ОРТИҚЧА ҒАВҒОДАН НЕ ФОЙДА? ЁХУД АСОССИЗ ШИКОЯТБОЗЛИК ХУСУСИДА

Ҳар қандай жамиятда одамлар турли низоларга дуч келиши мумкин. Ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда низолар судда қонуний ечимини топади. Яъни судда ким ҳақ, ким ноҳақ экани маълум бўлади. Бошқача айтганда, бир тараф ютса, иккинчиси мағлуб бўлади.

Суд ҳукм ёки қарор чи­қар­гандан сўнг бундан норози бўлган томон юқори инс­танциялар ва бошқа давлат идораларига мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Бу Конституция­миз ва қонунларда кафолатланган. Бу ҳуқуқдан фойдаланишни чеклашнинг ўзи бир жи­ноят­ хисобланади. Лекин ҳозир масала бу ҳақда эмас.

Аслида гап шундаки, бугунги кунда баъзан «фуқароларимиз суддан норози, судлар уларни рози қила олмаяпти», — деган қарашлар, ижтимоий тармоқларда чиқишлар учраб тургани баҳсталаб.

Бу фикр ёки чиқишларга асос борми? Ўрганишлар бун­дай фикр тарқатаётган манба муаллифлари, ишнинг хақиқий ҳолатини ўрганишга уринмай, фақат бир тараф, яъни судда масаласи унинг фойдасига ижобий ҳал бўл­маган тарафнинг фикрларига асосланаётганини кўрсатмоқда. Бундай ёндашувни тўғ­ри деб бўладими?

Чунки айни пайтда судлар қарор қабул қилгач, тарафларга қабул қилинган қарорнинг моҳият-мазмуни қандай қонун ҳужжатларига асослантирилганини батафсил тушунтирмоқда.

Бу эса, ўзининг ижобий натижасини бераётир. Хусусан, ўт­ган 2020 йилда республика судлари томонидан кўрилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларининг атиги 3,5 фоизи бўйича юқори инстанция судларига шикоятлар келтирилгани, қолган 96,5 фоиз ишлар бўйича тарафлар қонун талаби улар томонида эмаслигини тушуниб етганлигини кўр­сатади.

Қолаверса, юқори инс­танция судига келтирилган шикоятларнинг 65 фоизи ҳам асоссиз деб топилиб, суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Бундай ижобий натижага эришишда тарғибот-ташвиқот ишлари ва сайёр суд мажлислари муҳим аҳамиятга эга бўл­ди. Хусусан, ўтган йилда 188 349 та иш сайёр суд мажлисларида кўрилган бўлса, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 41 292 та хусусий ажрим (тақдимнома) лар чиқарилган.

Судья ва суд ходимлари томонидан оммавий ахборот воситалари орқали 16 260 та тарғибот ишлари амалга оширилган бўлса, маҳаллаларда 20 668 маротаба тушунтириш-тарғибот ишлари ўтказилган. Бундан ташқари судлар раҳбариятининг маҳаллаларда 15 357 та сайёр қабуллари ташкил қилиниб, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатлари кўриб чиқилган.

Бу жараён келгусида ҳам изчил давом эттирилади, албатта.

Олий судга келиб тушаётган шикоятларнинг 2019 йилга нисбатан 2020 йилда 36,9 фоизга камайганини судлар томонидан амалга оширилаётган тушунтириш ва тарғибот ишларининг натижаси деб баҳолаш мумкин. Бироқ кейинги пайтларда амалиётда шундай ҳо­латлар кузатилаяптики, айримлар ноҳақ бўл­са-да, йиллар мобайнида ши­коят­ ёзишдан тўхтамаяпти. Хўш, бунинг сабаби нима? Очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақиқатни тан олмасдан «шикоятбозлик хас­талиги»га йўлиққанларнинг мақсад-муддаоси не?!

Маълумки, суд қарорларига нисбатан шикоят келтиришнинг ўзига яраша тартиби ва қоидалари мавжуд. Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 498 ва 510-моддаларига мувофиқ, маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек, жарбланувчи, унинг вакили суд қарорларига нисбатан шикоят келтириш ҳуқуқига эга. Яъни қонун билан суд қарорларига нисбатан шикоят келтириш ваколатига эга бўлган шахс­лар доираси қатьий белгилаб қўйилганки, жиноят ишига алоқаси бўлмаган шахслар суд қарорлари қонунийлиги масаласини муҳокама қилиш ва бу борада шикоят келтириш ҳуқуқига эга эмас.

Худди шундай чекловлар фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар бўйича ҳам ўрнатилганки, иш бўйича манфаатдор тараф, яъни судланган, жабрланувчи, даъвогар ёки жавобгар суд қароридан ро­зи бўлган бир вазиятда бош­­қаларнинг — улар судда тараф бўлиб ўтган шахснинг яқин қариндошлари бўладими ёки танишлари бўладими — ишга аралашмаслигини таъминлаш мақсади назарда тутилган.

Афсуски, шундай фуқаролар борки, уларга қонун талабини қайта-қайта тушунтирсанг ҳам ўзининг билганидан қолмай Олий суд, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа нуфузли идораларга шикоят қилишдан тўхташмайди.

Масалан, турмуш ўртоғи О. ни (исм-шарифлар ўзгартирилган) яқин қариндошлари кўз ўнгида ўта шафқатсизларча қасддан ўлдирган С. озодликдан маҳрум этиш жазосига судланиб, охирги икки йилда жазо ўтаётган муассаса орқали бирон марта ҳам суд қарорларига нисбатан шикоят ёзмаган бўлса-да, унинг таниши бўл­­­­ган фуқаро К. га юқорида қайд этилган қонун талаби бир неча маротаба тушунтирилгани, бу ҳақда унга кўплаб ёзма равишда жавоблар берилгани, уни Олий суд раиси ва раис ўринбосарлари ҳам бир неча марта шахсан қабул қилиб, тегишли тушунтиришлар беришганига қарамай, у 2019 йил­да 18 маротаба, 2020 йилнинг ўзида эса, фақат Олий суднинг ўзига 13 маротаба шикоятлар билан мурожаат қилиб, С.ни қамоқдан озод этилишини талаб қилиб келмоқда.

Яна бир мисол: фуқаро А. фу­­қаро И. ни алдаб, фирибгарлик йўли билан унинг кўп миқдордаги пул маблағини қўлга киритиб, талон-торож қилган.

Иш судда кўрилиб, айбдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва келтирилган зарарни айбдордан И. нинг фойдасига ундириш белгиланиб, суд қарори ижрога қаратилган.

Бир қараганда оддий ва содда ечим. Бироқ фуқаро И. жиноят оқибатида етказилган моддий зарарни айбдордан ундириш масаласида Мажбурий ижро бюросининг тегишли худудий бўлимига мурожаат қилиш ўрнига турли важлар билан судга мурожаат қилишда тўхтамаётгани ажабланарли, холос.

Унинг важларини текшириш масаласида жиноят иши Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида, ҳатто Олий суднинг Раёсатида қай­та-қайта кўрилгани, келтирилган важларини текшириш учун жиноят иши бир неча маротаба янгитдан апелляция тартибида кўриш учун юборилгани, бироқ унинг важлари ўзининг тасдиғини топмаётгани фуқаро И. ни шикоят ёзишдан тўх­татмаяпти.

Бу ҳолатда фуқаро И. ни инсонийлик юзасидан тушуниш мумкин, чунки у алданган ва фирибгарлар томонидан талон-торож қилинган мулкини қайтариб олмаган. Бироқ у Олий суд раиси ва раис ўринбосари томонидан 8 марта қабул қилинган ва унга қонун талаблари, хусусан, зарарни ундириш масаласида Мажбурий ижро бюросига, унга нисбатан фирибгарлик жиноятини фуқаро А. билан бирга фуқаро М. ҳам содир этгани ҳо­­лати юзасидан эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилиши лозимлиги тушунтирилган.

Кўриниб турганидек, фуқаро И. нинг суд ҳукми ва ажримларидан норози бўлишига ҳеч қандай қонуний асос мавжуд эмас. Етказилган зарарни ундириш масаласи эса, Мажбурий ижро бюроси ваколатига киради.

Хулоса ўрнида айтадиган бўл­сак, карра жадвали каби ош­кора кўриниб турган, ҳал бўлган муаммо бўйича қайта-қайта шикоят қилишдан фойда йўқлиги, аксинча, бу каби шикоятчиларнинг асоссиз равишда шикоятлар ёзиши суд қа­рор­лари устидан келиб тушаётган шикоятлар сонини сунъий равишда ошишига салбий таъсир ўтказаётгани кундек равшан. Бундан ташқари шикоятбозлик қилиш давлат идоралари масъуллари, судья­ларнинг қимматли вақтини ўғирлайди. Шу боис жамиятда ҳу­қу­қий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Зеро, қонунни ҳурмат қилган одам унга сўзсиз риоя қилади, талабларини тў­лиқ бажаради.

Ўз навбатида, қонунга амал қи­лиш ижтимоий адолатга эришишнинг асосий шартидир.

 

 

Икром Муслимов,

Олий суд раиси ўринбосари

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: