент имкон ба­ҳо» масъулияти чекланган жамияти му­тахассислари эса, 2020 йил 14 декабрдаги 516-сонли­ баҳолаш ҳисоботи билан ашёвий да­лил тариқасида олинган маҳсулотнинг умумий нархини 24 272 000 сўмга баҳолашади.

Оқибатда Ф. Шаҳобовга нисбатан Жи­ноят­ кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қо­нунга хилоф равишда муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этиш) нинг 1-қисми билан жиноят иши қўз­ғатилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу жиноят объектив томондан анча миқдорда ёхуд худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган этил спирти, алкоголли ёки тамаки маҳсулотини қо­нунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритишда ифодаланади. Жиноят қо­нунчилигида эса, анча миқдор деб, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган миқдорга айтилади. Президентимизнинг 2020 йил 30 де­кабр­да қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбе­кис­тон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан бошлаб мамлакатимиз ҳудудида базавий ҳисоблаш миқдори 245 000 сўм этиб белгиланган. Мазкур сумманинг юз баравари 24 500 000 сўмни ташкил этади. Бинобарин, айни пайтда Фарҳод Шаҳобов содир этган 24 272 000 сўмлик тамаки маҳсулотларини муомала­га­ киритиш жинояти анча эмас, балки кўп бўлмаган миқдорни ташкил қи­лади. Бундан кўринадики, тергов органи томонидан унга нисбатан тўғри айб эълон қилинган бўлса-да, лекин содир этилган жиноят ишини судда кўриш жараёнида жиноят таркибини бермайди. Қолаверса, Ф. Шаҳобов муқаддам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 186-1-моддаси би­лан маъмурий жавобгарликка тортилмаган. Шу боис ушбу ишда қатнашган прокурор айбловдан воз кечди.

Ўз навбатида, жиноят ишлари бўйича Фар­ғона туман судининг қараши ҳам худди шундай эди. Шунинг учун суд Ф. Шаҳобовни айбсиз деб топиб, оқлади.

Шу билан бирга, унинг ҳа­ракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 186-1-моддасида на­­­зарда тутилган маъмурий ҳу­қуқбузарлик аломатлари бўл­гани сабабли иш материаллари маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун ажратиб олиниб, Фарғона тумани прокуратурасига юборилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чо­ра-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони тизимдаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу Фармоннинг 1-бандида жи­ноят­чилик­нинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва уларда қо­нунга итоатгўйлик руҳини шакллантириш механизмини жорий қилиш вазифаси белгиланган. Мазкур қоидага биноан, Фарғона вилоя­ти судлари томонидан 319 та хусусий ажримлар чиқарилди.

Бундан ташқари Фармоннинг 2-бандида ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бў­йича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кў­риб чиқилаётганда ҳимоя­чининг иштирок этиши шарт­лиги белгиланган. Албатта, ушбу янги қои­­да бугун амалда ҳам ўзининг тўлиқ ифодасини топмоқда.

Муҳими, ушбу янги қоида ижросини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддаси (ҳи­моя­чи иштирок этиши шарт бўл­ган ҳоллар) биринчи қис­ми 8-1 – 8-4-бандлари билан тўл­ди­рилди. Эндиликда суд томонидан дастлабки эшитув ўтказилаётган ишларда, ўта оғир жиноят содир этганликда гу­мон­ қилинаётган ёки айбланаётган шахс­ларга оид ишлар бўйича, шахс­га нисбатан қа­моққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўл­лаш, шу­нингдек, қамоқда сақлаш, уй қамоғи муддатини узайтириш масаласи кўриб чиқилаётганда, айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар бўйича ҳимоячининг иштирок этиши шарт экани белгилаб қўйилди.

Шунинг учун ҳам 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида Фарғона вилоятидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига қамоққа олиш, уй қамо­ғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳамда ўта оғир жиноятлар учун қамоққа олиш ҳақида 326 та илтимоснома келиб тушган бўлиб, уларнинг 319 тасида ҳимоячининг иштироки таъминланган.

Президентимизнинг юқо­рида қайд этилган Фармонида ўз аксини топган энг эътиборли масалалардан яна би­ри бу — терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблашни тақиқлашдир. Афсуски, 2020 йилда бундай қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган. Хусусан, 2020 йилнинг 17 январь куни Учкўприк тумани, Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи, савдо-сотиқ фао­лия­ти билан шуғулланувчи Музаффар Умаралиев таниши Беҳруз Маликовнинг илтимосига кўра, Ҳо­миджон Икромов (исм-шарифлар ўзгартирилган) га 33 565 000 сўмни 3 500 АҚШ доллари (1 АҚШ долларини 9 670 сўмдан) га алмаштириб бераётган пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жи­ноят­ларга қарши курашиш департаментининг Учкўприк тумани бўлими ходимлари томонидан ушланади.

Аниқланишича, Департа­мент­нинг Бувайда тумани бўлими инспектори вазифасида ишловчи Ҳомиджон Икромов 2019 йилнинг ноябрь ойида таниши И. Қодировга автомашина сотиб олмоқчи эканини, шунинг учун пулини АҚШ долларига алмаштириш зарурлигини айтади. Аслида унинг мақсади бутунлай бошқа эди. Аниқроғи, у Департамент­нинг Учкўп­рик тумани бў­лими томонидан валюта олди-сотдиси бўйича бирор-бир ҳолатни аниқлаш ҳамда бу юзасидан ўтказилиши режалаштириладиган тезкор тадбирда иштирок этишни кўзлаганди. Би­роқ бу гапдан бехабар И. Қодиров Беҳруз Маликовга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрайди. Б. Маликов эса, инспекторни Музаффар билан таништириб қўяди. Шунда Ҳомиджон ўзининг қалампир савдоси билан шуғулланувчи сифатида таништириб, автома­ши­на­ сотиб олиш ниятида экани, шунинг учун пулнинг бир қисмини 500 АҚШ долларига алмаштириш лозимлигини айтади. Шу мақсадда махсус иш­лов берилган пулдан 5 000 000 сўм олиб, М. Умаралиевга беради. Музаффар эса, пулни олгач, туманнинг Янгиқишлоқ қиш­ло­ғида жойлашган ўзининг савдо дўконидан айтилган валютани олиб чиқиб беради.

Шундан сўнг декабр ойининг ўрталарида Ҳ. Икромов уйида усталар ишлаётганини баҳона қилиб, яна Беҳруз орқа­ли М. Умаралиевдан 500 АҚШ доллари сотиб олади. Лекин Ҳ. Икромов 2020 йил 16 январь куни кеч соат 18:00 ларда Б. Маликовга сим қо­қиб, 34 миллион сўми борлиги, уни АҚШ долларига ал­маштириш ниятида эканини айтади ҳам­да оғайниси Музаффардан хорижий валюта бор-йўқлигини сўраб беришини ил­тимос қилади. Би­роқ Шерзод кун кеч бўлганлиги боис айни масалани эртага ҳал қилишини айтади. Эртаси ку­ни­ эса, унинг жавобини кутмай, яна Ҳ. Икромовнинг ўзи қўнғироқ қилади. Шунга биноан, Б. Маликов М. Умаралиев билан гаплашиб, инспекторга аввалги учрашув жойига келаверишини тайинлайди. Худди шу жавобни кутган Ҳ. Икромов эса, дарҳол ҳамкасбларига хабар беради. Сўнгра кимёвий ишлов берилган 34 миллион сўмни олгач, ўзи, 2 нафар холислар билан бирга Беҳрузнинг ёнига боради.

Кейин Б. Маликов Музаффарнинг дў­конидан ҳар бир АҚШ долларини 9 670 сўмдан ҳисоблаб, 33 845 000 сўмни 3 500 АҚШ долларига алмаштириб чиқади. Шунда тезкор ходимлар келиб, уни қўлга олишади. Қолаверса, ўша заҳотиёқ М. Умаралиевни ҳам ушлашади. Оқибатда ҳар иккаласига нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми «в» банди билан­ жиноят иши қўзғатилади. Мазкур иш­ни кў­риб чиққан жиноят ишлари бў­йича Учкўприк тумани суди эса, уларни қонуний жазога маҳкум этади. Ам­мо…

Аммо суд мажлисида инспекторнинг ғайриқонуний ҳа­ракати фош бўлиб қолди. Яъни 2012 йил 25 декабрда қа­бул қилинган «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қо­­нуннинг 17-моддасида тезкор қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар фуқароларни ҳуқуқбузарлик содир этишга оғдириши ва ундаши тақиқланиши қайд этилган. Аммо Ҳ. Икромов ўзи Департамент ходими бўла туриб, 2019 йил ноябрь ва декабрь ойларида 2 маротаба Б. Маликов ва М. Умаралиевни жиноят содир этишга ундаган.

2020 йил январь ойидаги ҳолат эса, учинчи ундов бўлган. Қолаверса, 2019 йил ноябрь ва декабрь ойларида 500 АҚШ долларидан хорижий валютани сотиб олгач, уларни қонуний жазога тортилмагани ҳамда бу ҳолатлар қонуний тартибда расмийлаштирилмагани ҳам Департамент ходимининг хатти-ҳа­ракати ноқонуний эканлигини тасдиқлайди. Бинобарин, суд айбдорларга жазо тайинлаш баробварида инспектор Ҳ. Икромовнинг ноқонуний ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун хусусий ажрим чиқариб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборди.

Албатта, энди бундай ҳо­латларга йўл қўйилмайди. Энг эътиборлиси, давлатимиз раҳ­барининг юқорида қайд этилган фармонлари ижроси судларда ҳар бир ишда адолат қарор топаётгани би­лан таъминланмоқда.

Натижада ҳам­юрт­лари­миз­нинг давлат идоралари ва одил судловга бўл­ган ишончи ҳам ортиб бормоқда.

 

 

Шуҳрат КАМОЛОВ,

Фарғона вилояти суди раиси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

 

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: