ОСИЁ-ТИНЧ ОКЕАНИ МИНТАҚАСИ МАМЛАКАТЛАРИНИНГ XI ХАЛҚАРО ЮРИДИК ФОРУМИ

30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси К. Комилов Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларининг Россия Федерацияси Олий суди раиси В. Лебедев раислигида видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган ўн биринчи Халқаро юридик форуми ишида иштирок этди.

Тадбирда Вьетнам Социалистик Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Индонезия Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Камбоджа Қироллиги, Хитой Халқ Республикаси, Корея Халқ-Демократик Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Монголия, Мьянма Иттифоқи Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Таиланд Қироллиги, Ўзбекистон Республикаси ва Филипинн Республикаси Олий судлари раислари ва судьялари иштирок этди.

Форумда Осиё-Тинч океани минтақасида одил судлов ва иқтисодий интеграциянинг ривожланишига доир масалалар муҳокама қилинди. Шу ўринда тадбир иштирокчилари иқтисодий низоларни ҳал қилиш ва интеллектуал ҳуқуқларнинг суд ҳимояси билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратишганини ҳам қайд этиш жоиз.

Жумладан, делегатлар чет давлат судлари ва арбитражи қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш, низоларни ҳал этишнинг муқобил усуллари, иқтисодий низолар бўйича суд ҳимоясининг тезкор воситалари, таъминлаш чораларини қўллаш, ташқи иқтисодий низоларни ҳал этиш учун ихтисослашган судлов, трансчегаравий низоларни ҳал этиш, чет эллик шахслар билан боғлиқ низоларни ҳал этишда иштирокчи давлатлар Олий судлари ўртасида халқаро-ҳуқуқий ёрдамнинг судлов платформасини яратиш ва шакллантириш масалалари юзасидан ўз мамлакатлари тажрибаси билан бўлишишди.

Бундан ташқари форум иштирокчилари патентланган технологияларга адолатли, ақлли ва таҳқирсиз эришишни таъминлаш, сунъий интеллект технологияларини айланиши ва қўлланилиши бўйича трансчегаравий низолар, контрафакт маҳсулот айланишига қарши курашда судларнинг роли, тиббиёт соҳасидаги патент низолари ва минтақа давлатларида параллель импортга оид низолар бўйича ўз амалиётларини баён этишди.

Ўз навбатида, К. Комилов форум қатнашчиларига  давлатимиз инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хусусан, инвестор ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли суд ҳимоясини янада такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар юзасидан ахборотни тақдим этди.

Шунингдек, мамлакатимизда туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари, Олий судда жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўришга ихтисослашган судлов таркибининг ташкил этилгани суд ҳимоясига эришиш даражасини янада оширгани қайд этилди.

Таъкидландики, бу ислоҳотлар моҳият-эътибори билан суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, инвесторлар, тадбиркорлар ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Олий суди раиси томонидан қайд этилганидек, Осиё-Тинч океани минтақасидаги давлатлар билан ўзаро манфаатли, сермаҳсул ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мамлкатимиз ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.

  

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди

Жамоатчилик ва

оммавий ахборот воситалари

билан алоқалар бошқармаси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: