ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ МАЖЛИСИ

2022 йил 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, адвокатлар, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган тарихий ислоҳотлар, аввало, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоясини амалда таъминлаш орқали уларнинг суд органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Жиноят ишларини биринчи инстанцияда кўриб чиқишга тайёрлаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Жиноят ишларини биринчи инстанция судида муҳокама қилиш бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни апелляция тартибида кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг жиноят ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

 

Айтиш керакки, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш энг долзарб вазифа этиб белгиланган. Шу мақсадда жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш назарда тутилган эди.

 

Шу муносабат билан 2021 йил 18 февралда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, Жиноят-процессуал кодекси 49-1-боб билан тўлдирилди ҳамда процессуал қонунчиликка дастлабки эшитув институти жорий этилди.

 

Мазкур институт судга келиб тушган жиноят ишини судда кўриш учун тайёрлаш босқичида тарафларнинг дастлабки эшитувда иштирок этишини таъминлаб, жиноят ишларининг умумий асосларда кўриб чиқилиши ёхуд иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилишига монелик қилувчи сабабларни ўз вақтида бартараф этиш имконини тақдим қилишга қаратилган. Бу, ўз навбатида, ортиқча оворагарчиликлар ва беҳуда вақт йўқотишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Жиноят-процессуал кодексининг 395-моддасида судья жиноят ишини айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси ёхуд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш учун ишни судга юбориш тўғрисидаги қарор билан қабул қилиб олгач, ишни судловга тегишлилигига кўра ўтказиш тўғрисида; ишни судда кўриш учун тайинлаш ҳақида; дастлабки эшитув ўтказиш тўғрисидаги ажримлардан бирини чиқариши назарда тутилган.

 

Олий суд томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, республика жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йил давомида жами 61 263 нафар шахсга нисбатан 47 657 та жиноят иши кўриб чиқилган.

 

Ушбу жиноят ишларининг 54 685 нафар шахсга нисбатан 41 449 таси бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 395-моддаси тартибида ажрим чиқарилган. Мазкур ажримларнинг 54 523 нафар шахсга нисбатан 41 357 таси ёки 99,8 фоизи бўйича ишни судда кўриш учун тайинлаш, 162 нафар шахсга нисбатан 92 таси ёки 0,2 фоизи бўйича дастлабки эшитув ўтказиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

 

Бугунги кунда судларда жиноят ишларини биринчи инстанцияда муҳокама қилишга тайёрлаш ва дастлабки эшитув ўтказиш тартиби бўйича айрим масалалар юзага келганлиги Олий суд Пленумининг “Жиноят ишларини биринчи инстанцияда кўриб чиқишга тайёрлаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорини қабул қилишни тақозо этди.

 

Ушбу қарор жиноят ишини суд муҳокамасига тайинлашда аниқланиши лозим бўлган масалалар ҳамда дастлабки эшитув ўтказишга оид тушунтиришлардан иборат.

 

Қайд этиш лозимки, Пленум қарорида судья, шунингдек, биринчи инстанция суди томонидан жиноят ишини холисона, ўз вақтида ва тўғри ечим топишини таъминлаш мақсадида ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар, шунингдек, қонунда назарда тутилган процессуал қарорлар қабул қилиниши ва ҳаракатлар бажарилиши заруратини аниқлаш тартиби мустаҳкамланган.

 

Шу жумладан, қарорда Жиноят-процессуал кодексининг 396-моддасида назарда тутилган аниқланиши лозим бўлган ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун асос етарлилиги тўғрисидаги масалани ҳал этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар; суриштирув ва дастлабки терговни юритиш чоғида жиноят ишини қўзғатиш ва юритиш асослари ҳамда тартибини белгиловчи Жиноят-процессуал кодекси талабларига риоя этилганлиги, жиноят-процессуал қонуни нормалари жиддий бузилганлиги ҳамда суд томонидан суд муҳокамаси чоғида бартараф этиб бўлмайдиган бошқа қоидабузарликлар тушунчаси; айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси тўғри танланганлиги тўғрисидаги масала; жиноят оқибатида етказилган мулкий зарар қопланишини таъминлайдиган чоралар кўрилганлиги ҳамда бу борада суд томонидан амалга оширилиши лозим бўлган масалалар; суриштирув ёки дастлабки тергов жараёнида йўл қўйилган техник йўсиндаги камчиликлар тушунчаси; суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича судья кўриши лозим бўлган бошқа чоралар тушунчаси; дастлабки эшитув ўтказиш учун асослар мавжудлиги ҳақидаги масала билан боғлиқ тушунчалар батафсил ёритилган.

 

Қарорда дастлабки эшитув ўтказиш асослари ва тартиби назарда тутилган бўлиб, дастлабки эшитув ўтказиш тўғрисидаги илтимоснома тақдим қилиш муддатлари, бундай тартибдаги илтимоснома тақдим қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тарафлар, дастлабки эшитувни ўтказиш муддатлари қайд этилган.

 

Бинобарин, суд томонидан ўтказилган дастлабки эшитув юзасидан жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиш тўғрисида ажрим чиқариш тартиби ва асоси; жиноят ишини тугатиш асослари; ишни прокурорга юборишга асос бўладиган ҳолатлар; жиноят ишларини битта иш юритувига бирлаштириш асослари; номақбул далилни чиқариб ташлаш билан боғлиқ масалалар батафсил ёритилган.

 

Мазкур Пленум қарори судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятида ягона амалиётни шакллантиришга кўмак берувчи муҳим ҳужжат сифатида ўзининг самарали натижаларини бериши баробарида судьялар томонидан жиноят ишларини биринчи инстанцияда муҳокама қилишга тайёрлаш масаласига синчковлик билан, ҳар томонмала ва атрофлича ёндашишлари, бу эса ўз навбатида жиноят ишларини мазмунан кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатларнинг бартараф этилишига замин яратади.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, судлар томонидан қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан 1997 йил 22 августда қабул қилинган Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан жиноят ишларини биринчи босқич судида муҳокама этиш жараёнида процессуал қонунчиликка риоя қилиниши тўғрисида”ги Қарори судларга бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Бироқ, бугунги кунда жиноят-процессуал қонунига ўзгартиришлар киритилганлиги, шунингдек суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан судларнинг эътиборини иш ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширилишини таъминлаш, жиноят содир этилиши сабаблари ва унга имкон яратган шарт-шароитларни аниқлаш мақсадида жиноят ишларини биринчи инстанцияда муҳокама қилишда процессуал қонун нормаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленумининг “Жиноят ишларини биринчи инстанция судида муҳокама қилиш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорини қабул қилиш зарурати туғилди.

 

Шу муносабат билан йигирма беш банддан иборат мазкур Пленум қарори ишлаб чиқилди.

 

Ушбу Пленум қарорида ғоятда муҳим масалалар қайд этилган. Хусусан, суд муҳокамасининг умумий шартлари; суд мажлисининг тайёрлов қисми; суд тергови; тарафларнинг музокараси ва судланувчининг охирги сўзи билан боғлиқ тушунтиришлар ўзининг теран ифодасини топган.

 

Мазкур қарорда жиноят ишини судда суд ёки судья томонидан муҳокама қилинишида вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатлар, яъни судьянинг ваколат муддати якунлангани, бошқа судьялик лавозимига ёки бошқа ишга ўтгани муносабати билан ваколатлар тугаган тақдирда, кўрилиши тугалланмаган ишнинг муҳокамаси қандай тартибда ҳал этилиши, халқ маслаҳатчиларининг иштироки, судьянинг жиноят ишини муҳокама қилишдаги муайян ваколатлари ҳамда суд мажлисини олиб бориш тартиби борасида тушунтириш берилган.

 

Бундан ташқари, қарорда прокурорнинг суд мажлиси ва процессдаги иштироки, унинг ваколатлари аниқ кўрсатилган.

 

Хусусан, суддан жиноят қонуни нормаларини қўллаш, судланувчининг ҳаракатларини квалификация қилиш, унга жазо тури ва миқдорини белгилаш, жиноят содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитлар тўғрисида холисона фикр баён қилиш учун прокурорга имконият яратиш мақсадида жиноят иши муҳокамаси чоғида унинг узлуксиз иштирок этишини таъминлаш талаб этилган.

 

Суд мажлиси чоғида тарафларнинг иштироки ҳақиқатни аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, қарорда ишда тарафларнинг иштироки ва бу борадаги муайян шартлар хусусида тушунтиришлар келтирилган.

 

Қарорда жиноят ишини суд мажлисида муҳокама қилиш доираси, иш бўйича қўшимча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган тушунтиришлар ёритилган.

 

Жиноят ишини судда муҳокама қилиш чоғида ҳал этилиши зарур бўлган масалалар бўйича чиқарилиши мумкин бўлган ажримлар, иш бўйича киритилган илтимосномаларни ҳал этиш ва уни кўриб чиқиш тартиби алоҳида ёритилган.

 

Шунинг баробарида, Пленум қарорида, судлар томонидан эҳтиёт чорасини қўллаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги, паспорт ҳаракатини тўхтатиб туриш тўғрисидаги, айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги, судланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги, мурдани эксгумация қилиш тўғрисидаги, рад этиш тўғрисидаги, жиноят ишини тўхтатиш ёки уни прокурорга ўтказиш тўғрисидаги, бошқа органларга ижро этиш учун юбориладиган ажримлар, шунингдек, хусусий ажримлар алоҳида хонада (маслаҳатхонада), алоҳида ҳужжатлар кўринишида чиқарилишига оид тушунтиришлар ҳам ўрин олган.

 

Қарорда далилларни текширишда суд мажлисига мутахассис ёки экспертни жалб қилиш, шунингдек иш бўйича эксперт хулосасининг ўрнига оид изоҳлар ҳам аниқ ва тушунарли тарзда баён этилган.

 

Гувоҳ суд мажлисига келишдан узрли сабабларсиз бош тортганда, у мажбурий келтирилиши мумкинлиги инобатга олинган ҳолда қарорда узрли сабаб деб тан олинадиган ҳолатлар ҳам батафсил ёритилган.

 

Чунончи, гувоҳ судга келиш имкониятидан маҳрум этувчи касалликка чалинганда; оила аъзоси касалликка чалиниб, уни парваришлашни бошқа бировга топшириш имкони бўлмаганда; чақирув қоғози унга ўз вақтида топширилмаганда; табиий офат оқибатида келишнинг иложи бўлмаганда; гувоҳнинг судга белгиланган муддатда келишига тўсқинлик қилган бошқа объектив сабаблар узрли деб топилиши мумкин.

 

Қарорда судлар томонидан жиноят содир этилишига имкон яратган сабаблар ва шарт-шароитлар аниқланиши ва уни бартараф этишга қаратилган хусусий ажримлар чиқариши лозимлиги, шунингдек суриштирув ёки дастлабки тергов ўтказилиши даврида йўл қўйилган камчиликларни тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборига етказиши лозимлиги назарда тутилган.

 

Қайд этиш лозимки, қарорда иш юритишдаги энг муҳим процессуал ҳужжатлардан бири ҳисобланган суд мажлиси баённомасини юритиш тартиби мустаҳкамланган.

 

Тарафларнинг музокараси ва судланувчининг охирги сўзи, суд терговини янгидан бошлаш тартиби билан боғлиқ тушунтиришлар ҳам қарорда қайд этилган.

 

Айтиш жоизки, 2021 йил 12 январдаги “Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар қиритилди.

 

Хусусан, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни қайта кўриш институти такомиллаштирилиб, илк бор апелляция институти жорий этилди, кассация инстанциясининг предмети ва ваколатлари аниқ белгилаб берилди.

 

Қонундаги бу ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, одил судловдан фойдаланиш борасидаги имкониятлари кенгайишига, суд қарорларини қайта кўриш процесси чўзилишининг олдини олишга, одил судлов самарадорлигини оширишга, шунингдек бу борадаги халқаро тажрибанинг миллий қонунчиликка иплиментация қилинишига хизмат қилади.

 

Ушбу қонунларни амалиётда бир хилда қўллаш Олий суд Пленуми томонидан керакли тушунтиришлар берилишини тақозо этгани боис, Олий суд Пленумининг “Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларини апелляция тартибида кўриш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ва апелляция инстанцияси судида иш юритишга оид қонун нормаларига батафсил тушунтиришлар берилди.

 

Ушбу Пленум қарорида берилган тушунтиришларни шартли равишда тўртта,  хусусан, шикоят бериш, қабул қилиш, кўриб чиқиш ва ҳал этиш каби гуруҳга бўлиш мумкин. Қарорда айнан шу хусусда тегишли тушунтиришлар бериш орқали қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлашга эътибор қаратилган.

 

Ўз навбатида қарорда апелляция тартибида шикоят (протест) бериш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар, бундай ҳуқуқни амалга ошириш тартиби ва муддатлари, мазкур муддатни тиклаш ҳамда апелляция тартибида иш юритиш предмети тўғрисида тушунтиришлар берилган.

 

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-3-моддасида назарда тутилган апелляция шикояти (протести) бериш муддатлари ўтказиб юборилганда, апелляция шикояти (протести) берувчи шахснинг илтимосномасига кўра қарорни чиқарган суд, агар муддатнинг ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ҳақли.

 

Апелляция шикояти (протести)ни қабул қилиш билан боғлиқ тушунтириш ҳам қарорда ўз ифодасини топган. Аниқроқ айтганда, апелляция шикояти (протест)нинг мазмуни бўйича талабларга риоя этилмаганлиги оқибатида, шикоят (протест)га ўзгартириш киритиш, уларни қайтариб олиш тартиби ва муддатлари, шунингдек, апелляция тартибида иш юритишнинг тугатилиши ва унинг оқибатлари тўғрисида тушунтиришлар мавжуд.

 

Қарорда апелляция шикояти (протести)ни суд томонидан кўриб чиқиш масаласи ҳам ўрин олган бўлиб, унда ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш, муайян талаблар бажарилмаган ҳолларда ишни қайта расмийлаштиришга юбориш, процесс иштирокчиларининг суд мажлисидаги иштироки ва процессуал ҳуқуқларини таъминлаш, апелляция инстанцияси судида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш борасидаги тушунтиришлар ўз аксини топган.

 

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни апелляция тартибида кўриб чиқиш учун тайёрлаш босқичида манфаатдор шахслар ҳуқуқини таъминлаш мақсадида апелляция инстанцияси судига ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция шикояти (протести)ни кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилиш мажбурияти юклатилган бўлиб, иш материалларида улар тегишли тарзда хабардор қилинганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлиши лозимлиги, апелляция инстанцияси суди мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор этилган шахсларнинг келмаганлиги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришга монелик қилмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.

 

Қарорда апелляция шикояти (протести)ни ҳал этиш масалалари ҳам ёритилган.

 

Бунда апелляция инстанцияси судининг ваколатлари, уни амалга ошириш тартиби ҳамда қандай ҳужжатлар қабул қилиниши лозимлиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

 

Қарорда биринчи инстанция судлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлигини текширишга оид ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилган.

 

Ҳуқуқбузарнинг ҳаракатларига тўғри ҳуқуқий баҳо бериш, унинг қилмишига яраша адолатли жазо тайинлаш – ҳуқуқбузарни ахлоқан тузатиш, у ва бошқа шахслар томонидан янги ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга эришиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон ҳуқуқлари ва унинг кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини юритишда тарафларнинг қонун ва суд олдида тенглигини таъминлаш, уларнинг ўзаро тортишувларига имконият яратиш масаласини кучайтиришга қаратилган.

 

Бу борада суд – ҳуқуқ соҳасига ҳам тааллуқли бир қатор янги қонунлар қабул қилиниб, баъзи қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Албатта янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий суд Пленумининг амалдаги қарорларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш заруратини келтириб чиқарди.

 

Шу сабабли Олий суд раисининг 2021 йил 6 апрелдаги Фармойишига асосан Олий суд Пленумининг жиноят ишлари бўйича қарорлари хатловдан ўтказилди ҳамда қарор лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

 

Ишчи гуруҳ томонидан Олий суд Пленуми қарорлари янги қабул қилинган қонунларга мувофиқлиги ўрганилиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг жиноят ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Пленум қарори тайёрланди.

 

Қарор асосида Олий суд Пленумининг 47 та қарорига, уларнинг жами 242 та бандига ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек таҳририй тузатишлар киритилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: