ПОРАГА АЛДАНГАН НАФС

Порахўрлик — ўта ижтимоий хавфли жиноят бўлиб, давлат нуфузига салбий таъсир қилади. Шу боис бу жирканч иллатга қарши курашиш ҳар бир давлатнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳам жа­мият­ кушандаси бўлган коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йў­налишларидан биридир.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғ­рисида»ги қонун қа­бул­ қилингани, коррупцияга қар­ши курашиш Агентлиги ташкил этилгани бунинг яққол исботидир. Қо­нун­чи­ликда шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахс­лар­нинг манфаатларини кўз­лаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фой­даланиш, шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши коррупция сифатида таърифланган.

Шу ўринда суд амалиёти таҳ­лилига эътибор қаратадиган бўлсак, кейинги пайтларда мансабдор бўлмаган шахсларнинг пора берувчи манфаатини кўзлаб, уни пора беришга далолат қилган ҳол­да фирибгарлик жиноятини содир этиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани маълум бўлади. Жумладан, жиноят ишлари бў­йича Беруний тумани судида шу йилнинг 1-чорагида 5 нафар шахс­га нисбатан шу тоифадаги жи­ноят иши кўриб чиқилди.

Масалан, Беруний тумани халқ таълими бўлимида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Ш. Г. хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда алдаш ёки ишонч­ни суиистеъмол қи­лиш йўли билан 42-сонли умумий ўрта таълим мактаби директоридан пора талаб қилган. У мактабда ўтказилган ич­­­ки ау­дит текширувида аниқланган камчиликларни «босди-босди» қилишни ваъда бериб, бу иш­ни мансабдор шахсларга по­ра бериш ор­қали битиришини маълум қилган. Бироқ фирибгар ния­тига етолмади. Ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй-ҳаракати билан жи­ноят­га чек қўйилди.

Урганч локомотив депосига қарашли «Мискин» айланма де­поси устаси А. С. фуқаро Ж. Я. ни танишлари орқали 3 500 АҚШ доллари эвазига  «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон филиалига ишга жойлаштириб қўйишга ваъда берган ва 3 500 АҚШ долларидан 3 000 АҚШ долларини фирибгарлик йў­ли билан қўл­га киритмоқчи бўл­ган. Ам­мо фирибгар муддаосига етолмади ва қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Бу борада турли тарғибот-ташвиқот ишлари ва сайёр қа­буллар ўтказилаётгани, криминоген вазият чуқур таҳлил этилиб, қатъий чора-тадбирлар кўрилаётгани бунинг исботидир.

Зеро, қонун устуворлигини таъминлаш ҳар биримизнинг асосий вазифамиздир.

 

 

Раъно Камолова,

жиноят ишлари бўйича

Беруний тумани суди раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: