ОИЛАВИЙ НИЗОЛАРИНИ ҲАЛ ҚИЛИШ: ЯРАШТИРУВ ТАРТИБ ТАОМИЛЛАРИНИ КЕНГ ҚЎЛЛАШНИНГ АҲАМИЯТИ

Маълумки, амалдаги қонунларда низоларнинг вужудга келишини камайтириш, уларнинг олдини олиш, вужудга келиш сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш, судга қадар ҳал қилиш чораларини кўриш, судга тегишлилик ва судловлилик зарурати сезилса, судларда қонуний тартиб-таомилларга асосан ҳал қилиш тартиби ва усуллари белгиланган.

 

Бироқ низоларни судга қадар ҳал қилиш, шунингдек, низолар суд жараёнида кўрилаётганда ҳам яраштирув тартиб-таомилларини қўллаш энг мақбул ва самарали усул саналади. Чунки низолар, келишмовчилик ва зиддиятларни муроса орқали бартараф этиш шахс, оила, маҳалла, жамият, давлат, муайян орган ёки ташкилот учун жуда фойдалидир.

 

Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида низоларни ҳал қилишда яраштирув институтининг ўрни тобора кенгайиб бормоқда. Аниқроқ айтганда, тараққий этган давлатларда медиация соҳасини тартибга солувчи махсус қонунлар қа­бул қилинаётгани ҳамда кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилаётгани бунинг исботидир.

 

АҚШ, Буюк Британия, Авст­рия, Финляндия каби хорижий мамлакатлар қонунчилиги ва амалиётида фуқаролик низоларини ҳал этишда медиатив келишувнинг икки босқичи мавжуд. Уларнинг бири консилиатор, иккинчиси медиатор деб аталади. Консилиатор фақат ишни ҳал қилиш бўйича муайян маслаҳат (йўналиш) лар беради. Медиатор тарафлар билан юзма-юз кўришиб, суҳбат, тренинглар ўтказади, муаммони ҳал қилишга кўмаклашади. Масалан, АҚШ ва Буюк Британияда оилавий низоларни ҳал қилиш, тарафларни келиштиришда медиация кенг қўлланилади.

 

Медиацияни қўллаш жараёни махфийлик, ихтиёрийлик, тарафларнинг ҳамкорлиги ва тенг ҳуқуқлилиги, медиаторнинг мустақиллиги ва холислиги тамойиллари асосида амалга оширилади. Уларнинг ичида энг диққатга сазоворлари ихтиёрийлик ва махфийлик оилавий низоларни ҳал қилишда муҳим аҳа­мият касб этади. Чунки ихтиёрийлик тамойили асосидаги медиация тарафларнинг уни қўллаш тўғрисидаги келишувда ифодаланган ўзаро ихтиёрий хоҳиш-истаги бўл­ган тақдирда қўлланилиши ўз ифодасини топган. Медиация тарафлари медиацияни қўллашдан унинг исталган босқичида воз кечишга ҳақли. Тарафлар ўзаро мақбул келишувни муҳокама қилиш учун масалаларни танлашда эркиндир. Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш вақтида ярашишга мажбурлаш тақиқланади.

 

Шу билан бирга ихтиёрий медиаторни танлаш, медиатордан воз кечиш, медиация хизматидан воз кечиш медиацияга мурожаат қилишга шароит яратади, аммо такрорий медиа­ция­га рухсат этилмайди.

 

Махфийлик тамойилига мувофиқ, медиация иштирокчилари медиация жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни уларни тақдим этган медиация тарафи, унинг ҳуқуқий вориси ёки вакилининг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмас. Медиация иштирокчилари ўзларига медиация жараёнида маълум бўлиб қолган ҳолатлар ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши, шу­нинг­дек, улардан медиацияга тааллуқли ахборотни талаб қилиб олиш мумкин эмас (бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно). Медиациянинг бундай тартиби тарафлар сирини сақлаш, муддаолар ташқарига чиқмаслигини таъминлашга кафолат беради.

 

Медиация хизмати (медиатор)нинг мустақил ва холис бўлиши медиациянинг ишончли кафолатларидан бири саналади ва бу тарафларнинг эркинлиги ва  ишончига асос бўлади.

 

Голландия, Бельгия, Швеция, Молдова каби хорижий давлатлар қонунчилик амалиёти ҳамда тажрибасида медиациянинг мажбурийлиги ва муайян ишлар бўйича чегаралангани, жумладан, болани олиб бериш, бола билан учрашув белгилаш, ер участкасини бўлиш, етказилган зарарни ундириш ва бошқа ишларга татбиқ этилади. Ушбу давлатларда давлат ижрочиси (суд пристави) йўналиш берса, судда мутахассис (психология, конфликтология) маслаҳати эътиборга олинади.

 

АҚШ, Канада, Буюк Британия, Австрия, Норвегия каби давлатлар қонунчилигида медиацияга мурожаат қилишнинг икки шакли амал қилади.

 

Биринчисида судьянинг ўзи медиаторга мурожаат қилиш ҳуқуқини тарафларга тушунтирса, иккинчисида тарафларнинг ўзи турли маълумотлар, хабарлар, интернет-сайтлар орқали танишиб олади.

 

Кўпгина хорижий мамлакатларда оилавий низоларни ҳал қилишда оилавий медиация зарурий босқич сифатида эъ­тироф этилган. Чунки ҳар бир инсон бетоб бўлганда тиббий муолажа олгани каби низолар келиб чиққанда медиациядан фойдаланишга ҳақли. Масалан, 15 йил бирга яшаган оила ажрашиб кетиш арафасида, ўртада турли ёшдаги уч нафар фарзанди бор. Перу давлати қонунчилигида бундай ҳолатда суд масалани ҳал қилмасдан олдин медиатор тайинлаши шарт. Медиатор камида олти ойга қадар тарафлар билан алоҳида – алоҳида, биргаликда, фарзандлари билан алоҳида ёки биргаликда жуда кўп процессуал-ҳуқуқий, маънавий-тарбиявий, психологик суҳбатлар ўтказади ва натижаси бўйича судга хулоса беради.

 

АҚШ, Австрия, Буюк Британия ва Финляндияда икки турдаги медиация фаолият юритади. «Ко-медиатор» усулида тиббиёт ходими — психолог, психотерапевт, «со-медиатор»да ҳуқуқшунос-адвокат ва нотариус иштирок этади. Улар алоҳида ёки биргаликда ишлаши мумкин. Умуман, хорижий давлатлар тажрибасида амал қилаётган оилавий медиацияда никоҳ муносабатларига тугалланиши ҳам мумкин бўлган, ота-оналик муносабатларига бир умр давом этувчи жараён сифатида қаралади.

 

Масалан, Дания, Ирландия қонунчилигида оилавий ажримлар бўйича бепул маслаҳат берилади. Бундай медиация тартиб-таомиллари мактаб, коллеж ва лицейларда ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этишда ҳам кенг қўлланилмоқда.

 

Оилавий низоларни ҳал қилишда медиация тартиб-таомилларини қўллаш борасида медиатор қуйидагиларга эътибор қаратилади:

 

– низони вужудга келтирувчи бош сабабни топиш;

 

– тарафларни иш бўйича бир қарорга келтириш;

 

– тарафлар билан «уларнинг тилида» гаплашиш, ҳамфикр бўла олиш;

 

– икки ва тўрт соат мобайнида норасмий (дўстона, ишчи тартибда) суҳбатлар ўтказиш;

 

– оқибатни (исталган босқичда медиатордан воз кечиш ва медиация хизматидан воз кечиш) англаган ҳолда таваккалчиликка йўл қўйиш ва ишончни йўқотмаслик;

 

– тарафларга медиатив келишув оқибатларини тушунтириш ва бошқалар.

 

Медиацияни мулоқот, музокара, мунозара, суҳбат, тушунтириш, ишонтириш, эшитиш, таҳлил қилиш, таъсир этиш, ечим бериш, келиштириш ка­би шаклларда қўллаш мумкин.

 

Оилавий низолар бўйича медиатив чораларни қўллашда медиатор қуйидаги тамо­йилларга амал қилиши зарур:

 

– оила субъектлари (яқин қариндошлар) ўртасида вужудга келадиган муносабатларга салбий таъсир кўрсатмаслик;

 

– оила муқаддаслигини таъминлайдиган тадбирий чоралар қўлланилишига эришиш;

 

– оилавий, шахсий, ҳуқуқий, психологик, маънавий, ахлоқий, эстетик, миллий одат ва анъаналар, юксак қадриятларга ҳурмат кўрсатиш;

 

– муаммони болалар манфаатлари устуворлиги асосида ҳал қилиш.

 

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, фуқаролик низоларини ҳал этиш бўйича хорижий давлатларда қўлланилаётган усуллари орқали медиация тинч йўл билан низони бартараф этишга эришилади. Энг муҳими, медиация ўзаро розилик ва ихтиёрийлик асосида бошланади. Ундан исталган вақтда чиқиб кетиш ва заруратга кўра, уни яна тиклаш мумкин. Ўзаро келишув асосида танлаш имкониятининг мавжудлиги ҳамда маълумотларнинг махфий сақланишига кафолат берилиши, медиацияга мурожжат қилиниши кейинчалик судга мурожаат қилишни чекламаслиги ҳам бу усулнинг афзалликлари ҳи­собланади.

 

Хорижий давлатлар қонунчилиги ва амалиётида ўзини оқлаётган бундай тартиб-таомилларини миллий қонунчилигимизда ҳам қўллаш фойдадан ҳоли эмас. Зеро, низоларни ҳал қилишнинг бундай самарали усуллар амалиётда қулайлик яратиши баробарида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшади.

 

 

Замира ЭСОНОВА

Тошкент давлат юридик

университети профессори

 

 

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: