ОҚИБАТГА ДАРЗ КЕТСА…

Халқимиз меҳр-оқибат, ўзаро ишонч, олижаноблик, қадр-қиммат каби соф инсоний туйғуларни ҳамиша эъзозлаб келган. Негаки, бу фазилатлар инсонларни бир-бирига яқинлаштирибгина қолмай, уларни яхши ёмон-кунларда елкадош, кўмакдош бўлишга ундайди. Аслида ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда. Бироқ орамизда шундайлар ҳам учрайдики, уларнинг хулқ-атворида, одамларга бўлган муносабатида юқорида зикр этилган фазилатларни кўрмайсиз.

Бундай дилозор кимсаларнинг ножоиз гап-сўзлари ва хатти-ҳаракатларидан бошқалар азият чекади. Биз қуйида баён қи­ладиган воқеалар тафсилотлари айнан шундай кимсалар хусусидадир.

Қамаши туманининг Баландчайла қишлоғида яшовчи Ботир Саломов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳамқишлоғи Шокир Турсуновга тегишли дала майдонида молларини боқиб юрган пайт­­да Шокир кутилмаганда келиб қолади. У Ботирга бу иши нотўғри эканини ётиғи би­­лан тушунтириш ўрнига, бирданига жаҳл отига минади ва уни куракда турмайдиган сўз­лар билан ҳақоратлайди.

Шундан сўнг ўртадаги ножоиз гап-сўзлар катта можарога айланиб, Шокир Ботирнинг дуч келган жойига уриб-тепкилайди. Таёқ зарбидан тан жароҳати олган Ботир ҳу­ши­ни йўқотади. Хайриятки, яқин атрофдаги одамларнинг ёрдами билан у зудлик билан шифохонага етказилади.

Оқибатда Ботир бир неча кун шифохонада ётиб даволанди. Шокир эса, қилмиши учун суриштирув идораларига жавоб берадиган бўлди…

Яна бир ҳаётий мисол ушбу туманнинг «Оқгузар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Собир Эр­гашевнинг ўзаро оилавий келишмовчиликлари билан боғлиқ. Бундан икки йил муқаддам С.Эргашев билан турмуш ўртоғи Наргиза Эшмуродова ўртасидаги қо­нуний никоҳ суднинг ажримига кўра, бекор қилинади.

Вояга етмаган 2 нафар фарзанд, айрим сабабларга кўра, отанинг қарамоғида қо­лади. Томонларнинг ўзаро ке­лишу­вига асосан, она маълум вақтларда фарзандларини кўргани келиб туради.

Шундай кунларнинг бирида Собир фарзандларидан хабар олгани келган собиқ турмуш ўр­тоғи Наргизани совуқ қарши олади.

Ораларида бўлиб ўтган гап-сўз­ларни қайта қўзғаб, уни ёзғира бошлайди.

Сўнг эса, ўзаро беъмани айтишувлардан жазавага тушган Собир аёлни дўппослашгача бориб етади. Натижада Наргиза Эшмуродова оғир тан жароҳати билан ши­фо­хонага тушиб, узоқ вақт даволанишга мажбур бўлади.

Суд ҳар икки ҳолат бў­йича ҳуқуқбузарлар Ш. Турсунов ҳамда С. Эргашевнинг маъмурий ҳу­қуқбузарлик ҳаракатларини кўриб чиқди.

Суд ҳайъати уларнинг ўзлари ва жабр­ланувчи­лар­нинг суддаги тушунтиришларидан ташқари аризалар, дастлабки ту­шун­ти­риш хатлари суд-тиббий экспиртиза хулосаси, маъмурий баённомалар ва ишда тўпланган бошқа ҳужжатлар ҳамда ишни қайта судда кў­ришда аниқланган ҳо­латларга биноан мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра, айбдорларга жазо тайинланди. Шу билан бирга, суд қарорида жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш важидан келгусида низо келиб чиқса, фуқаролик ишларини судда иш юритиш тартибида му­­рожаат қилиш ҳуқуқлари очиқ қолдирилгани қайд этилди.

Мухтасар айтганда, ҳар қан­дай қалтис қадам, ножўя хатти-ҳаракат изсиз кетмайди. Шу боис бу ҳаётда ўз шаъни ва қадр-қимматини ўйлаган одам ноўрин ишлардан тийилади. Аксинча, ёмон иллатлардан йироқ юрмаган кимсаларнинг эл олдида юзи шувут бўлади.

Бу ҳаётий ҳақиқатни вақтида англаган ҳолда, умр мазмуни фақатгина тўғри яшаш, атрофдагиларга азият эмас, наф келтиришда эканлигини ҳеч қачон унутмаслик даркор.

 

 

Бекзод Ўралов,

Қамаши тумани

маъмурий судининг раиси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: