ПОЧЧАСИНИ ТУНАГАН ҚАЙНИ

Инсонни шайтон йўлдан урса бегона тугул, ўзининг яқин қариндошларига нисбатан ҳам жиноят содир этиши мумкин экан. “Эртага унинг юзига қандай қарайман”, деган хижолату хавотир хаёлга ҳам келмайди бундай пайтда.

Учкўприк туманининг Ғиждон қиш­лоғида яшовчи Бердали Ғофуров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам куппа-кундуз куни ўз поччасини – туғишган опасининг турмуш ўртоғини тунаб кетади.

Гап шундаки, опаси Шоҳиста Жумабоеванинг ҳовлисида усталар ишлаётганди ўша кунларда. Бинобарин, она Дилбархон Ҳурматова 2022 йил 2 февраль куни усталарни йўқлаб, яъни “ҳорма, бор бўл!” маъносида хабар олиш учун эрталабданоқ дастурхону тугун тайёрлашга тушади.

Тушлик маҳали – соат 13:00 ларда Бердали онасини опасиникига олиб боради. Бу пайтда Шоҳистанинг қайнота ва қайнонаси ҳам ўша ерда, хўжайини Нурмирза Жумабоев эса ишда эди. Фарзандлари ўйнаб юришганди. Ҳаммалари биргаликда тушлик қилишади.

Кейин қудаларнинг суҳбати қизиб кетади. Б. Ғофуров уларга халал бермай, усталарнинг ишини кўриш мақсадида хоналарни айлана бошлайди. Худди ўша кезда опасининг ётоқхонаси очиқ турганди.

Бердали ётоқхонага бош суқади. Қарасаки, ётоқхонадаги шкаф очиқ турибди. Шкафдаги кийим-кечакларга разм солар экан, йигитнинг кўзи Н. Жумабоевнинг костюми ички чўнтагида турган, оқ елим халтага ўралган бир даста долларга тушиб қолади-ю, бирдан фикри-хаёли бузилади. У дарҳол пулларни олиб, ички чўнтагига солиб қўяди. Сўнг яна ҳеч нарса билмагандек аёллар ўтирган хонага қайтиб киради.

Б. Ғофуров уйига бориб, елим халтани очиб кўрганида 3 та тахламда, резина билан ўралган жами 30 000 АҚШ доллари борлиги маълум бўлади. У пулларни уйининг томига олиб чиқиб, қоғоз қутининг тагига яшириб қўяди.

Шундан сўнг ўзича турли режалар туза бошлайди Бердали. Масалан, маҳалладоши Асрор Тоировнинг ёрдамида автомашина савдоси билан шуғулланмоқчи бўлади. Шу мақсадда маслаҳатлашиш учун Асрор аканинг олдига ҳам боради. Кейин у билан автомашина бозорига чиқиб, 4 250 АҚШ долларига қаймоқ рангли “Дамас” русумли машина сотиб олади.

Бундан ташқари, “қаҳрамон”имиз 2022 йил 14 февраль куни 1 000 АҚШ долларини қўшни Бувайда туманидаги банк филиалида миллий валютага айрибошлаб, “Ласетти” автомашинаси харид қилиш учун “Гранд” кредит ташкилотига дастлабки тўлов тариқасида тўлайди. Сўнг 20 000 АҚШ долларини сақлаб қўйиб, қолган 4 750 АҚШ долларини шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Буни қарангки, Нурмирза орадан икки ҳафта ўтиб – 2022 йил 16 февраль куни долларлари йўқолганидан хабар топади ва ўша заҳотиёқ туман ИИБга мурожаат қилади. Қолаверса, Шоҳиста ҳам онасига қўнғироқ қилиб, уйидан пул ўғирланганини айтади. Қизидан бу гапни эшитиб, кўнглига хавотир оралайди Дилбархон холанинг. Негаки, онаизор сўнгги кунларда Бердалининг юриш-туриши ўзгариб қолганини сезар, автомашина сотиб олганидан ҳайрон бўларди-ю, аммо боисини билмагани учун фарзандини ранжитиб қўйишни ўйлаган ҳолда индамасди.

– Опангникига ўғри тушиб, ўттиз минг долларини олиб чиқиб кетибди, – дейди Д. Ҳурматова ўғлини ёнига чақириб ва Бердалига савол назари билан қарайди.

– Нима, ҳали сиз мендан шубҳалан­а­япсизми? – дея волидасини койиб беради йигит.

Шундан сўнг ИИБ тезкор ходимлари келиб, уйни – воқеа жойини, ҳовлини обдон кўздан кечиришади. Сўнгра қидирув ва суриштирув ишлари олиб боришади. Аввало, улар усталарни бирма-бир сўроқ қилишади. Кейин хорижий валюта йўқолган кунлари уйга кимлар келиб-кетгани билан қизиқишади. Оқибатда калаванинг бир учи Б. Ғофуровга бориб тақалади. Қонун ҳимоячилари билан суҳбатда эса у қилмишини тан олади. Шу боис мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди айни ишни кўриб чиқди. Судда Бердали қилган ишидан пушаймонлигини, етказилган зарарни қоплаганини айтиб, енгиллик беришни сўради. Суд уни Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми “а” банди билан айбли деб топиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Албатта, жиноятчининг тегишли жазога маҳкум этилиши бу – қонун талаби. Бироқ мазкур вазиятда Шоҳистанинг аҳволини бир тасаввур қилиб кўринг-а. Ахир ҳар қанча айбдор бўлмасин, туғишган инисининг озодликдан маҳрум қилиниши уни икки ўт орасига солиб қўйди-да. Бир томонда хўжайини, иккинчи тарафда эса укасининг доғида азият чекаётган онаси ҳамда келини, жиянлари. Энди бояқиш то Бердали жазо муддатини ўтаб қайтгунча уларнинг кўзига қандай қарайди? Ўртага тушган совуқчилик кейинчалик ҳам арирмикин?

Нима бўлганда ҳам ҳеч кимнинг бошига бундай ташвишни солмасин, деймиз.

 

 

Аброржон ОМОНОВ,

жиноят ишлари бўйича

 Учкўприк туман суди раиси

 

(“АДОЛАТ” газетаси,

2022 йил 10 июнь)

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: