ОРТДА ҚОЛГАН НОҲАҚЛИК: ОЛТИ ЙИЛДАН СЎНГ ҲАҚИҚАТ ҚАРОР ТОПДИ

Маълумки, ички ишлар ходими, қонун ҳимоячиси бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган шарафли касб. Чунки бу касб ҳар бир кишидан метин ирода, чинакам фидойилик ва матонат талаб этади. Айни касб эгаси турли машаққат ва синовларни мардонавор енгиб ўтиши, тинимсиз изланиши шарт.

Фарғона туманида яшовчи Фур­қатжон Камолов ҳам ушбу тизимга ишга қабул қилинаётганида эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида астойдил хизмат қилишни ният қил­ганди. Шундай бўлди ҳам. Эзгу ниятлари амалга ошиб, Фар­ғона вилояти ички ишлар бошқармаси тизимига қабул қилинди. Сўнг у касбига садоқати ва фидойилиги боис тез орада ҳам­касб­лари ўртасида обрў-эътибор қо­зонди. Натижада навқирон 41 ёшида Бағдод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.

Ф. Камолов ушбу лавозимда тўрт йиллик фаолияти давомида туманда жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида кунни тунга, тунни кунга улаб хизмат қилди. Аммо 2014 йилда унинг бошига жиддий ташвиш тушди. Яъни асоссиз айбловлар билан ун­га нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур жиноят­ иши эса, жиноят ишлари бў­йича Ўз­бекис­тон тумани судида кў­риб чиқилди. Суднинг 2015 йил 16 мартдаги ҳукмига мувофиқ Ф. Камолов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 205-моддаси 2-қис­ми «а», «в» бандлари, 209-моддаси 2-қис­ми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 3 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқу­қидан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида жарима жазосига тортилди.

Суд ҳукмида қайд этилишича, Ф. Камолов туман ИИБ қошида ташкил этилган «Бағдод қалқонлари» ёрдамчи хўжалигининг 12 гектар ер майдонида бошоқли дон етиштирилиши учун туман «Қишлоқхўжаликкимё» шўъба корхонаси томонидан ажратилган 4 838 900 сўмлик минерал ўғитларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган. Шунингдек, ёрдамчи хўжалик ерини 2013 йил январь ойи­да фуқароларга жами 17 500 000 сўмга вақтинча фойдаланиш учун бериб юбориб, давлат ва жамоат манфаатларига катта миқдорда зарар етказган.

Бундан ташқари у 2011 йил 15 мартда туман ҳокими номидан туман ИИБ биносини таъмирлаш юзасидан ҳомийлик қилиш учун берилган тавсиянома асосида «Бағдоддонмаҳсулотлари», «Бағдод пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамиятлари ҳамда «Аброр» хусусий фирмасидан 15 000 000 сўм миқдоридаги ҳомийлик маблағини «Бағдод қалқонлари» ёрдамчи хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказган. Сўнг бу маблағни турли хўжалик юритувчи субъектларга ўтказиб, талон-торож қилган.

Ф. Камоловга яна шундай айб қўйилганки, гўёки у мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, «Бағдод деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамияти балансидаги таъмирталаб жамоат ҳожатхонаси биносини қонунга хилоф равишда эгаллаб олади. Кейин уни тў­лиқ таъмирлатиб, 2011 йил сентябрь ойида аҳоли учун пуллик асосда ишга туширади. Пировардида 2011-2013 йиллар мобайнида хизмат кўрсатишдан келиб тушган 81 359 506 сўмни ўзлаштиради. Шу билан бирга, бозор ҳудудидаги 48,64 квадрат метр ер майдонини ҳеч қандай ҳужжатларсиз қонунга хилоф равишда эгаллаб олиб, кадастр баҳоси 3 648 168 сўм­лик савдо дўконини қурдиради. Дўкон битгач, уни фуқаро М. Қорабоевага 14 000 000 сўмга сотиб юборади. Оқибатда ер майдонининг ижара ҳа­қи тўланмаслиги туфайли «Бағдод деҳқон бозори» масъу­лияти чекланган жамияти манфаатларига 2 646 000 сўм миқдорида зарар етади.

Хуллас, Ф. Камоловга шунга ўхшаш бир қатор айбловлар эълон қилинади.

Судланувчи белгиланган жазоларни ўтайди ҳам. Бироқ у барибир ўзи­ни айбсиз деб биларди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида демократик ислоҳотлар амалга оширила бошлангач, Ф. Камоловнинг кўнглида ўзининг айбсиз эканини исботлаш ва ҳа­қи­қатни қарор топдиришга ишонч уйғонди. Шу боис у 2019 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судига кассация шикояти берди. Суднинг 2019 йил 22 октябрдаги ажрими билан биринчи босқич судининг ҳукми ўзгартирилиб, унинг айбидан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «в» банди ва 209-моддаси 2-қис­ми «а» банди чиқарилиб, ҳа­ра­катлари ко­декснинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 205-моддаси 2-қисми «а» бандидан 206-моддаси 1-қисмига қайта малакаланди. Сўнг Жи­ноят­ кодексининг 64-моддаси 1-қисми «а» бандига асосан жавобгарликдан озод қилинди. Ҳукмнинг «Бағдод деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамиятига 79 876 153 сўм, ИИБ қошидаги «Бағдод қалқонлари» ёрдамчи хўжалигига 15 000 000 сўм ва «Қишлоқхўжаликкимё» шўъба корхонаси фойдасига 4 838 000 сўм ўтказиш қисми бекор қилиниб, ана шу маблағлар ҳамда асосий жазо тариқасида ундирилган 33 636 750 сўм жарима Ф. Камоловга қайтарилиши белгиланган.

Лекин шунда ҳам унинг кўнг­ли ёришмади. Бинобарин, у ўзининг айбсизлигини исботловчи бир қатор далилларни тақдим этган ҳолда Олий судга мурожаат қилди. Пировардида Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 12 майдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Фарғона ви­лоя­ти суди апелляция инс­танциясининг 2019 йил 22 октябрдаги ажрими бекор қилинди, жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кў­риш учун юборилди.

Албатта, апелляция суди мажлисида Ф. Камоловнинг ноҳақ судлангани аён бўл­ди. Яъни биринчи инстанция су­ди Жиноят процессуал кодекси талаблари ва Олий суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарори тушунтиришларига риоя қилмаган. Жумладан, ИИБ бошлиғининг ёрдамчи хўжалик ерларини фуқароларга сотиб юборилишига дахлдорлигини исботловчи далиллар жиноят ишида мавжуд эмас.

Қолаверса, 2012-2013 йиллар давомида «Бағдод қалқонлари» ёр­дамчи хўжалиги белгиланган давлат режасидан ортиқ дон маҳсулоти топширган бўлиб, давлат ёки жамоат манфаатларига зарар ёхуд жиддий зиён етказилмаган.

Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 205-моддаси 1-қисмида ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қи­лиш, яъни мансабдор шахснинг ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қо­нун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига са­баб бўлса, 205-модда 2-қисми «в» бандида ўша ҳаракат маъсул мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик белгиланган. Қонун мазмунига кўра, кўп миқдор энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача, жуда кўп миқдор эса, энг кам ойлик иш ҳақининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлган миқдор тушунилади. 2014 йил 15 декабрдан бошлаб ва суд ҳукми чиқарилган вақтда энг кам ойлик иш ҳақи 118 400 сўм белгиланган бўлиб, кўп миқдор 35 520 000 сўмни ташкил этган.

Шунингдек, апелляция судида гувоҳлик берган Э. Мирза­умаров ва О. Раҳмонбердиев «Қишлоқхўжаликкимё» шўъба корхонаси томонидан «Бағдод қалқонлари» ёрдамчи хўжалигига ажратилган минерал ўғитлар буғдойзорга солингани, бошқа шахс­ларга сотиб юборилмагани ва бу ҳақда тегишли далолатномалар тузилганини маълум қилишди. Бундай ҳолатда, Ф. Камоловни ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, фуқароларнинг ҳуқуқ­ларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказганликда айблаб бўлмайди.

Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасида иш қўз­ғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳо­диса юз бермаган бўлса, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, унинг содир этилган жиноятга дахли бўл­маса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши лозимлиги белгиланган.

Ана шу асосларга таянган Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг 2019 йил 22 октябрдаги ажримини бекор қилиб, уни айб­сиз деб топди ҳамда оқлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтда Фурқатжон Камоловнинг таниш-билиш, қариндош-уруғ, қўни-қўш­ни ва ҳамкасблари олдида юзи ёруғ.

Зеро, ҳақиқат ва адо­лат эгилади, букилади, аммо синмайди.

 

 

Тўлқинжон ТЎРАҚУЛОВ,

Фарғона вилояти суди судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: