ОНАЛИК БАХТИ ЁХУД СУДДА ҚАРОР ТОПГАН ҲАҚИҚАТ

Оқила суд биносининг кутиш залида ҳаяжон ичида турарди. Бундан икки йил олдин би­ринчи марта судга келганда ҳам ҳая­жоланган бўлса-да, у бу галгидек кучли эмасди. Унинг бутун фикру хаёлини жигарбандини ундан олиб қўйиши мумкин, деган ўй эгаллаб олганди. Гарчи адвокат унга таскин бераётган бўлса-да, кўнглига қил сиғмасди.

 

Аслида Оқила собиқ турмуш ўр­тоғи Дилмурод билан бир-бирига кўн­­гил қўйиб, турмуш қуришган эди. Лекин улар фарзандли бўлишмади. Орадан тўрт йил ўтгач, аста-секин ои­ладагиларнинг унга нисбатан муносабати ўзгара бошлади.

Шунда эр-хотин оилани сақлаб қо­лиш учун фарзанд асраб олишга қа­рор қилишди. Аввалига қайнона-қайнотаси бунга қаттиқ қаршилик қи­лишди.

Кейинчалик розилик беришди.

Қайнонаси узоқроқ қариндоши боласини фарзандликка беришга рози экани ҳақида гап очганда Оқи­ланинг қувончдан боши осмонга етди.

Шундан сўнг ота-онасининг розилиги билан болани уйга олиб келиб, парваришлай бошлашди. Оқила болага бутун меҳрини берди.

Фуқаролик ишлари бўйича суднинг 2020 йил 25 июндаги ҳал қилув қарорига асосан 2019 йил 25 декабр­да туғилган Диёрбек уларнинг оиласига фарзандликка берилди.

Лекин бола боқиш осон иш эмас экан. Айниқса, она сути бўлмаса, болани сунъий овқатлантириш жуда ҳам оғир юмуш ҳисобланади. Оқила чақалоқ билан овора бўлиб, баъзи кечалари ухламас эди. Натижада аввалгидек ҳамма ишга улгуролмас, уй юмушлари қолиб кетарди. Бу эса, оиладагиларга ёқмасди.

Энг ёмони, Дилмуроднинг ҳам феъл-атвори ўзгара бошлади. У ар­зи­­маган баҳоналар билан тез-тез жанжал чиқаришни одатга айлантирди. Диёрбек бир ёшга тўлганда Дилмурод хорижга ишлаш учун кетди. Бу эр-хотинни бир-биридан янада узоқлаштирди. Орадан бироз вақт ўтгач, Оқилага «Дилмурод чет эл­да бошқа оила қурган эмиш, хотини ҳомиладор эмиш» қабилидаги гап-сўзлар етиб келди. Устига-устак, қайнонасининг зуғумлари ҳам кун сайин­ кучайиб борди. Охир-оқибатда Оқи­ла болани олиб уйдан чиқиб кетишга мажбур бўл­ди. Ота-онаси, опа-акалари Оқила ва фарзандига ҳамма шароитни муҳайё қи­лишди. Қийинчиликлар ортда қолиб, Диёрбекни меҳр билан тар­бия­лаб, вояга етказаётганда унинг ота-онаси фарзандликка олишни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси беришди. Бу Оқила учун яна бир оғир синов эди.

Судда даъвогарлар болани қа­рин­доши Дилмурод учун беришгани, эндиликда улар бирга яшамаётгани ва Дилмурод ҳам болани қайтариб беришга розилигини таъкидлаб, фарзандликка олиш ҳа­қидаги суд қарорини бекор қи­лишни сў­рашди.

Оқила ўзини зўрға қўлга олиб, Диёрбек учун ҳамма нарсага тайёрлигини, унинг баркамол вояга етиши учун шароит етарли экани ҳақида тушунтириш бериб, болани ўзида қолдиришни илтимос қилди.

Суд ҳайъати масалани тўлиқ ўрганиб чиқиб, Диёрбек Оқилани ўз онаси деб билиши, болани Оқиладан аж­ратиш унга салбий таъсир кўрса­ти­ши мумкинлиги, Оқила онаси сифатида ўз мажбуриятларини тўла-тў­кис бажариб келаётгани ҳамда даъвогарлар ўзлари рози бўлиб болани фарзандликка берганини инобатга олиб, даъвони рад этиш тўғрисида қарор чиқарди. Бундан ташқари Оқилага Дилмуродга нисбатан алимент ундириш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳу­қуқи мавжудлиги ҳам ту­шунти­рилди.

Бу ҳаяжонли лаҳзаларда Оқиланинг қулоқлари ҳеч нимани эшитмас, лаблари «адолат қа­рор топди» дея пи­чирлар, юзини қувонч ёшлари ювар эди…

Умида Солиева,

Наманган вилояти

 суди судьяси

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: