ОИЛАВИЙ ТОВЛАМАЧИЛИК ЁШ АЁЛНИНГ ЎЛИМИГА САБАБ БЎЛДИ

Маълумки, ҳаётда оқибатини ўйламай қилинган ҳар қандай иш, яъни ноқонуний хатти-ҳаракат жиддий ташвиш туғдириши, ҳатто аянчли якун топиши ҳеч гап эмас. Аммо кундалик ҳаётимизда бундай воқеаларга тез-тез дуч келсак-да, аксарият ҳолларда лом-мим демай, сукут сақлаймиз.

Миришкор туманида яшовчи Нуриддин Соибназаров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам оғир жиноятларга қўл урдики, бунинг натижасида бир инсон ўз жонига қасд қил­ди. Қолаверса, ота бўл­миш жиноятларига жияни Ҳакимжон Толиповни ҳам шерик қилди. 2 нафар қизи ва куёвлари эса, уларга «беминнат» ёрдам беришди.

Гап шундаки, шу туманда яшовчи Матлуба Жумаева бундан 5 йилча муқаддам якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, Жейнов шаҳарчасида жойлашган, Н. Соибназаровга тегишли бинони ижарага олган ҳолда «Анора» номли гўзаллик салони ҳамда келин либослари дўконини иш­га туширди. Бунинг учун ижара ҳақи сифатида 300 000 сўм тўлайдиган бўлди.

Шундан сўнг Матлуба опа биноийидек фаолият юритиб келаётганди.

Аммо кунлардан бир кун нимадир бўл­дию, гў­заллик салонидан 300 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар ўғирланди. Бинобарин, туман ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Жаъфар Даминов ушбу ҳолат билан шуғуллана бошлади. Ўшанда Жаъфар М. Жумаеванинг турмушидан ажрашган қизи Гулзода Араббоева билан танишиб қолганди. Кейинчалик эса, улар бир-бирларини ёқтириб қолишди.

Охир-оқибат иккаласи кунда-кунора учрашишмаса, туролмайдиган бўлиб қолишди. Айниқса, 2019 йил январь ойида Матлуба Жумаева бетоб бўлиб, гўзаллик салонидаги ишларни Гулзода юрита бошлагач, унинг Жаъфар билан учрашиши учун янада кўпроқ имконият туғилди.

2019 йил 1 апрель ку­ни ҳам худди шундай бўлди. Ж. Даминов аввалига Г. Араббоева билан қўнғироқлашиб, сўнг соат 15.00 лар атрофида гўзаллик салонига кириб келди. Бу маҳал гўзаллик салонида Гулзоданинг ёлғиз ўзи, келин либослари дўконида эса, холаваччаси Шои­ра Мухторова бор эди. Гарчи Шоира Жаъфарнинг келганидан аччиқланса-да, Гулзода йигит билан бемалол чақчақлашиб ўтираверди. Бироқ маълум муддат суҳбатлашишгач, Жаъфар уни бағрига босиб эркалай бошлади. Шунда кутилмаганда, хонага Нуриддин ака қизлари ва куёв­лари ҳамда жияни Ҳакимжон билан бирга бостириб кириб келди.

— Дарров буларни видеога ол, бош­қалар ҳам бир кўриб қўйишсин иккаласи бу ерда нима ишлар билан шуғулланаётганини, — дея буюрди Н. Соибназаров жиянига.

Шунга кўра, Ҳ. Толипов Ж. Даминов ва Г. Араббоевани телефонига видеотасвирга ола бошлади. Ўша маҳал шов­қин-суронни эшитиб, келин либослари дўконидан Шоира ҳам чиқиб келди.

— Нима гап, тинчликми?, — деб сўради у саросимада турган холаваччасидан.

Шу маҳал Н. Соибназаровнинг қи­зи Малоҳат Соибназарова унга ўшқира кетди.

— Сен ҳам унинг шеригисан. Ундан ўтиб, қаерга борардинг, — деди ҳа­қорат қилиб.

Лекин Ш. Мухторова Гулзодани тинч­лантирмоқчи бўлаётгани учун Малоҳат билан ади-бади айтишиб ўтирмади.

Шундан сўнг Нуриддин Соибназаров шарт қўйди:

— Мени бу фуқаро зўрламоқчи бўлди, деб ариза ёзиб берасан, — деди у ав­вал Гулзодага. Кейин эса, Жаъфарга юзланди: — Сиз эса, командир бу­ни тан олиб ёзиб берасиз. Йўқса, олинган видеони тарқатиб юбораман.

Албатта, ўзи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими бўлгани боис Ж. Даминов Н. Соибназаровнинг талаби очиқ-ойдин товламачилик эканлигини яхши биларди. Ам­мо оиласи, ҳамкасб­лари, таниш-билишлари олдида шарманда бўлиши, шунингдек, Г. Араббо­еванинг шаънини ўйлаб, бино соҳибининг талабини бажарди. Ўз навбатида, Гулзода ҳам ота-онаси ва маҳалла-кўй ҳамда Жаъфарнинг оиласи олдида шарманда бўлишдан қўрқиб, Нуриддин ака айтганидек қилиб тилхат ёзиб берди. Ҳатто Н. Соибназаров Шои­­рани ҳам қўрқитиб, ундан «Жаъфар Гулзодани зўр­лаганини кўрдим», деган мазмунда тилхат ёздириб ол­ди. Бироқ у бу билан ки­фоя­ланмади. Яъни Ж. Даминовга яна шарт қўйди:

— Сиз ҳам танийсиз, Отабек Тошевнинг мендан ўн миллион сўм қарзи бор. Шуни ундириб берасиз. Йўқса, видеотасвирни бошлиғингизга топшираман. Ҳам шарманда бўласиз, ҳам ишдан ҳайдаласиз.

— Сен эса, — Г. Араббоевага қараб сўзида давом эди Нуриддин Соибназаров. — Энди юз доллардан ижара ҳақи тў­лайсан.

У шундай деб Гулзода, Жаъфар ва Шоирадан тилхат ёздириб олгач, ҳу­дуд профилактика инспекторини ча­қиртирди.

— Кўриб қўйинг ҳамкасбингизни, уни мана бу қиз билан ушлаб олдик, — деди бироздан кейин етиб келган профилактика инспектори Элмурод Қодиралиевга Гулзодани кўрсатиб.

Бу гапни эшитиб, Э. Қодиралиев ҳайрон бўлди.

— Сен яхши қиз эдинг-ку, нима қилиб қўйдинг?, — деб сўради инспектор Г. Араббоевадан ҳолатга янада ойдинлик киритиш учун.

Лекин қўрқ­қанидан ҳанузгача ўзига келолмаган қиз лом-мим деёлмади. Бинобарин, профилактика инспектори Н. Соиб­назаровга савол билан юзланди:

— Сиз нега тилхат ёздириб олдингиз?

Бунга жавобан Нуриддин ака тилхатларни ўзида сақлаш учун олганини айтди, холос. Шунинг учун Э. Қодиралиев унинг асл мақсадини сезиб, воқеа юзасидан қонуний йўл тутди. Яъни у 2019 йил 2 апрель куни ушбу ҳо­лат хусусида туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари О. Қаюмовга хабар берди. Натижада бошлиқ ўринбосари Н. Соибназаров ва воқеанинг барча иштирокчиларини ИИБга чақиртирди. Аммо хижолату шармандаликдан қўрққан Гулзода бўлимга боролмади. Аксинча, Жаъфар билан учрашиб, унга ялиниб-ёлворди:

— Мени бирор жойга олиб кетинг. Бўлмаса, ўзимни бир нима қилиб қўя­ман, — деди ўз жонига қасд қилишга шаъма билан.

— Йўқ, ундай қилма. Мен сенга уйланмоқчиман, ахир, — дея уни тинчлантирди Ж. Даминов. Аммо…

Аммо эртаси куни Г. Араббоева гўзаллик салонининг темир панжарасига осилган ҳолда топилди. Оқибатда Нуриддин Соибназаров ва Ҳакимжон Толиповларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари би­лан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Касби туман суди эса, Н. Соибназаровни Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми «а»-банди, 141-1-моддаси 2-қис­ми “а”, “б”-банд­лари, 165-моддаси 1-қис­ми, Ҳ. Толиповни кодекснинг 141-1-моддаси 2-қисми «а»-банди билан айбдор деб топиб, Н. Соибназаровга озодликдан маҳрум қи­лиш, Ҳ. Толиповга озод­ликни чеклаш жазосини тайинлади. Шу­нинг­дек, суд ҳукмига биноан, Ҳ. Толипов томонидан гаров эвазига топширилган 5 миллион сўм жабрланувчининг ота-онасига маънавий зарарни қоплаш учун ундирилди.

Албатта, бу ҳаётда ўзганинг шахсий ҳаётига аралашишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Буни қарангки, тергов жараёнида Жаъфар Даминовнинг уяли телефони хотираси текширилганда унинг Г. Араббоева билан ёзилган турли ишқий номалар, шу билан бирга, муқаддам бошқа аёлларга ҳам кўз олайтиргани ўз тасдиғини топди. Бинобарин, суд мажлисига қадар у ички ишлар органлари сафидан хизматдан бўшатилган. Шунга қарамай, суд келгусида ана шундай салбий ҳолатлар такрорланмаслигини таъминлаш мақсадида туман ИИБ бошлиғи номига тақдимнома киритди.

Хулоса қилиб айтганда, халқимизда «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир», деган пурмаъно ҳикмат бежизга қўлланилмайди. Калта фикрлаш, бировнинг шахсий ҳаётига дахл қилишга қаратилган «ўйин»дан ўт чиққани бошқа шунга ўхшаш ҳаётга енгил қарайдиган тоифадаги кимсаларга сабоқ бўлмоғи керак. Ушбу мақолада жиноий кирдикорлик тафсилотларига бафуржа тўхталишимизнинг боиси ҳам шундадир.

 

 

Маҳфират ОЧИЛОВА,

жиноят ишлари бўйича

Касби тумани судининг раиси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: