ОТА ҚАРАМОҒИДАГИ ФАРЗАНДЛАРНИНГ ЯШАШ ЖОЙИ СУД ҚАРОРИ БИЛАН БЕЛГИЛАНДИ

Фарзанд — авлодлар давомчиси, инсон ҳаётининг мазмунидир. Қолаверса, оиланинг мустаҳкамлигини таъминлайдиган, ота-онани бир-бирига боғлаб турувчи ришта ҳам фарзанддир. Аммо баъзида эр-хотин ўртасидаги муносабатларга шу даражада дарз етадики, ҳатто фарзандлар ҳам, уларнинг кўз ёшлари ҳам оилани сақлаб қололмайди.

Учтепа туманида яшовчи Музаффар Қўчқоров ва Дилобар Қўчқорова оиласи ҳам ана шундай парокандаликка юз тутди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Музаффар билан Ди­лобар бундан 18 йил муқаддам — 2004 йилда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган.

Ўшанда улардан бахтли жуфтлик йўқ эди гўё. Айниқса, орадан бир йил ўтгач, аниқроғи, 2005 йил 1 ноябрда тўнғич фарзанд Ҳожиакбар туғилганда эр-хотиннинг бахти янада бутун бўлди. 2006 йил 6 ноябрда ўртанча ўғил Абдуллоҳ, 2010 йил 27 июнда эса, оиланинг кенжатойи Аъзамхўжа дунёга келди. Эътибор беринг-а, бир эмас, учта ўғил. Ён-атрофдаги кўпчилик оила ва таниш-билишлари ҳавас билан қараган ўшанда уларга. Бироқ…

Бироқ Аъзамхўжа уч-тўрт яшар бўлган пайтда оилада ўзаро келишмовчилик, катта-кичик низолар келиб чиқа бошлади. Музаффар билан Дилобарга ота-оналари, икки томондаги ёши улуғларнинг панду насиҳатлари ҳам кор қилмади. Охир-оқибат аҳ­вол шу даражага бориб етдики, 2015 йилда эр-хотин ажрашиб кетишди.

Ўшанда Д. Қўчқорова ўзи билан бирга уч ўғ­лини ҳам ота-онасиникига олиб кетганди. Лекин нимадир бўлди-ю, орадан 3 ой ўт­гач, болалар отасиникига қайтиб келишди. Шундан буён улар М. Қўчқоров билан бирга яшаб келишади. Ўт­ган 7 йил мобайнида Дилобар фар­занд­ларини қайтариб олиш учун кўп уринди. Аммо болалар кў­нишмади. Ке­йин эрига аччиқ қилиб, ўзини уйга киритиб қў­йишни сўраб, судга мурожаат қилди. Суд унинг даъвосини қаноатлантириб, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими ходимлари уй­га киритиб қўйишди ҳам.

Бироқ асл мақсади бошқа бўл­ган аёл эрининг уйида яшамади. Сўнг бош­қа бир нағма ўйлаб топди. Яъни гарчи ўғиллари эрининг қа­рамоғида яшаётган бўлса-да, «фарзандларим мен билан яшамоқда» дея судга ёлғон даъво киритди. Пировардида Музаффар Қўчқоровдан фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғ­рисида суд қарори қабул қилинди.

Бундан икки йил муқаддам фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2020 йил 18 майдаги ҳал қи­лув қарорига мувофиқ, даъвогар Музаффар Қўчқоровнинг жавобгар Дилобар Қўч­қо­ро­вага нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилган. Лекин ўжар аёл шунда ҳам тинчимаган. Мақсади — болаларини қайтариб олиш.

Бинобарин, Музаффар Қўчқоров гарчи фарзандлари ўзининг қарамоғида яшаётган бўлишса-да, уларнинг яшаш жойини белгилаб бериш юзасидан фуқаролик ишлари бў­йича Учтепа туманлараро судига даъво ариза киритди.

— Аёлим турли идораларга ёлғон-яшиқ ва туҳмат-бўҳтонлардан иборат шикоят ҳамда аризалар йўллаб, мен ва болаларимнинг тинчини бузяпти. Шунинг учун судга мурожаат қи­лишга мажбур бўл­дим, — дейди М. Қўчқоров суд мажлисида.

Бош қомусимизнинг 64-моддасида «Ота-оналар ўз фар­занд­ларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбия­лашга мажбурдирлар» дея қайд этилган. Оила кодексининг 71-моддасига биноан ота-она ўз болалаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадир.

Учтепа тумани халқ таълими бўлими қошидаги Васийлик ва ҳомийлик органи вакили Х. Раҳмонов судга далолатнома ва хулоса тақдим этиб, даъвогарнинг уйида болаларнинг яшаши ва тарбияланиши учун барча шароитлар мавжудлигини билдирди.

Энг муҳими, Ҳожиакбар, Абдуллоҳ ва Аъ­замхўжа Ҳабибуллаевлар судда отаси Музаффар Қўчқоровни яхши кўриши ҳамда у билан бирга яшашни хоҳлашини маълум қилиб, ота уйини яшаш жойи сифатида белгилаб беришни сўрашди.

Олий суд Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги «Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қо­нунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори 3-бандига мувофиқ, суд бош­қа-бош­қа турадиган ота-оналар ўртасида бўлган болаларни уларнинг қайси бири билан қай­си боласи яшаш учун қо­лиши тўғрисидаги низоларни ҳал этишда Оила кодексининг 71-моддасида белгиланган ота ва онанинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларининг тенглигига асосланган ҳолда вояга етмаган болаларнинг манфаати ва хоҳишига мос келадиган ҳал қилув қарори чиқариши лозим.

Суд қайд этилган қонуний асосларга таянган ҳолда даъвони қаноатлантириб, ака-ука Ҳабибуллаевларга оталари Музаффар Қўч­қоров билан бирга Тошкент шаҳри Учтепа тумани, 6-тор Зарафшон кўчаси, 15-уйда яшаш жойи сифатида белгилаш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди. Шунингдек, суд қарорида жавобгар Д. Қўч­қоровага Оила кодексининг 76-моддасига асосан болалари билан кўришиб туриш, уларнинг тарбия­сида иштирок этиш ва таълим олиш масалаларини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга экани тушунтириб ўтилди.

Албатта, баён этилган во­қеа кўпчиликни ўйга толдириши тайин. Чунки одатда, ак­са­рият оилавий ажримларда фарзандлар онаси билан қолишгани кузатилади. Борди-ю,­ эр-хотин ўртасида фар­занд­лар борасида низо келиб чиқса ҳам суд онанинг улар тарбиясидаги устунлигини инобатга олган ҳолда қарор чиқаради. Афсуски, Д. Қўчқорова ўз фарзандларининг меҳрини қозона олмади. Бундай аянчли ҳолат ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

 

Нигора МИРЗАКАРИМОВА,

фуқаролик ишлари бўйича

Учтепа туманлараро

суди судьяси

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: