ОНЛАЙН ҚИМОР ФОЖИАСИ ҲАР БИРИМИЗНИ ҲУШЁР ТОРТТИРИШИ ЗАРУР

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда интернетдаги таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларининг аянчли оқибатлари ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда. Бу хабарлар асосан турли хил кўнгилсизлик, айниқса, фожиали воқеалардан иборат экани соғлом фикрли, ҳаётга очиқ кўз билан қарайдиган ҳар бир кишини ташвишга солади.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ўтган бир йил давомида интернетдаги таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларида катта миқдорда маблағидан айрилгани туфайли олти нафар, шу йилнинг дастлабки ярим йилида яна шунча киши ўз жонига қасд қилган.

Яна ташвишли жиҳат шундаки, онлайн қимор билан боғлиқ жиноятлар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда 55 та, 2020 йилда 86 та, 2021 йилда 103 та ва шу йилнинг биринчи ярим йилида 90 та айнан шундай турдаги жиноятлар содир этилган.

Айтиш керакки, амалдаги қонун ҳужжатларида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этиш, қонунга хилоф равишда бундай ўйинларни ташкил қилиш, ўтказиш, қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

2021 йилда Самарқанд вилояти туман ва шаҳар судларида қимор ва таваккалчиликка асосланган қилмишлар билан боғлиқ 147 нафар шахсга нисбатан 28 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилган.

Маъмурий ҳуқуқбузарлардан 64 миллион 67 минг сўм жарима ундирилган.

Шу йилнинг ўтган ўн ойида эса, судда 36 та маъмурий иш мазмунан кўриб чиқилиб, 164 нафар маъмурий ҳуқуқбузарга нисбатан 138 миллион 15 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Бундан ташқари Жиноят кодексининг 278-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этгани учун судлар томонидан 2021 йилда 12 та иш бўйича 14 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўрилиб, тамомланган.

Уларнинг 2 нафарига жарима, 11 нафарига озодликни чеклаш жазоси тайинланган, 1 нафар шахсга нисбатан жиноят иши иш юритишдан тугатилган. Шу йилнинг ўн ойи давомида эса, ўнта шу турдаги жиноят иши бўйича 11 шахсга нисбатан суднинг айблов ҳукми чиқарилган.

Судланувчиларнинг 7 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 3 нафарига озодликни чеклаш ва 1 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Юқорида қайд этилганидек, бундай иллатга берилиш ҳеч қачон хайрли якун топмайди. Аксинча, қиморга берилган кимсанинг охир-оқибат топгани афсус-надомат ва пушаймонлик бўлади. Масалан, ўтган йилнинг август ойида «Халқ банки»нинг Каттақўрғон шаҳар филиали чакана амалиёт бўлими етакчи мутахассиси Ф. Дониёров (исм-шарифлар ўзгартирилган) одатдагидек ишлаш учун компьютерни ёқиб, чакана кассани очади.

Кассани очади-ю, бир зум ҳайратдан қотиб қолади. Чунки кассада 550 миллион сўм камомад бор эди.

У бундан дарҳол банк бўлим бошлиғини хабардор қилади. Ўз навбатида, бўлим бошлиғи бу ҳақда филиал бош­қарувчисига хабар беради. Қисқаси, катта миқдордаги маблағ ўғирланганига тўлиқ ишонч ҳосил қилингач, банкнинг вилоят бошқармасига хабар беришади. Шундан сўнг бошқарманинг ички аудит бўлими ходимлари ушбу ҳолат юзасидан текшириш ўтказишади.

Айтиш керакки, ички аудит бўлими ходимлари томонидан ўрганиш жараёнида кимдир чакана кассага «LABS» банк дастурининг Ф. Дониёров номига очилган профилдан логин ва код орқали кириб, Г. Пардаеванинг номидаги «Uzcard» пластик картасига 550 миллион сўм маблағни кўчириб олгани маълум бўлади. Буёғини сўрасангиз, банк мутахассиси Ф. Дониёров Г. Пардаеванинг номига очилган пластик картадан банк филиалининг кредитлар мониторинги хизмати етакчи мутахассиси Шеҳруз Ибодуллаев фойдаланиб юришини биларди. Чунки Шеҳруз илгари бир неча марта унинг ёнига келиб, айнан шу пластик картага пул ўтказган эди.

Қисқаси, сир очилгач, Ш. Ибодуллаев содир этган қилмишини дарров тан олди.

Хўш, банк мутахассиси Ш. Ибодуллаев бунча катта миқдордаги маблағни ўғирлаб, нимага сарфлаган? Умуман айтганда, уни ўғирликка қўл уришига нима мажбур қилди?

Мазкур жиноий қилмишни содир этишдан чамаси, олти ойча олдин Ш. Ибодуллаев банк ҳовлисидан тасодифан кимдир тушириб қолдирган пластик картани топиб олади. Шундан сўнг у картани банкоматда текшириб кўрганида, ҳимоя коди йўқ экани маълум бўлади. Ш. Ибодуллаев бу пластик картани эгасига қайтариш ёки банкка топширишни хаёлига ҳам келтирмайди, аксинча, уни ўз телефонига улаб олади. Кейин эса, пластик картага пул ўтказиб, фойдаланиб юради.

Биз юқорида Ш. Ибодуллаев Ф. Дониёровнинг ёнига бориб, Г. Пардаеванинг номидаги пластик картага бир неча марта пул туширгани ҳақида айтгандик. Гап шундаки, ўша пайтда Ф. Дониёров Ж. Ибодуллаев боши устида, компьютер экранидан кўз узмай турган бўлса-да, бир жамоада ишлаганлик ҳурмати учун эътироз билдирмаганди. Аниқроқ айтганда, у мутлақо сир тутиладиган, фақат ўзигагина маълум логин ва паролни Ш. Ибодуллаевнинг кўз ўнгида терганди. Ўша пайтда Ш. Ибодуллаев ўзини мутлақо бепарво тутган бўлса-да, Ф. Дониёровга тегишли логин ва паролни билиб олганди.

Қисқаси, ўтган йил 28 август шанба куни иш куни ҳисобланмаса-да, Ш. Ибодуллаев банкка келади. У соат тахминан ўн тўққизларда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, филиалнинг чакана амалиёт бўлимига киради ва Ф. Дониёровнинг хизмат компьютери орқали банк кассасидан 50 миллион сўм миқдоридаги маблағни хуфиёна тарз­да Г. Пардаеванинг номидаги плас­тик картага ўтказади.

Буёғини сўрасангиз, Ш. Ибодуллаевнинг банкдан пул ўмаришдан кўзлаган муддаоси бор эди. Аниқроғи, у онлайн қимор ўйинига муккасидан кетган, шунинг учун банк маблағига кўз олайтирганди. Эллик миллион сўмни ўмаргач, у қўл телефони орқали букмекерлик компаниясига тегишли интернетдаги қимор ва таваккалчиликка асосланган «1-ХВЕТ» дастурининг «Рулетка» ўйинига киради ва пул тикади. Аммо омад ундан юз ўгиради, бир зумда 50 миллион сўмни ютқазиб қўяди.

Бундан баттар алам ва жазавага тушган Ш. Ибодуллаевнинг кўзларига ҳеч нарса кўринмайди, унинг бутун фикру хаёлини қимор ўйини банд этиб олганди. Шу боис у якшанба куни яна банк филиалига боради. У Ф. Дониёровнинг хизмат компьютери қаршисида ўтириб, Г. Пардаеванинг номига очилган пластик картага яна пул ўтказади ва шу ернинг ўзидан онлайн қи­мор ўйинига қўшилади.

Афсуски, ўша куни буткул қуюшқонидан чиқиб кетган Ш. Ибодуллаев 500 миллион сўмни бой беради.

Албатта, қимор ўйинига муккасидан кетган ва шунинг оқибатида банкнинг катта миқдордаги маблағини талон-торож қилган Ш. Ибодуллаевнинг қилмиши жазосиз қолмади.

Суд ҳукми билан судланувчи Ш. Ибодуллаев саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. У жазони умумий тартибдаги колонияда ўташи белгиланди.

Қиморга берилиши оқибати ана шундай аянчли якун топди.

Бу воқеани баён этишдан мақсад шуки, интернет тармоғининг фойдали, қулай ва тезкор жиҳатлари билан бирга фарзандларимизнинг соғлом ҳаётига тажовуз қиладиган, уларни тўғри йўлдан адаштирадиган иллатлари ҳам бор.

Хўш, бундан қандай ҳимояланиш мумкин?

Бунинг ягона йўли таълим-тарбия билан боғлиқдир.

Айтмоқчимизки, ҳар бир боланинг дунёқарашида, онг-шуурида бу иллатларга қарши иммунитетни шакллантириш, уларга онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар инсон ҳаётини барбод қилиши, буларнинг оқибати афсус-надомат, пушаймонлик ва ҳатто фожеали тугашини тушунтиришимиз лозим. Шундагина бундай иллатларга чек қўйилади.

 

 

Илҳом ҲАМИДОВ,

Самарқанд вилояти суди судьяси

 

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: