ОЛМОҚНИНГ БЕРМОҒИ БОР ЁХУД ҚАРЗНИ ЎЗ ВАҚТИДА ТЎЛАШ – ФАРЗ

Одатда, тўлови ваъда қилинган, шу юзасидан бир битимга эришилган ҳолда сотилган ёки бериб юборилган товарнинг ҳақи пировардида ростмана қарзга дўнади. Тўлов мажбурияти харидорнинг, уни талаб қилиб олиш фарзи эса, сотувчининг гарданида қолади.

Таассуфки, бозор муносабатларига дахлдор ушбу тартиб-таомилларга ҳамма ҳам бирдай амал қилаётгани йўқ. Тў­лов мажбурияти ва интизоми билан боғлиқ низолар иқ­ти­содий судларда муҳокамага энг кўп сабаб бўлаётган иш­лар сирасига киради, десак, муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилоят­ ҳудудий бошқармаси «Ўз­ме­лиомашлизинг» давлат унитар корхонаси манфаатини кўзлаб, «Ҳазорасп сув таъмир қу­рилиш» масъулияти чекланган жамиятидан 54,6 миллион сўмлик асосий қарз ва 3,8 миллион сўмлик пеняни ундириб беришни сўраб, Хоразм ви­лоят­ иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қил­ди.

Даъвогар бу борадаги қо­нуний талабини қўллаб-қуватласа-да, суд мажлисида иштирок эта олмаслигини билдирди. Ишни ўзининг иш­тирокисиз кў­риб чиқишни сўради. Судда жа­воб­гар тараф вакили ҳам қатнашмади.

Муҳокама санасидан бохабар бўлишига қарамай судга етиб келмади. Иш Иқтисодий процессуал кодексининг 170-моддаси талабига асосан, тарафларнинг иштирокисиз кўрилди.

Суд даъвогарнинг шикоятини муҳокама этар экан, ўртадаги молиявий низонинг туб сабабларини аниқлашга ало­ҳида эътибор қаратди.

Аниқланишича, «Ўзмелиомашлизинг» корхонаси «Ҳазорасп сув таъ­мир қурилиш» масъулияти чекланган жамиятига шарт­нома асосида 4 та мелиоратив техника воситаларини лизинг шартномаси асосида етка­зиб берган. Уни харид қилиб олган тараф йилнинг ҳар чорагида бир маротаба белгиланган миқдор ва муддатда тўловни амалга ошириш маж­бу­рия­тини зиммасига олган.

Бироқ жавобгар бу мажбуриятга кў­пам риоя этмаган. Оқибатда 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, салкам 55 миллион сўм миқдоридаги муддати ўт­ган қарздорлик пайдо бўлган. Лизинг берувчи ушбу қарзни тўлашни сў­раб, жавобгарга расман мурожаат ҳам қилган. Бироқ сў­ров жавобсиз ва оқибатсиз қолган.

Фуқаролик кодексининг 597-моддасига мувофиқ, лизинг воситасини олувчи белгиланган тўловларни ўз вақтида адо этиши, харид қилинган мол-мулкдан мақсадга мувофиқ фойдаланиши, уни соз ва тоза сақлаши, асраши, жорий таъмирлаш ва қаров билан боғлиқ бошқа жузъий ишларни ўз ҳи­собидан амалга ошириши зарур. Судга тақдим этилган ҳужжатларга қа­раганда, қарзга мол олган тараф қонуннинг ушбу талабини эъ­тироф этса-да, зиммасидаги бурч ва мажбурият­ларга панжа орасидан қа­раган. Гал харид қилинган техника во­ситалари тўловига етганида турфа важ-баҳоналарни рўкач этган. Оқи­батда тўлов мажбурия­ти ойлар мобайнида адо этилмаган.

Бинобарин, қарзга сотилган молнинг сўрови бор. Пул тушумлари ва унинг айланмаси барқарор жойда фаолият жонланади, иш бароридан келади.

Лизингга мол олганнинг ҳам ошиғи олчи. Ишига унум энади, даромаду буромади миқёслари ошади.

Низони ҳал қилиш асносида ушбу ма­ром бузилгани, бунга лизинг тўловчининг хатти-ҳаракати сабаб бўл­гани рўйи-рост аниқланди. Айни пайтда ўз қонуний ҳақини ундириш борасида лизингга мол сотувчининг ҳам айби аён бўлди. Шу ўринда қо­нуннинг кўрилаётган ишга дахлдор бир жиҳатини эслатиш зарур. Қарздор шартномада белгиланган мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, кредиторга тўлаши шарт бўлган пул миқ­дори Фуқаролик кодексининг 260, 262-моддаларига мувофиқ, неустойка ҳисобланади ва у тўловчидан пеня, яъни устама тарзида ундирилади. Аниқланган ҳо­латларга қараганда, лизингга мол сотувчи харидорнинг зиммасида ушбу мажбурият­ турганлигини унга ўз вақтида эслатмаган, қарзни ундиришга шошилмаган. Тўловни талаб қилиш муддатини пайсалга сол­ган. Бу билан устама тўлов миқдорининг асоссиз ортишига йўл қўйиб берган. Суд ана шу ҳолатни ҳам назарда тутди. Пеня ҳажмини анча камайтирган ҳолда унинг миқдорини талаб қи­линган 3,8 миллион сўмдан 1,7 миллион сўмга туширишни мақсадга мувофиқ ҳисоблади. Бу ҳолат суднинг ҳал қилув қа­рорида ўз ифодасини топди.

«Ҳазорасп сув таъмир қурилиш» масъулияти чекланган жамияти зиммасига талаб қилинган асосий қарз — 54,6 миллион сўм ва муддати ўтказиб юборилган тўлов учун ҳисобланган устама — 1,7 миллион сўм­ни «Ўзмелиомашлизинг» давлат унитар корхонасига монеликсиз тў­лаш мажбуриятини юклади.

Шу сингари суд эшитувлари жараёнида «Чиқирчи Муродбек» масъу­лия­ти чекланган жамияти зиммасига муайян миқдордаги қарзни тўлаш мажбурияти юклатилди.

…Судга тақдим этилган ҳужжатларга қараганда, 2019 йилнинг 15 июлда даъвогар мақомидаги «Сайман-Сай­ҳун» ва жавобгар тоифасидаги «Чиқирчи Му­род­бек» масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида маҳсулот етказиб бериш ва унинг ҳақини олдиндан тў­лаш юзасидан 17-сонли шартнома тузилган. Сотувчи — «Сайман-Сайҳун» корхонаси мазкур шарт­нома талабларига биноан, у расмийлаштирилган куннинг эртасигаёқ харидор — «Чиқирчи Муродбек» масъулияти чекланган жамиятига 39,7 тонна, ўша йилнинг 20 сентябрида эса, яна 5,8 тонна цемент маҳсулотини бериб юборган. Етказиб берилган маҳсулотнинг умумий қиймати 29,9 миллион сўмни ташкил этган. «Чиқирчи Муродбек» масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари ушбу қимматли қурилиш «масаллиғи»ни қўш­қўллаб қабул қилиб олган, аммо нав­бат тўловига келганида чўнтагини «қулфлаб олган».

Сотувчи тараф харид қилинган маҳсулотнинг ҳақини салкам бир йил давомида кутган. Шундан сўнг қоидага биноан, ўз ҳақи­ни талаб қи­лишга киришган. Харидордан орани очиқ қи­лиш­ни расман талаб этган. Лекин бу натижа бермаган.

…Шу йил июнь ойида иш судга кўчди. Унда масаланинг барча жиҳатлари ўз ечимини топди. Жавобгар даъвони рад этмади. Уни очиқ тан ол­ди. Бироқ даъвогар тарафидан 14,5 миллион сўм миқдорида пеня-устама ундириш юзасидан қў­йилган талабни бироз юмшатишни сў­ради. Суд ушбу ҳолатни ўрганар экан, пеня ҳажмини қисқартириш учун асослар етарли экани, даъвогар юзага келган қарзни барвақт ундириш чораларини пайсалга солгани, устама миқдори айнан шунинг оқибатида ошиб кетганини аниқлади.

Қабул қи­линган ҳал қилув қарорига асосан, талаб қилинган пеня ҳажми тенг ярмига қисқартирилди, даъвогарга бўлган жа­ми тўлов миқдори 37,8 миллион сўм қи­либ белгиланди.

Мақоламиз аввалида молни қарзга бериш билан боғлиқ юмушларни жиддий ва етти ўйлаган ҳолда амалга ошириш зарурлиги эслатилди. Зе­ро, томонлар низони судгача етиб келишидан олдин обдан ўйлаб, тадбир кў­ришлари, қонун ва адолат ким тарафда экани хусусида жиддий бош қотириши, ўзаро муросага келиш чораларини кўриши лозим. Ам­мо масаланинг бундан-да муҳим жиҳати бор: ҳарқа­лай, оларнинг берарини ҳам ўйлаб иш тутганга не етсин!

 

Музаффар Бобоназаров,

Хоразм вилояти

иқтисодий судининг судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: