ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

2021 йил 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, умумюрисдикция, маъмурий ва ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар аввало фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш орқали уларни суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Одил судлов соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил 24 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармонда белгиланган муҳим вазифалар моҳият-эътибори билан кафолатли суд ҳимоясини таъминлаш борасидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этишга, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга ва “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида иш олиб боришга, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлашга, суд органларининг амалдаги тузилмасини замон талаблари ва халқаро стандартларга уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.

Суд қарорларини қайта кўриш институтини янада такомиллаштириш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, бу ҳақидаги қонунлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланди хамда Президентимиз томонидан имзоланди.
Уларда суд қарорлари қонунийлиги, асослилиги ва адолатлигини қайта кўриб чиқишга оид бир хил процессуал тартиблар белгиланди.
Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди.

Маълумки, Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
2021 йил 1 январидан суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят бериш институти тугатилди, суд қарорлари устидан апелляция ва кассация тартибида шикоят беришнинг амалдаги тартиби тубдан ўзгартирилди, апелляция ва кассация инстанцияси судлари ваколатлари кенгайтирилди, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.

Пленум қарори билан судларга ЖПКнинг 1, 3-моддалари, ФПКнинг 1, 7-моддалари, ИПКнинг 1, 6-моддалари, МСИЮтКнинг 1, 8-моддалари, МЖтКнинг 1, 9-моддалари мазмунига кўра, суд муҳокамаси, шу жумладан, апелляция ва кассация инстанцияси судларида суд ишларини юритиш суд муҳокамаси юритилаётган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилиши тушунтирилмоқда.
Шу муносабат билан, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

маъмурий судлар иш юритишига қабул қилинган, бироқ 2021 йил 1 январга қадар мазмунан кўриб чиқилмаган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар судловга тегишлилиги бўйича жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларига ўтказилиши лозим;

кассация инстанцияси судининг иш юритишига қабул қилинган ёки суд муҳокамаси бошланган (иш юритишга қабул қилинган) кассация шикоятлари (протестлари) вилоят ва унга тенглаштирилган судлар ёки Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан мазмунан кўриб тугалланиши шарт;

суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) кассация шикоятлари (протестлари) ўтиб кетган апелляция шикояти (протести) бериш муддатларини тиклаган ҳолда апелляция тартибида кўриб чиқилиши лозим, агар уларни қайтариш ёки иш юритишга қабул қилишни рад этиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаса;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш институти муқаддам мавжуд бўлмаганлигини ва фақат 2021 йил 1 январидан жорий этилганлигини инобатга олиб, ушбу ишлар бўйича кассация шикоятлари (протестлари) апелляция шикояти (протести) бериш муддатини, агар у ўтиб кетган бўлса, тиклаган ҳолда апелляция тартибида кўриб чиқилиши лозим;

апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан 2021 йил 1 январга қадар чиқарилган қарорлар устидан Олий судининг тегишли судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин. Апелляция ёки кассация инстанцияси суди қарори бекор қилинган тақдирда, иш қайтадан кўриб чиқиш учун апелляция инстанцияси судига юборилади. Ишни апелляция тартибида кўриб чиқишда шуни эътиборга олиш лозимки, Жиноят кодексининг 13-моддаси 1-қисми мазмунига кўра, агар қилмишнинг жиноийлиги ёки жазога лойиқлиги ҳукм қонуний кучга киргунга қадар янги жиноят қонуни билан бартараф этилган бўлса, жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди билан тугатилади;

суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) назорат шикоятлари (протестлари) Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилади, агар уларни қайтариш ёки иш юритишга қабул қилишни рад этиш учун бошқа асослар мавжуд бўлмаса;

Олий суд судьяларининг ўрганишида бўлган Олий суд Раёсатига протест келтириш тўғрисидаги шикоятлар (аризалар) ишни кассация инстанцияси судида такроран кўриб чиқиш учун протест келтириш тўғрисидаги ариза сифатида кўриб чиқилиши лозим;

Шунингдек, Олий суд судьясининг назорат шикоятини кўриб чиқиш учун судлов ҳайъатига ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримининг мавжудлиги, кассация шикояти (протест) бериш учун белгиланган муддат доирасида кассация шикояти (протест) билан мурожаат қилиш учун тўсқинлик қилмайди.

Процессуал қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар суд ҳужжатлари устидан берилган ва мазкур судлар томонидан суд муҳокамаси бошланган (иш юритишга қабул қилинган) апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) мазкур босқич судлари тегишли судлов ҳайъатлари томонидан мазмунан кўриб тугалланиши шарт.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судлар суд ҳужжатлари устидан берилган ва ҳали суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) апелляция ва кассация шикоятлари (протестлари) шикоят (протест) берган шахсларга апелляция шикояти (протести) билан Олий суднинг тегишли судлов ҳайъатларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилиши, апелляция шикояти (протести) бериш муддатлари ўтиб кетган ҳолда эса, апелляция шикоятига (протестига) шикоят (протест) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномани илова қилиш зарурати тушунтирилган ҳолда қайтарилиши лозим.

Пленум қарори билан судларга апелляция ёки кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда қонунларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар муддатни ўтказиб юборишда узрли сабаб бўладиган ҳолат сифатида тан олиниши мумкинлиги тушунтирилмоқда.

Фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ишлар, шунингдек маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ўтказиб юборилган апелляция ёки кассация шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш масаласини муҳокама этиш чоғида, судлар ФПК, МСИЮтК, ИПК ва МЖтКда белгиланган суд қарорлари устидан шикоят (протест) бериш муддатларидан келиб чиқишлари лозим.
ФПКнинг 438 ва 445-моддалари, ИПКнинг 326 ва 333-моддалари, МСИЮтКнинг 268 ва 375-моддаларига кўра, суд ҳужжатини ўзгартирган ёки бекор қилган апелляция ёки кассация инстанциясининг қарорлари ва ажримларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш, суд ҳужжатини ўзгартирган ёхуд янги суд ҳужжати қабул қилган инстанция томонидан амалга оширилади. Суд ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилган суднинг ўзи ишни процессуал қонунда белгиланган умумий тартибда кўради.

Шу муносабат билан 2021 йил 1 январга қадар қабул қилинган кассация инстанцияси суди қарорлари ва ажримларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш, суд ҳужжатини ўзгартирган ёки янги қарор қабул қилган тегишли вилоят ва унга тенглаштирилган суд томонидан кўрилади. Кассация инстанцияси суди ҳужжати бекор қилинган ҳолда иш шу суд томонидан апелляция тартибида кўрилади.
Суд ҳужжати ўзгартирилган ёхуд бекор қилинган назорат инстанцияси судининг 2021 йил 1 январга қадар қабул қилинган қарорлари ва ажримларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳам худди шу тартибда амалга оширилади. Назорат инстанцияси суди ҳужжати бекор қилинган тақдирда, иш Олий суднинг тегишли ҳайъати томонидан кассация тартибида кўриб чиқилади.

ИПКнинг 25-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, бундай ҳуқуқий муносабатлар иштирокчилари юридик ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъи назар, инвестициявий низоларга оид ишларни кўриб чиқиш иқтисодий судлар ваколатига ўтказилган.
Шу билан бирга умумий қоидага кўра, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2021 йил 1 январга қадар суд муҳокамаси бошланган (иш юритишга қабул қилинган) бундай тоифага доир ишлар мазкур судлар томонидан мазмунан кўриб тугалланиши лозим.

Фуқаролик ишлари бўйича судларга 2021 йил 1 январга қадар берилган (алоқа бўлинмаларига топширилган), бироқ суд муҳокамаси бошланмаган (иш юритишга қабул қилиш масаласи ҳал этилмаган) бундай тоифадаги ишлар бўйича даъво аризалари судловга тегишлилиги бўйича иқтисодий судга ўтказилади.
Кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: